19:40 / 10.04.2019
22133

Тилшунос профессор билан интервью: тил миллатнинг кўзгусидир

«Буюк Келажак» гуруӽи эксперти, Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университети профессори, амалий тилшунослик фани доктори Азамат Акбаров ўз интервьюсида Ўзбекистонда илм-фанга муносабат, таълим тизими муаммолари ва тилшуносликка эътибор аҳамияти ҳақида сўзлади.

Тилшунос сифатида тилнинг миллат, давлат ва жамиятга таъсирини қандай тавсифлаган бўлардингиз?

— Тил бу маданий ҳодисадир; шунинг учун ҳар мамлакатнинг мероси унинг тилига боғлиқ. Маълумки, бугунги инглиз тили халқаро мулоқот тили ҳисобланади, у ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига кириб борган ва сиёсий ҳамда иқтисодий масалаларни ҳал этишни осонлаштиради, десак адашмаган бўламиз. Бироқ тилшунос сифатида ўйлашимча, ҳар бир мамлакат ўз тилини сақлаб қолишга ҳаракат қилиши керак, чунки айнан тил уни ўзига хос қилади ва бошқа мамлакатлардан ажратиб туради. Биз кўп тилли дунёни сақлаб қолишни истар эдик, чунки ҳар бир тилни ўрганишимиз билан биз янги билимларга эга бўламиз, Гёте шундай деган: «Инсон нечта тил билса, у шунча марта одамдир». Бошқа тарафдан эса бугунги кунда дунё аҳолисининг катта қисми сўзлашадиган инглиз тилини билишга етарлича баҳо бермаслик ҳам тўғри эмас, чунки у иқтисодиётнинг ривожланишига ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида миллат, мамлакат ва умуман жамият ривожланишига ёрдам кўрсатади. Инсон, энг аввало, мулоқот қилувчи зотдир, шу боис, фикримча миллатларнинг тилини унутмаслик зарур, бироқ ривожланишимиз ва комил бўлишимиз учун бир-биримизни тушуниш қобилиятига эга бўлишимиз шарт. Бутун тарих давомида мамлакатлар кўпгина масалаларни ечиш учун бир-бирига эҳтиёж сезган ва умумий тил уларнинг ўзаро мулоқотини амалга ошириш имконини берган.

Тилнинг миллат, давлат, жамият тараққиётидаги ўрни жуда муҳим, ўта зарурий ва долзарб деб изоҳлаган бўлар эдим. Зеро, бу тушунчалар ўзаро диалектик боғлиқ ва ўзаро алоқадор тушунчалардир. Миллат, давлат, жамият тараққий қилар экан, унинг тили ва тилшунослиги тараққий қилиб боради. Давлат, жамиятдаги ўзгаришлар биринчи навбатда тилда, хусусан, унинг лексикасида – луғат бойлигида ўз аксини топади. Модомики, тил ижтимоий характерга эга экан, ижтимоий ҳаётдаги тараққиёт тилдаги тараққиётни белгилаб беради. Ва ўз навбатида тил ва тилшуносликнинг тараққиёти жамият, давлат тараққиётига ўз таъсирини кўрсатади... Бунинг исботини бугунги кундаги дунё манзарасидан топиш мумкин – қайси мамлакатда – жамиятда тинчлик, фаровонлик ҳукм сураётган бўлса, шу ерда тил ва тилшунослик тараққий қиляпти ва бунинг акси бўлган мамлакатларда тил ва тилшунослик ривожи ҳақида фикр юритиш амримаҳол.

Қолаверса, тил, аввало, миллатни миллат қилувчи восита, у миллатнинг кўзгусидир. Зеро, тилимизда бизнинг қиёфамиз, маънавиятимиз акс этади, тил миллат вакилининг  маънавиятини намоён қилади. Мустақиллик даврининг энг улуғ имконият ва неъматларидан бири бу ўзбек тилининг ўз ерида обрў, эътибор топиши, Давлат тили мақомини олишидир. Бугунги кунда ўзбек тили миллий мафкурамизнинг таркибий қисмларидан ва мустақиллигимизнинг бош белгиларидан бири бўлиб қолмоқда.

— Бир эмас, бир неча чет тилларини мукаммал биласиз. Бу туғма қобилиятми ёки машаққатли меҳнат маҳсули? Тил ўрганувчиларга қандай маслаҳатлар бера оласиз?

— Чет тилини ўрганиш «яхши таассурот қолдирадиган» таржимаи ҳолга эга бўлиш ёки саёҳат қилишда қўл келадиган воситадан ҳам жиддийроқ аҳамиятга эга. У сизни ақллироқ, тез қарорга келувчи инсонга айлантиради ва ҳатто суҳбат олиб бориш қобилиятингизни оширади. Психологик тадқиқотлар ҳам икки ва ундан ортиқ тилда сўзлашиш афзалликларини намоён этмоқда. Икки тилни биладиган одамнинг мияси бир тилда сўзлашадиган одамникидан бошқача ишлайди. Француз тили мен ўрта мактабда ўрганган дастлабки чет тили бўлди, ва 9-синфга келиб инглиз тилини ўрганишни бошладим. Мен дарс вақтининг энг камида олти соатини суҳбатлашиш, интервью олиш методларини ўрганиш, ўқиш ва тақдимотлар тайёрлаш билан ўтказар эдим. Ҳар куни турли китобларни ўқирдим. Баъзан киши хаёлини бутун олам унга қарши фитна уюштирган ва чет тилини ўрганиш сенинг пешонангга ёзилмаган деган фикр қамраб олади. Умидсизликлар вақт ўтган сари йўқолади, муҳими, тил ўрганишга бўлган хоҳишни  йўқотмасдан ўрганишда давом этиш зарур. Чет тилини муваффақиятли ўрганганлар ҳам бундай ўй-хаёллар билан курашади — чунки шахсан ўзим бир кўп тилларни ўрганиш жараёнида буни бошдан кечирганман. Мен ҳар куни бирор ишни бажаришни қоида қилиб олгандим. Ўрганишни бошлаган вақтдан муттасил сўзлашиш жуда муҳим ва шунинг учун мен нисбатан қисқа муддат ичида бошқа тилда бенуқсон сўзлашиш даражасига етдим. Бошқа тилни ўрганишни бошлашдан олдин, ундан олдинги тилда юқори даражага эришишга ҳаракат қилдим — шу тарзда мен шунчалик кўп тилларни ўрганишга муваффақ бўлдим. Афсуски, бугунги кунда қўлланаётган баъзи тил ўргатиш методлари талабаларнинг вақти ва пулини беҳуда сарфлайдиган машғулотлар, холос. Тил ўқитувчилари чет тилини ўргатишда адабиётни ўқиш ва грамматик қоидаларни батафсил таҳлил қилишга эмас, балки кўпроқ суҳбатлашиш кўникма ва малакаларига алоҳида эътибор беришларини хоҳлар эдим. Бундай дарсларда ўқиш ва ёзишга асосий эътибор қаратилади, сўзлашув ва тинглаб тушунишга жуда кам ёки умуман изчил эътибор берилмайди.

— Бугунги кунда тахминан 6000га яқин тил бўлиб, фақатгина 100га яқини адабий ва миллий тил мақомига эга. Сизнинг фикрингизча, адабий тил статусига эга тиллар қандай имтиёзларга эга?

— Адабий тил бу тилнинг энг мақбул ва соф версияси ҳисобланади. Одатда, бу тил аҳолининг асосий қисми сўзлашадиган тил эмас, чунки одамлар доимо унинг турли кўринишларини кашф қилишади, бироқ адабий тилнинг устунлиги шундаки, у ҳужжатлаштиради, бошқача қилиб айтганда, шева бир авлод тарафидан қўлланилиб бошқа авлод тарафидан унутилганда, адабий тил сақланиб қолади. Тил шевалари маҳаллий аҳоли гуруҳларига хос бўлиб, ёзма шаклда сақланмасдан оғзаки равишда ўтиб боради.

Бугун ер юзида олти мингга яқин тил ва лаҳжа бўлса, улардан бор-йўғи юзга яқини давлат тили мақомига эга. Улар орасида ўзбек тили ҳам борлиги бизнинг бахтимиз, фахримиздир.  1989 йил 21 октябрда, яъни ҳали собиқ тузум мавжуд бир пайтда «Давлат тили тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ўзлигимизни англаш йўлидаги улкан жасорат бўлган эди. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тилининг давлат тили сифатида ҳуқуқий мақоми аниқ белгилаб берилди. Шу тариқа, ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилганига 30йил тўлди, афсуски ўзбек тили ҳали ҳам ҳар томонлама тараққий қилолмади, давр ва технология талабига монанд равишда тўла ривожлана олмади. 21 асрнинг ўзгаришларини ёритиш, таҳлил қилиш талабига кўра ўзбек тилшунослиги фани доимо ўзгаришда, ривожланишда бўлиши керак эди, лекин буни қай даражада бажара олди? Зеро, барча даврлар мобайнида ўзбек тилшунослигининг асосий вазифаси адабий тилнинг шаклланиш, ривожланиш ва такомиллашиш йўлларини, бунда амал қиладиган қонуниятлар, сабаб ва имкониятларни таҳлил ва тадқиқ қилишдан иборат бўлиши керак эди.

Қарангки, дунё халқлари тарихини, айниқса, 20 асрдаги, кузатар эканмиз, не ажабки, уларнинг кўпчилиги ўз миллий мустақиллиги учун курашни ўз она тилига давлат тили мақомини бериш учун курашишдан бошлашган. Хусусан, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш каби Англиянинг, Африкадаги Франциянинг, Америкадаги Испаниянинг мустамлакалари бўлган давлатларда мустақиллик йўлидаги дастлабки кураш айнан ўз она тилига давлат тили мақоми бериш учун курашлардан бошланган. Аммо, афсуски,  уларнинг барчаси ҳам ҳали-ҳануз ўз ниятига эришган эмас. Ҳозиргача ҳам айрим давлатларда инглиз, испан, француз ва португал тиллари давлат тили ҳисобланади.   

— Бугунги кунда кўпгина ёшларнинг чет тилларни ўрганиши нормал ҳодиса ҳисобланади, ўзбек тилини ўрганаётган чет элликларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?

— Ўзбек тили оддий тил эмас, у агглютинатив тиллардан бири бўлиб хушмуомалаликнинг турли шаклларига эгадир. Бу тил бошқа тилларда мавжуд бўлмаган грамматик элементларга эгадир. Шунинг учун ушбу тилни ўрганаётганлар турли қийинчиликларга дуч келишлари мумкин. Чунки, уни ўзлаштириш асносида улар нутқнинг бутунлай янги қирралари билан тўқнаш келишади. Бироқ бу билан улар умидсизликка тушмаслиги зарур, ҳар қандай тилни ўрганиш мумкин ва ўзбек тилини ўрганиш янги ҳамда қизиқарли маданият билан танишишни, бой лексикани ўрганишни билдиради. Аввалги фикримга қайтиб, шуни айтишим керакки, ўрганаётган тилда суҳбатлашиш уни ўзлаштиришнинг энг яхши усулидир, мен ўзбек тилини ўрганаётган чет элликларга Ўзбекистонга келишни таклиф қилган бўлардим, бу ерда улар табиий гўзалликларини кўриб, ажойиб маданиятлардан бири билан танишиш ва унинг хушмуомала халқи билан танишишлари мумкин. Буларнинг барчаси тилни ўрганиш учун муҳимдир.

Сўнги 2 йил ичида Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий ва сиёсий алоқалари тобора кенгайиб бормоқда. Юртимиздаги инвестиция учун яратилган қулай шароитлар сабабли тадбиркорлар, банкирлар, дунё сайёҳлари учун энг қизиқарли мамлакатлардан бирига айланиб бормоқда. Мана яқинда интернетда нуфузли социологик тадқиқот марказларининг хулосалари асосида дунёнинг бориб кўриш зарур бўлган энг жозибали 50та шаҳари эълон қилинди. Бу рўйхатда Самарқанд шаҳри энг олдинги ўринларда турибди. Шунга кўра, дунё халқлари орасида ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж ва эътибор ортиши мумкин. Япония, Хитой, Корея ёшларининг ўзбек тилига бўлган қизиқишлари ва имкониятлари кучли, улар соф ўзбек тилида нутқ тузиш имкониятига эга. Гарчи АҚШ ва Европа ёшлари, славян халқлари вакиллари ўзбек тилига хос бўлган специфик товушларни тўлиқ ва тўғри талаффуз қила олмасалар-да, уларда ҳам ўзбек тилини ўрганишга эҳтиёж кучли. Уларнинг кўпчилиги Ўзбекистонга келиб таълим олиши мумкин, лекин бунинг учун Ӯзбекистонда олий таълимни ривожлантиришимиз керак.  Шунингдек, 10дан ортиқ - АҚШ, Корея, Хитой, Япония, Туркия, Украина, Россия, Озарбойжон каби хорижий университетларда ҳам ўзбек тили фан сифатида «Шарқ тиллари» кафедрасидаги фанлар сирасида ўқитилади. Ўзбек олимлар бу таълим масканлари билан ҳамкорлик қилиб, ўзбек тили бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларини ёзишни бошлашлари керак.

— Чет тилини ўрганишда қандай ёндашувларни таклиф қилган бўлардингиз?

— Мен бевосита тил ўргатиш усули билан биргаликда чет тилини коммуникатив ўрганиш усулини таклиф қилган бўлардим. Ушбу икки ёндашув асосан ўрганилаётган тилда сўзлашишни назарда тутади, бу, фикримча, чет тилини ўзлаштиришда асосий аҳамиятга эга. Грамматикани ўрганиш муҳимдир, бироқ ўрганувчи бутун грамматикасини билиши лекин сўзлай олмаслиги мумкин, шунинг учун мен ушбу икки назария тарафдориман, чунки улар ўрганаётган тилни синфда ўрганишга кўмаклашади. Синфдаги ўтказилган кўпгина дарслар кузатуви жарёнида шу нарса аниқландики, ўқувчилар қониқишини намоён қилганлар, чунки улар чет тилида сўзлашиш қобилиятини ўзида ҳис қилганлар. Албатта, бу нарса бошида қийин иш, бироқ қунт билан меҳнат қилиш ўз мевасини бериши аниқ. Шундай қилиб, сиз чет тилини синфда ўрганасизми ёки унинг ташқарисидами, ушбу икки ёндашув энг яхши натижаларга олиб керади.

— Ўзгаришлар жадал суръатлар билан амалга ошаётган дунёда яшашимизни ҳисобга олсак, таълимнинг қайси турини тавсия қилган бўлардингиз?

— Муқобил мактаблар ва уйдаги таълим талабаларнинг ўзини ўзи ривожлантиришга кўмак кўрсатади ва ўқувчига йўналтирилган ҳисобланади. Улар ўрганувчиларга оламни ўрганиш учун етарлича жой тақдим қилади, яъни улар қизиққан нарсасини истаганча ўрганишлари мумкин. Бироқ бундай таълимнниг айрим камчиликлари мавжуд. Уйда ўрганиш ўқувчини жамиятдан ажратиб қўяди ва келгусида унинг ҳаётида ижтимоий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Муқобил мамлакатлар ўқувчиларга танловда шундай кенгликлар яратиши мумкинки, улар таълимнинг асосий жойларини ўтказиб юборишлари мумкин. Технологиялар тез суръатлар билан ривожламоқда ва бу таълимга катта таъсир кўрсатмоқда. Масофали таълим, ИКТ воситаларидан фойдаланиш, бугунги кунда дафтар ва китобларнинг ўрнини босаётган баъзи элементлар ҳисобланиб бугунги кунда таълим жараёнида фойдаланиб келинмоқда. Бошқа тарафдан шундай мактаблар борки, улар таълим учун бошқа муҳитни таклиф қилади ва мақсадларни кўзлайди. Мен бир таълим шакли бошқасидан яхшироқ дея олмайман, чунки уларнинг ҳаммаси агар тўғри ва оқилона қўлланилса, фойда келтириши мумкин. Технологияларни суиистеъмол қилиш мумкин эмас, талабалар ўзларига қизиқарли масалаларда қарорлар қабул қилишда иштирок этишлари керак, таълим рағбатлантирилиши лозим, тўлиқ шахс сифатида шаклланиш учун амалий билимларга эга бўлишлари лозим.  

— Фикрингизча, бугунги кунда олимлар тилнинг қайси бўлимини тадқиқ қилишлари керак?

— Тилнинг барча тамойиллари бир хилдек муҳимдир ва уларнинг ҳаммаси ўрганилиши шарт, чунки ҳеч бир тил тўлиқ ўрганиб чиқилмаган ва унда доимо қандайдир янги қирраси чиқади ва у очилиши керак. Мен айниқса тилни ўзлаштириш ва тоифалаштиришда когнитив тамойилларни ўрганишга қизиқаман. Фикримча, мия ва унинг тил билан боғлиқлиги яқин бир неча йиллардаги тадқиқотнинг асосий объектига айланади, чунки бугунги кунга қадар қилинган кашфиётлар ажабтовур ҳисобланган. Шунингдек, янги ва охиргача ўрганилмаган соҳалардан бири бу нейролингвистика ҳисобланади. Мия сирли бир нарса ҳисобланади ва агар уни тил билан кўриб чиқадиган бўлсак ҳали жавоби топилмаган кўпгина саволлар туғилади. Шунинг учун тилшунос олимлар тилни қандай идрок этишимиз, қандай суҳбатлашишимиз, грамматикани қандай ўрганишимизни тадқиқ қилишлари керак. Технологияларнинг ривожланиши билан яқин йилларда ушбу ҳодисаларнинг моҳиятини чуқур билиб олсак, ажаб эмас. Бугунги кунда барча тилшунослар шу нарсада якдилки, одамлар сўзлашадиган тилни билиш бу абстракт предметни билишдир. Бундай билим конкрет товушлар, сўзлар ва жумлаларни билишдан кўра овоз чиқариб айтишнинг ва товушлар кўлланилишининг қоидаларини, йўлларини ва усулларини билиш ҳисобланади. Бу тилга нима тегишли ва нима тегишли эмаслигини билишдир, нимани айтса бўлади ва нимани айтса бўлмасликни билишдир. Бу аввал эшитмаган жумлаларни қандай тушунишимизни тушунтириб беради ва бошқалар грамматик жиҳатдан нотўғри эканликларини рад қилишни кўрсатади. Одамлар орасида бир тилда мулоқот қилиш қачон мумкин, қачонки улар ушбу тилни ўзаро тушунишса; бироқ ушбу тил улар тарафидан қандай тушунилиши, қандай ўзлаштирилишини тушуниш мураккаб масаладир. Албатта, бу ерда психологик, ижтимоий ва генетик омиллар муҳим ўрин эгаллайди. Тил умумий фойдаланиш предмети ҳисобланади ва бир вақтнинг ўзида абстракт моҳиятга эга. Алоҳида одамлар доимо тилдан фойдалана оладилар ва уни тўғри фойдаланиш орқали намоён қила оладилар. Кўриб турганимиздек, «тўғри қўллаш» концепциясига жуда кенг қамровли кўникма ва ҳаракатлар киради.

— Фикрингизча, тилнинг қайси жиҳати ўрганилиши керак – назарийми ёки амалий?

— Амалиёт назариясиз аҳамиятга эга эмас, назария эса амалиётсиз абстракт бўлиб қолади. Ушбу жиҳатнинг иккаласи ҳам муҳим ҳисобланади. Тадқиқот марказида тилнинг мияда шаклланиши ва тоифаланиши бўлиши керак. Технологиялар ривожланиши билан тил ўзлаштирилишининг амалий жараёнини мияда нима юз бераётганини ўрганиш имкони туғилади. Шунингдек, тил ўрганиш табиатига нисбатан ва унинг сўзлашувчилар билан боғлиқлигига нисбатан қатор саволлар туғилади. Бироқ тил соҳаси улкан ва асосий қисми ўрганилмаган ҳисобланади, шунинг учун ҳар бир кашфиёт тил тадқиқоти соҳасига қўшилган улкан ҳисса бўлади.

— Бошқа мамлакатларнинг ҳам таълим тизимини пухта билган мутахассис, эксперт сифатида айтингчи, Ўзбекистон таълим тизимининг ютуқ ва камчиликлари нималардан иборат?

— Олий таълим сиёсати умр бўйи таълим олишнинг калитидир ва бу фикр кўплаб мамлакатларда ёши катта аҳоли сонини тобора ошаётган шароитда алоҳида аҳамият касб этади. Тинмай ривожланиб бораётган глобал иқтисодиёт шароитида иқтисодий рақобатни илгари суриш асосий омиллардан биридир. У ижтимоий якдиллик ва фаровонликка олиб келади. Дунё мамлакатларида олий таълим муассасалари глобал рақобатга дош берадиган кўникма ва малакалар тадқиқотлар асосини олиб бориш ва жамият фойдаси учун билимлар беришини такомиллаштириш зарурати кундан-кунга ошиб бормоқда. Сўнгги икки йил ичида Ўзбекистон олий таълим тизимида улкан ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Шундай бўлса-да, ҳали ўзбекистонликларга меҳнат бозорига керакли касб кўникмаларини ўргатиш ҳамда тадқиқотлар ва инновациялар орқали иқтисодий ривожланишга ёрдам бериш борасида бажарилиши лозим бўлган ишлар кўп. Кейинги икки йил ичида олий таълим тизимида мамлакат иқтисодининг бошқа соҳаларига мос равишда бир қатор ўзгаришлар содир бўлди. Ўқитиш дастурлари қайта кўриб чиқилиши, уларга ўзгараётган меҳнат бозори шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши лозим. Бундан ташқари, янги таълим ресурслари, асосан дарслик китоблар ўзбек тилига таржима қилиниб, эски адабиётларнинг ўрнига жорий қилиниши лозим.

— Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълимни интернационализациялаштиришни устувор вазифа қилиб белгилаши лозим. Университетларга узоқ муддатга мўжалланган лойиҳаларни ишлаб чиқишда автоном мустақиллик берилиши лозим, чет эллардан мутахассисларни таклиф қилиш учун вазирликдан рухсат олиш учун ёки халқаро конференция ташкил қилиш учун ойлаб кутиб туриш кераклигини бир тасаввур қилиб кўринг. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бир қатор иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар бошлаши эвазига Ўзбекистон дунёга ўз эшикларини очаётган бир вақтда бунақа ҳолатлар бўлмаслиги лозим деб ўйлайман. Биз миллий таълим дастурларимизнинг халқаро ҳамжамият томонидан тан олиниши, дунё бўйлаб сифатли таълим олиш имкониятини ошириш, миллий таълим тизими сифатини янада яхшилаш ҳамда кредит тўплашга асосланган тизимни барпо қилиш ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари битирувчилари дипломига Европа Иттифоқи қўшимча сертификати қўшиб бериш йўли билан талаба ва ўқитувчиларнинг таълим мобиллигини оширишга эришишимиз лозим. Биз сифатли таълим олиш имкониятларини пайдо қилиб инсон капиталини ривожлантириш йўли билан таълимнинг рақобатбардошлигига эътибор бериб, уни кучайтиришимиз лозим; акс ҳолда университетлар сифатга эътибор бермасдан субсидия ёрдамини олаверадилар.  

— XXI асрда таълимнинг  қайси шаклини энг мақбул шакл деб ҳисоблаган бўлар эдингиз?

— Бу саволга ҳаммага мақбул бўладиган жавобни топиш қийин. Синфга киргандан сўнг ҳар бир ўқитувчи ўз услубини танлайди ва таълим субъективлик касб этади. Аммо, шунга қарамай, бир нечта умумий тавсиялар борки, XXI аср таълим тизимида уларга риоя қилиш зарур бўлар эди. Биз жуда улкан имкониятлар ва мураккабликлар даврида яшамоқдамиз, шунга кўра, бизнинг педагог сифатидаги вазифамиз ижодий, креатив тафаккурли, интеллектуал, миллий менталитет ва универсал дунёқарашли ёшларни тарбиялашдир. Бизнинг методларимиз мақсадларимизни ифода қилиши, мулоқот, кучли тафаккур асосида берилган вазифаларни ечиш, умумлаштириш имконига эга бўлган динамик ва фаол аудиторияни тарбиялаши зарур. «Рақамли дунё авлодлари» образли номига эга бўлган, технологияларга билан яқин дўст бўлиб улғайган ҳозирги давр талабаларига таълим ва тарбия бериш модернизацияга муҳтож. Асосий мақсади янги маълумотларни беришга йўналтирилган таълим энди йўқ. XXI аср таълими билимларни шакллантиришга йўналтирилган бўлиши зарур.

— Ҳаётингизда эришган қайси ютуқларингиздан фахрланиш ҳиссини туясиз? Яна нималарга улгуришим мумкин эди деб ўйлайсиз?

— Инсон таълим олиш жараёнида ва ижтимоий ҳаётида юзлаб тўсиқларга учраб қоқилади ва йиқилади. Шундай бўлса-да, ҳаётнинг ушбу икки жабҳасидаги ҳолатларни битта муаммо деб қарамасликка ҳаракат қилиш жуда муҳим. Хатога йўл қўйишимиз табиий ва ҳиссиётлар ва ақл орасида мувозанатга эришиш учун вақт ва сабр кераклиги сабабли баъзан хатоларимизни дарҳол тузата олмаймиз. Бундай ҳолатларда инсон ўз эътиқоди ва ўзига бўлган ишончини, хусусан, кўп йиллар давомида аста-секинлик билан эришган режа ва орзулар ушалгани ҳиссини йўқотмаслиги лозим! Булар Худо берган ҳар куни ўзингиздан ғурурланишингиз учун атиги бир неча сабаблар холос! Нью-Йорк шаҳрида 1989 йилда туғилган Алия Сабур материалшунос олима. У 18 ёшида бундан 300 йил олдин ўрнатилган рекордни бекор қилган дунёдаги энг ёш профессор мавқеига эришган рекорд соҳибаси ҳисобланади. Олдинги рекорд соҳиби эса 1717 йилда Абердин Университети томонидан математика фанидан профессорликка тайинланган буюк Исаак Ньютоннинг шогирди Колин Маклорин бўлган. Бу факт инсоннинг барча оғир меҳнати саъй-ҳаракатлари ўз иқтидор ва ақлий қобилиятларингиз даражасига эришишга ёрдам беришини намойиш этади. Мен ҳам кўп натижаларга эришдим, аммо мен учун энг муҳими, доцентлик ва профессорлик унвонларини чет мамлакатда олган энг ёш ўзбекистонлик олимлардан бўлганимдир. 38 ёшимда, менга тўла профессорлик унвони берилди ва бу Ўзбекистон таълим муваффақиятининг яхши кўрсаткичидир. Мен 14та докторлик диссертацияси ва 40та магистрлик ишларига илмий раҳбарлик қилдим. Бу каби ютуқларимдан фахрланаман.

Азамат Акбаров 1977 йил Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Самарқанд давлат чет тиллари институтининг инглиз филологияси йўналишини тамомлаган. 2003 йили Швециянинг Даларна университетида сиёсатшунослик йўналиши бўйича иккинчи магистр илмий даражасини қўлга киритган. 2009 йили Жанубий Кореяда инглиз тилшунослиги йуналишида докторлик диссертациясини ёқлаган. 1999-2001 йилларида Самарқанд давлат чет тиллар институтида фаолият юритган. 2004-2006 йилларида Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университетида Ўрта Осиё тадқиқотлари факультетида ўзбек тили, тарихи, маданияти йўналишида дарс берди. Жанубий Кореяда илк бор ўзбек тилини ўрганаётган корейс талабалари учун 200 бетлик дарсликка муаллифлик қилди, бу китоб ҳали ҳам ушбу мамлакатда ягона ўзбек тили дарслиги ҳисобланади. 2009 йилдан 2016 йилгача Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳридаги халқаро Бурч университетида «Инглиз тили ва адабиёти» кафедраси мудири, Педагогика факультети декани, ушбу университетнинг (2012-2016) илмий ишлар ва халқаро муносабатлар бўйича проректори лавозимида фаолият юритди. 2016 йилдан 2018 йилгача Ал Форобий номидаги Қозоқ миллий университети умумий тилшунослик ва европа тиллари кафедраси профессори лавозимида ишлаб келди. 2018 йил сентябрдан Жанубий Кореянинг Пусан чет тиллар университетида шарқшунослик факультети профессори лавозимида ишлаб  келмоқда. А.Акбаров фаолияти давомида халқаро андозаларга мос лойиҳалари билан дунё тилшуносларининг диққат-эътиборини жалб этди. 2014-2016 йиллари халқаро амалий тилшунослар ассоциациясининг вице-президенти, 2014-2016 йиллари Босния ва Герцеговина амалий тилшунослар ассоциациясининг президенти, 2016-2018 йиллари Қозоғистон амалий тилшунослар ассоциациясининг президенти бўлган.

Сўнгги 20 йил давомида 70 дан ортиқ давлатда ўтказилган илмий конференция, симпозиум ва семинарларда қатнашиб, 180дан ортиқ мақола, 30та китоб нашр қилди, 15та лойиҳа устида ишлади. 10дан ортиқ халқаро тилшунослик (амалий, когнитив) ва таржимонлик ассоциацияси аъзоси. Ҳозирги кунгача 45та магистр ва 13та докторантга илмий раҳбарлик қилди. «Хорижий тилларни ўргатиш ва амалий тилшунослик» халқаро илмий-назарий журнал бош муҳаррири. 2011 йилдан бугунгача 9 марта ташкиллаштирилган «Хорижий тилларни ўқитиш ва амалий тилшунослик» халқаро конференциясининг ташкилий қўмитаси раисидир. Май ойининг 2-3 кунлари илк бор Ӯзбекистонда ўтказиладиган ушбу табдирда 50дан ортиқ давлатлардан 300га яқин иштирокчи қатнашади.

Top