Мазкур сана ЮНEСКО томонидан турли тиллар ва дунё халқлари маданиятини муҳофаза қилиш мақсадида 2000 йилдан буён халқаро миқёсда нишонлаб келинади.

1952 йил 21 феврал куни Бангладеш пойтахти Дакка шаҳрида ўз она тили – бенгал тилини давлат тили даражасига кўтариш ва уни ҳимоя қилиш мақсадида шаҳар кўчаларига чиққан талабалар полиция ходимлари томонидан ўққа тутилади. Кейинчалик мазкур воқеа 21 февралнинг Халқаро она тили куни этиб белгиланишига сабаб бўлган.

ЮНEСКОнинг Бангладешдаги Халқаро она тили институти томонидан мукофот жорий этилган бўлиб, у ўз она тилини ҳимоя қилиш ва тарғиб этиш, амалиёт ва тадқиқотлар билан боғлиқ улкан ҳиссаси учун тилшуносларга бериб келинмоқда. Мукофот 21 февралда Дакка шаҳридаги Халқаро она тили институтида берилади.

2020 йил июл ойида ЮНEСКОнинг Бангладешдаги Халқаро она тили институти 2021 йил учун мукофот танловини эълон қилди.

Ушбу мукофотнинг «Она тилининг халқаро миқёсдаги тадқиқи» йўналишига ариза топширган тилшунос олимлар орасидан 2 нафари тақдирланди. Улардан бири ЎзФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари номзоди Ғулом Исмоиловдир.

Тилшунос олим Kun.uz мухбири билан суҳбатда тилшуносликда олиб бораётган изланишлари, фразеологизмларнинг тил бойлигидаги аҳамияти, шунингдек, бу соҳада олдинда турган муаммолар хусусида тўхталиб ўтди.

«Илм-фаннинг глобаллашуви шароитида она тилини асраш, тарғиб қилиш заруриятга айланмоқда»

Айтиш лозимки, она тили бу — миллатнинг маънавий маданияти ва руҳи, дунёдаги ҳар бир давлатнинг ўз «тимсоли», миллат дунёда борлигини кўрсатувчи маънавий бир хилқат.

Она тилимизни асраш ва бу борадаги тадқиқотларни ривожлантириш эса миллатнинг юксалиши билан чамбарчас боғлиқдир.

Илм-фаннинг глобаллашув жараёнлари шиддат билан дунё халқлари ҳаётига ўзгача таъсир кўрсатаётган бир пайтда, она тилидан унумли фойдаланиш, уни асраш, тарғиб қилиш кундан кунга заруриятга айланмоқда.

Шу мақсадда АҚШ, Жанубий Корея, Туркия, Россия, Хитой, Озарбойжон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илмий журналларида айнан ўзбек тили бўйича олиб борилаётган тадқиқотларим нашр этилди. Турли хорижий давлатларда ташкил этилган халқаро анжуман ва форумларда ўзбек тилининг ифода имкониятлари, ўзига хос миллий-маданий хусусиятларини очиб берадиган илмий маърузаларим билан иштирок этдим. 2019 йилда эса Россияда инглиз тилида «Transterminologization in The Uzbek Language» номли илмий монографиям чоп этилди.