Чорак финалнинг «Олд Траффорд»да кечган биринчи ўйинида каталонияликларнинг минимал устунлиги қайд этилди (1:0).
Чемпионлар лигаси. 1/4 финал. Биринчи ўйин
«Манчестер Юнайтед» (Англия) – «Барселона» (Испания) – 0:1 (0:1)
Гол: Шоу, 12 – автогол.
«Манчестер Юнайтед»: де Хеа, Янг, Смоллинг, Линделеф, Шоу, Мактоминэй, Фред, Погба, Далот (Лингард, 74), Рэшфорд (Перейра, 85), Лукаку (Марсиял, 68).
«Барселона»: тер Штеген, Семеду, Пике, Лангле, Жорди Альба, Артур (Сержи Роберто, 66), Бускетс (Аленья, 90+3), Ракитич, Месси, Суарес, Коутинью (Видаль, 65).
Огоҳлантиришлар: Бускетс, 18. Шоу, 19. Видаль, 71. Лингард, 76. Смоллинг, 86.
Ҳакам: Рокки (Италия).
10 апрель. Манчестер. «Олд Траффорд» стадиони.
Жавоб ўйини - 16 апрель.
Марадонадан Мессигача
«Барселона» ва «Манчестер Юнайтед»нинг халқаро майдонлардаги учрашувлари афсонавий аргентиналик футболчи Диего Марадона футбол ўйнаган даврларда бошланган - 1983-84 йилги мавсумда бу икки жамоа Кубок эгалари кубоги турнирида баҳс олиб боришган. Бу қарама-қаршилик бошқа бир аргентиналик футбол даҳоси Лионель Месси иштирокида давом этиб келмоқда. Ўтган асрда Марадона бошчилигидаги жамоа Кубок эгалари кубогининг чоракфиналида «МЮ»га икки учрашув натижасига кўра 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган, Месси бошчилигидаги кўк-анорранглилар эса уч йилда икки марта манчестерликларни Чемпионлар лигаси финалида мағлуб этган. 2009 йилда Римдаги финалда Гвардиола жамоаси ўзининг илк катта совринини ютиб олганди, 2011 йилда «Уэмбли»даги финалга келиб бу жамоа мукаммаллашиб бўлгани жаҳонга кўз-кўз қилинганди.
Лондондаги ўша оқшомдан кейин бу жамоаларнинг йўллари кесишмади - Манчестердаги биринчи ўйин 8 йилдан кейинги дастлабкиси эди. Кўк-анорранглилар яна бир марта «Орзулар театри»ни забт этиш орзусига эришиш учун майдонга чиқишди: «Барса» шу вақтгача «МЮ» стадионидан ғалаба билан қайтмаганди (+0=2-2, тўплар нисбати 5-9).
«Барселона»нинг фаоллиги
Сульшер бу ўйинга идеал таркибни тушира олмасди - Валенсия, Дармиан, Байи, Эррера ва Мата жароҳатлар туфайли жамоага ёрдам бера олмасди.
Меҳмонлар ўтган йил чорак финалида «Рома»га қарши муваффақиятсизликни ёддан чиқармаган ҳолда (ўшанда жамоа ўз уйидаги биринчи ўйинда 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабага эришиб, жавоб ўйинида 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйган ва чорак финалда қолиб кетганди), дарҳол ўйинни ўз қўлига олди. Коутиньо-Альба боғлами ўйиннинг илк дақиқалариданоқ фаол ҳаракатқилди, Бускетс эса майдон марказини назорат қила бошлади, у тўп учун кескин курашларга қўшилиб, 5-дақиқадаёқ сариққа тортадиган фол ишлатди ва ҳакам уни биринчи сафар кечирди. Рэшфорд эса бу фолдан кейин белгиланган жарима зарбасини голга айлантиришига бир бахя қолди.



















