Жаҳон | 20:57 / 12.04.2019
24339
2 дақиқада ўқилади

2018 йилда Путин қарийб 9 млн, унинг вакили эса 650 млн рублдан ортиқ пул топди

Фото: Sputnik

Россия президенти Владимир Путин 2018 йилда 8 млн 648 минг 353 рублга ишлаган. Кремль сайтида эълон қилинган даромад, харажат ва мол-мулк декларациясида ана шундай маълумот берилди.  

Ўтган йили Россия президентининг маоши ойига ўртача 720,7 минг рублни ташкил этган.

Декларацияга кўра, Путин майдони 77 ва 153,7 кв метрга тенг иккита квартира ҳамда майдони 18 кв метрли иккита гаражга эга. Уларнинг барчаси Россия ҳудудида.

Унинг ихтиёрида икки дона нодир "Волга" ГАЗ М21, битта "Нива" йўлтанламаси ва "Скиф" тиркамаси бор.

Маълумот берилишича, Путин 2017 йилда 18 млн 728 минг 268 рубль даромад қилган. Бу суммага майдони 15 сотихли ер участкаси сотилишидан тушган маблағ ҳам киритилган.  

Кремль сайтидаги маълумотларга кўра, Россия президентининг Приволжье федерал округидаги мухтор вакили Игорь Комаров 2018 йилда 657 млн 278,4 минг рубль, яъни давлат раҳбаридан 76 баравар кўпроқ даромад кўрган.

Президент администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко эса декларацияда 66 млн 631,6 минг рубль ишлаб топганини кўрсатган. Кремлнинг ижтимоий лойиҳалар бўйича бошқаруви раҳбари Сергей Новиков 61 млн рублга ишлаган.

Мавзуга оид