Жаҳон | 21:15
1048
2 дақиқада ўқилади

Россия Украина билан «2022 йилдаги Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёр - Путин

Россия президенти Владимир Путин Россия Украина билан «Истанбул келишувлари асосида» музокаралар олиб боришга тайёрлигини айтди.

Фото: Юрий Кочетков / РИА Новости

«Россия, бир неча бор айтилганидек, Украина билан тинчлик музокараларига тайёр, Истанбулда (2022 йил баҳорида) эришилган ва Украина делегацияси томонидан имзоланган келишувлар асосида тайёр, демак, уларга ҳамма нарса маъқул эди», деди Путин.

Истанбулдаги музокаралар 2022 йилда урушнинг дастлабки ойларида бўлиб ўтган эди. Уларнинг натижаларига кўра, хавфсизлик кафолатлари эвазига Украинанинг НАТО аъзоси бўлишдан бош тортиши ва армияси сонини чеклашни назарда тутувчи тинчлик шартномаси лойиҳаси ишлаб чиқилди (бу лойиҳа икки йилдан сўнг матбуотга сизиб чиқди).

Қрим де-факто Россияга тегишли бўлиб қоларди, ҳужжатда кўзда тутилганидек, Донбасснинг босиб олинган қисмлари тақдири кейинчалик Путин ва Украина президенти Володимир Зеленский ўртасидаги музокараларда ҳал қилиниши керак эди.

2022 йилда Истанбулдаги музокаралар Россия Украинанинг тўртта вилоятини аннексия қилганини эълон этишдан ва уларни ўз Конституциясига киритишдан олдин бўлиб ўтган эди. Шунга қарамай, Россия расмийлари (жумладан, Путиннинг ўзи 2024 йилда ва ундан кейин ҳам) Москва «Истанбул келишувлари асосида» мулоқот олиб боришга тайёрлигини айтган.

Ўтган йили Москва Киевдан Путиннинг Аляскада Доналд Трамп билан учрашувини назарда тутиб, «Анкориж базасида» музокаралар ўтказишни талаб қилди. Москвада бу учрашув АҚШнинг Россияга босиб олинган барча ҳудудларни, ҳатто Россия армияси назорат қилмайдиган қисмларни ҳам тўлиқ олишга де-факто розилиги сифатида талқин қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид