19:12 / 13.04.2019
33622

Чироқчидаги чорвачилик фермер хўжаликлари қай аҳволда - халқ нима дейди?

Kun.uz’га Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги «Гавхона» маҳалла фуқаролар йиғинидан Олим Эшмуродов мурожаат қилиб, қишлоғига таклиф қилди кейинги ойларда ўзини ва оиласини қийнаётган муаммоларни гапириб бермоқчи эканлигини айтди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Биз Чироқчи туманига йўл олдик ва вазият билан яқиндан танишдик.

Қишлоқ аҳлининг, чунончи, кўп йиллар мактабда дарс берган кекса педагог Муродулло Сайфуллаевнинг айтишича, «Гавхона» қишлоғида жойлашган собиқ чорвачилик фермалари ва уларга бириктирилган яйловлар 90-йилларда фермерларга бўлиб берилган.

Маълум бўлишича, қишлоқни кесиб ўтувчи Гавхона дарёни соҳилида, қирга туташган ҳудудда Олим Эшмуродов деҳқончилик ва чорвачилик қилиш учун майдонни текислаб, фаолият кўрсатиб келмоқда. Унинг бу ерга эгалик қилиши учун бирор ҳужжати йўқлигини ҳам тан олди.

Лекин чорвачиликка ихтисослашган «Тараққиёт» фермер хўжалиги раҳбари Турсунпўлат Муродов бугунги кунда ерлар унга тегишли эканлигини даъво қилмоқда. Олим Эшмуродовнинг ҳикоя қилишича, Т.Муродов айни кунда у обод қилган ерларни ҳам эгаллаш ҳаракатига тушган. У О.Эшмуродовни ўзининг абгор аҳволдаги молхонаси қурилиш материалларини ўғирлаганликда, товуқлари эса қорамолларига касаллик юқтирганликда айбламоқда.

Олим Эшмуродовнинг 87 ёшдан ошган қария онаси Каромат момо ҳам бу жанжаллардан безор бўлган.

«Тараққиёт» фермер хўжалиги раҳбари Турсунпўлат Муродов томонидан 1990-йилларда ажратиб берилган чорвачилик фермасининг аҳволидан мутасаддилар хабардор эканми?

Ерга, мулкка бўлган бундай муносабат нимадан далолат? Агар шунча йилдан буён улар эплай олмаётган бўлса — қишлоқдаги ёшларни иш билан таъминлаш учун берилгани яхши эмасми?

Биз мазкур ҳудуддаги бошқа фермаларни ҳам кўрдик. Мутасаддилар сўраса «моллар яйловда», дейишаркан. Лекин биз борган куни (12 март) кунлар илимаган ва ҳали чорва яйловларга ҳайдалмаган эди. Фермаларнинг фақатгина биттасида ташқарига чиқарилган гўнг қишда камсонли чорва сақланганидан гувоҳлик бериб турибди.

Олим Эшмуродов ўзи ўзлаштирган ва обод қилган ерни ҳужжатлаштириш учун туман ҳокимлиги, ер ресурслари ва кадастр бўлимига мурожаат қилиб, натижага эриша олмаётганини айтди.

Биз ўша куни мазкур ҳолатга изоҳ олиш учун ҳудудларга чиқиб кетган Чироқчи туман ҳокимлигидаги мутасаддиларни кута-кута учраша олмадик.

Энди вазият билан танишиб, бирор ҳужжати йўқ бўлса ҳам йўқдан бор қилган Олим Эшмуродов ҳақми, лекин давлат ишониб топширган борни йўқ қилган одамларми, деган саволни ўртага ташлагимиз келди. Чироқчидаги туман мутасаддилари бунга жавоб беришармикан?

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Top