Ўзбекистон | 16:31 / 19.11.2025
28234
3 дақиқада ўқилади

Президент йиғилишида икки туман ҳокими ишдан олинди

Денов ва Чироқчи туманлари ҳокими ишдан кетди. Президентнинг сўзларига кўра, Чироқчи ҳокими катта ресурс ажратилганига қарамай, одамларга тайёр лойиҳа бериш ўрнига, “аҳолини ёппасига кредит олишга мажбурлаяпти”. Яна 20 та туман ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўрилиши бўйича топшириқ берилди.

Сурхондарё вилояти Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров ҳамда Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда президент раислигидаги йиғилишда маълум қилинди.

Камбағалликни қисқартириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилган ишлар сарҳисобига бағишланган йиғилишда Сурхондарё вилояти Узун туманини намунавий ҳудудлардан бири сифатида қайд этилган, ушбу туманда йил бошидан буён камбағаллик даражаси 10,5 фоиздан 3 фоизгача камайган.

Узун туманига нисбатан 4,5 баробар кўп маблағ олган Денов тумани ҳокимлиги эса ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйгани кўрсатиб ўтилган. Камбағал оилалар реестрига кирганидан буён 1200 та оила даромадида ўзгариш бўлмаган.

Чироқчи туманига эса жорий йил маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитга 309 миллиард сўм ресурс берилган. Лекин туман ҳокимлиги шунча ресурси билан ҳам одамларга имкониятига яраша тайёр лойиҳа бермаган.

“Туманнинг иқтисодиёт комплексида 153 нафар ходим ишлайди. Туман ҳокими Юсупов, унинг биринчи ўринбосари Эргашев шунча ходим, шунча ресурс билан одамларга имкониятга яраша тайёр лойиҳа бериш ўрнига, аҳолини ёппасига кредит олишга мажбурлаяпти. Унинг қайтимини ўйлаганиям йўқ”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис Денов тумани ҳокими Илҳом Аброров, унинг биринчи ўринбосари Ш.Тўрақулов, Чироқчи тумани ҳокими Файзулла Юсупов, унинг биринчи ўринбосари Зафар Эргашев ишдан олиниши белгиланган.

Шунингдек, айрим туман ҳокимлари бандлик масалаларида жиддий камчиликлар ва кўзбўямачиликка йўл қўяётгани кўрсатиб ўтилди.

Бош вазирга ишга шундай ёндашган 20 та туман – Яшнобод, Бухоро, Ғиждувон, Косон, Хатирчи, Қумқўрғон, Янгийўл, Ўзбекистон, Гулистон, Яккабоғ, Андижон, Паркент, Тошкент, Нуробод, Учтепа, Чортоқ, Давлатобод, Олтинкўл, Қизириқ, Когон туманлари ҳокимларига нисбатан ўрнатилган тартибда чора кўриш топширилган.

  • Маълумот учун, Илҳом Аброров 2023 йил январидан буён Денов туманига раҳбарлик қилаётганди. Файзулла Юсупов эса 2023 йил августида Чироқчи тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид