Жамият | 12:35 / 13.04.2019
5607
4 дақиқада ўқилади

Фото: Ўзбекистонда 5 километр масофага фаол юриш ва велосайр ташкил этилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан соғлом турмуш тарзига риоя этиш борасидаги оммавий тадбирларни ўтказиш анъанага айланди. Жорий йил 13 апрель, шанба “Соғлом озиш куни” оммавий тадбирлари доирасида 5 километр масофага фаол юриш ва велосайр ташкил этилгани ҳам юқоридаги саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давомидир, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

– Дарҳақиқат, юртимизда соғлом турмуш тарзига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган 5 та ташаббуснинг иккинчиси бевосита ёшларни жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, спорт иншоотлари қувватини оширишга қаратилгани ҳам фикримиз тасдиғидир, – дейди соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов. – Жисмоний фаолликка тарғиб этувчи оммавий тадбирларни ўтказишимиздан мақсад ҳам аҳоли, жумладан, ёшларни бевосита жисмоний тарбия ва спортга жалб этиш, қизиқишини ошириш баробарида, фаолликни кундалик турмуш тарзига айлантиришдир. Муҳими, ҳар ҳафтада ташкил этилаётган оммавий тадбирларимизда қатнашувчиларнинг сони ошиб бораётгани, уларнинг жисмоний фаолликка бўлган қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам кучаяётгани кўзлаган мақсадларимиз сари ташланган дастлабки қадамлардир. Бу ҳам бўлса, касалликка эмас, унинг профилактикасига асосий эътибор қаратаётганимиз самарасидир. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тадбирда фаол юриш ва велосайрга асосий эътибор қаратилгани бежиз эмас. Фаол юриш орқали юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Велосипедда сайр қилиш жисмоний фаолликнинг яна бир қулай ва завқли тури ҳисобланади. Велосайр мушак, юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлайди, нафас олиш ритмини ривожлантиради. Тизимли ҳаракатлар ёғларнинг эришига, шу орқали ортиқча вазндан қутулишнинг яхши усулларидан биридир.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Шу ўринда қайд этиш керакки, семизликка қарши курашда соғлом овқатланиш ҳам муҳим ўрин тутади. Жумладан, турли хил сабзавот ва меваларни истеъмол қилишга одатланиш керак бўлади. Ёғли гўшт маҳсулотларини дуккакли маҳсулотларга, балиқ ва парранда гўшти ёки ёғсиз гўштларга алмаштириш, туз ва қандни имкон қадар камроқ истеъмол  қилиш, овқат билан бирга чой ичмаслик, табиий шарбатлар ёки қайнатилган сув ичиш каби оддий, аммо муҳим қоидаларга риоя этган маъқул.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари ва филиаллари, республика ва вилоят тиббиёт муассасалари ҳамда ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари, тиббиёт олий ўқув юртлари ва коллежлари талабалари билан бирга маҳалла фаоллари ҳам иштирок этишди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан жорий йил 9 мартда “Юриш куни”, 16 мартда “Юриш бўйича марафон куни” ва 23 мартда “Саломатлик сари қадам” куни ҳамда 30 март куни “Велосипедда сайр куни” ҳамда 6 апрел Бутунжаҳон саломатлик куни муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб 5 километр масофага фаол юриш ва гимнастрада каби оммавий тадбирлар мамлакатнинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мавзуга оид