Акциядорлик жамиятларининг давлат улушлари бўйича ҳисобланган дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан ажратмаларни бюджетга ундириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.
Ҳар қандай мулкдор сингари, давлат ҳам ўз мулкидан дивидендлар олишга ҳақли. Давлат иштирокидаги корхоналар хусусий бизнес каби солиқ тўлайди. Бироқ солиқлардан ташқари, давлат корхонаси ёки давлат улушига эга бўлган корхона фойдасининг бир қисми дивидендлар тарзида бюджетга келиб тушиши керак, деб ёзади Norma.
Илгари давлат корхоналарининг соф фойдасидан ажратмалар миқдори махсус Комиссия томонидан белгиланган, у мазкур масалани якка тартибда ҳал қилган. 2019 йил февраль ойининг охиридан давлат корхонасининг соф фойдасидан ажратмаларнинг ягона миқдори 30% миқдорида этиб белгиланди (ВМнинг 16.10.2006 йилдаги 215-сон қарорига 1-илованинг 12-банди).
Юқорида кўрсатилган янгиликлардан ташқари, Президентнинг 26.06.2018 йилдаги ПҚ–3802-сон қарори 7-банди билан давлат солиқ хизмати органларига давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан давлат бюджетига ажратмаларни ундириш ҳуқуқи берилган.
Бироқ юқорида кўрсатилган ҳужжатларда ушбу ажратмаларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби, назорат ва тегишли санкциялар белгиланмаган эди. Энди шу ва бошқа масалаларни Акциядорлик жамиятларининг давлат улушлари бўйича ҳисобланган дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан ажратмаларни бюджетга ундириш тартиби тўғрисидаги низом билан тартибга солиш таклиф қилинмоқда.
Лойиҳада устав капиталида давлат улушига эга хўжалик жамиятлари ва давлат унитар корхоналари тўғрисидаги ахборотларни алмашиш тартиби белгиланган. Хусусан, ДСҚ Давлат хизматлари агентлиги ва Марказий депозитарийдан олган ахборот автоматлаштирилган режимда ҳудудий солиқ органларига узатилади, улар 5 иш куни мобайнида қуйидагиларни ҳисоблайдилар:
• устав капиталидаги давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган хўжалик жамиятларининг соф фойдасидан 30% миқдоридаги дивидендлар суммасини;
• давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан 30% миқдоридаги ажратмаларни.
Устав капиталидаги давлат улуши 50%дан кам бўлган хўжалик жамиятлари бўйича соф фойдадан дивидендлар амалдаги қонунчиликка мувофиқ ҳисобланиши керак (Солиқ кодексининг 156-моддаси).















