Нотр-Дам собори компьютер ўйини ёрдамида тикланиши мумкин
Ubisoft компаниясининг Assassin's Creed Unity компьютер ўйини кучли ёнғиндан талофат кўрган Париждаги Нотр Дам соборини тиклашда ёрдам бериши мумкин. Бу ҳақда GPS World маълум қилди.
Таъкидланишича, компания рассоми Кэролин Миусс соборнинг уч ўлчамли аниқ нусхасини яратиш устида 2 йил ишлаган. Унинг айтишича, собордаги ҳар бир ғишт ўрганиб чиқилган.
Unity ўйинидаги воқеалар Парижда XVIII аср охирида юз беради. Бу ўйин Assassinʼs Creed сериясидаги ўйинлардан биринчиси бўлиб, унда кўплаб бинолар ва архитектура ёдгорликлари бирга-бир қилиб яратилган. Ўйинда соборни энг майда деталларгача ўрганиш мумкин.
Бундан ташқари, соборни тиклашда санъатшунос Эндрю Тэллон ўтказган тадқиқот ёрдам бериши мумкин. Бир неча йил аввал у лазер сканерлаш технологияси ёрдамида соборнинг тўлиқ режасини тузиб чиққан.
15 апрелда Париж рамзларидан бири бўлган Нотр Дам де Пари соборида ёнғин чиққан. Ёнғин оқибатида соборнинг томи, XIX асрда ўрнатилган шпили, соати қулаб тушган.
Маълумотларга кўра, тарихий обидани тиклаш учун 15 йилгача вақт ва кўплаб маблағ талаб этилиши мумкин.