Жаҳон | 23:23 / 17.04.2019
7796
2 дақиқада ўқилади

Францияда Башар Асаднинг амакиси суд қилинади

Фото: СС0 Public Domain

Францияда Сурия президенти Башар Асаднинг амакиси Рифат Асад устидан суд жараёни бошланмоқда. 81 ёшли Рифат Асад Франция ҳудудида 102 млн долларга кўчмас мулк харид қилиш ва қуриш мақсадида Сурия бюджетидан пулларни ювишда айбланмоқда.    

Яқин орада суд Асад бўйича жараённинг бошланиши санасини эълон қилиши керак. Асадга қарши тергов 2014 йилдаёқ бошланган. Кейинроқ прокурорлар Суриянинг собиқ вице-президентига коррупция бўйича айблов билдиришган, унинг мулкига эса тақиқ қўйилган. Рифат Асаднинг ўзи эса вақти-вақти билан гоҳ Францияда, гоҳ Британияда яшаб келади ва барча айбловларни рад этади. 

Рифат Асаднинг Франциядаги мулки Париждаги иккита танхаусни, от заводини, Париж яқинидаги қасрни, Лиондаги офисларни ўз ичига олади. Кўчмас мулкнинг катта қисми оффшор компаниялар орқали сотиб олинган. Бундан ташқари, Рифат Асад оиласига 2017 йил Испанияда мусодара қилинган 500 дан кўпроқ кўчмас мулк объекти тегишли.

Рифат Асад Суриянинг собиқ президенти, Башар Асаднинг отаси, Сурияни 1971 йилдан 2000 йилгача бошқарган Ҳафиз Асаднинг укаси ҳисобланади. Рифат Асад 1983 йилда акаси касаллигидан фойдаланиб, унга қарши бориб, давлат тўнтарувини амалга оширишга уринган, бироқ муваффақиятсизликка учраган. Шундан кейин у мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган ва ўшандан бери Европада яшаб келади. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид