10:44 / 21.04.2019
26053

Тошкентда қидирилаётган 93 ёшли аёл топилди

Яқинда бош бошқармага Facebook’нинг Севара Гулямова (Sevara Gulyamova) исмли фойдаланувчиси мурожаат қилиб, Шайхонтоҳур туманида яшовчи 93 ёшли Клара Саидовнага йўқотилган паспорти ўрнига янги паспорт олишда ёрдам беришни илтимос қилган.

Шайхонтоҳур тумани Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари кекса аёлга янги паспортни топшириш учун унинг пропискасида кўрсатилган манзилга бир неча маротаба келишган, бироқ у ерда аёл бўлмаган. Шундан кейин бош бошқарма аёлни топишда ёрдам беришни сўраб фуқароларга мурожаат қилган.

“Ушбу эълон ҳеч кимни бефарқ қолдирмади, у билан Facebook ва Telegram каналларида фаол бўлишишган. Номаълум бўлиб қолишни истаган бир яхши қиз эълонга кўзи тушиб, бизга кўрсатилган телефон рақамлари бўйича қўнғироқ қилди ва Клара Саидовна айни вақтда уйида эканлигини маълум қилди”, дейилган хабарда.

Шундан кейин Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими ходимлари кўрсатилган манзил бўйича яна келишган.

“Уйи остонасида ходимларимизни кўришни кутмаган Клара Саидовна қувончдан йиғлаб юборди ва четда қолмаган ҳамда унга ёрдам берган барчага миннатдорлик билдирди”, деб маълум қилинди Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматида.

Top