Жамият | 20:07 / 23.04.2019
4168
3 дақиқада ўқилади

«Биргаликда ҳимояланайлик: вакциналар самаралидир» 

Эмлаш ҳар йили 3 миллион одамнинг ҳаётини хавфли хасталиклар натижасидаги ўлимдан сақлаб қолади. Шунга қарамай, вакцинани ҳаёт учун хавфли деб ҳисоблайдиган, фарзандини ўз вақтида эмлатмайдиганлар ҳам бор. Бу ҳақда Ўзбекистонда иммунизация масалаларининг ёритилишига бағишланган давра суҳбатида сўз борди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг болалар жамғармаси (UNICEF), Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамкорлигида эмлашнинг аҳамияти, уни тарғибот қилишнинг самарали усуллари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ҳар йили апрель ойининг сўнгги ҳафтасида ўтказиладиган жаҳон иммунизация ҳафталиги доирасида ўтказилди. Ҳафталикнинг бу йилги шиори – «Биргаликда ҳимояланайлик: вакциналар самаралидир» .

ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауманн вакциналарни болалар касалликларининг олдини олиш ва камайтириш бўйича асосий куч деб ҳисоблайди. 

«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2019 йилги ҳисоботига кўра, эмлашдан воз кечиш жамият саломатлиги учун энг катта хавфлар ўнталигидан жой олган. Вакциналар олиш учун барча имконият бор пайтда антивакцинал фикрларга чек қўйиш керак» , дейди у.

«Вакцина кампаниясининг оммалашишига ҳисса қўшадиган инсонлар «эмлаш қаҳрамонлари» дир. Уларнинг хизматларига алоҳида эътибор қаратиш керак. Вакциналар бўйича янгиликлар қиладиган тадқиқотчилар, эмлаш тақвимини бойитиш, маблағ ажратиш масаласида бош қотирадиган сиёсатчилар, жараённи бевосита амалга оширадиган шифокорлар, фарзандининг соғлигига бефарқ бўлмаган ота-оналар, эмлашнинг аҳоли саломатлигини сақлашдаги аҳамиятини тарғиб қиладиган медиа вакиллари – барчасини мен «эмлаш қаҳрамонлари»  деб атаган бўлардим» , дейди Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Лиан Куппенс.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар бешта боладан биттаси тирик қолиш ва соғлом бўлиш учун зарур бўлган асосий вакциналарни олмайди. Агар глобал иммунизация қамрови яхшиланса, 1,5 миллион одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин бўлади.

Давра суҳбатида эмлашнинг нафақат алоҳида шахслар, балки бутун жамият саломатлиги муҳофазаси учун муҳим эканлиги, вакциналарни ўз вақтида эмлаш тақвимига мувофиқ қабул қилиш аҳамияти хусусида сўз борди.

Мавзуга оид