Жаҳон | 15:50 / 23.04.2019
84846
7 дақиқада ўқилади

Уруш остонасида турган давлатлар

Дунёда уруш ўчоқлари талайгина. Афғонистон, Сурия, Ироқ, Яман каби давлатлар шулар жумласидандир. Лекин яқин вақт ичида фаол ҳарбий ҳаракатлар бошланиши эҳтимоли юқори бўлган шундай ҳудудлар борки, арзимас сабаб ҳам у ерда узоқ муддат қон тўкилишига сабаб бўлиши мумкин.

Венесуэла

Бу мамлакат иқтисодий бўҳроннинг энг оғир шаклини бошдан кечирмоқда. Камига давлат бошқарувида қўшҳокимият ҳам юзага келганки, бу ҳолат фуқаролар уруши келиб чиқиши учун мос муҳит яратади. Ички уруш битта учқунни кутиб турган бир пайтда ташқи кучлар ҳам бор. Венесуэланинг бевосита қўшниси Колумбия билан муносабатлари ҳам жуда ёмон, АҚШ билан муносабатларда эса очиқ урушдан бошқа ҳар қандай зиддият бўлиб ўтган. Агар ички ҳолат ҳукумат алмашинувини таъминлай олмаса, айнан чегаралардаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳолатга асосланган ва АҚШ кўмагига таянган Колумбиянинг ҳарбий аралашуви эҳтимоли катта.

Яқин Шарқ, Исроил чегаралари

Бу ҳудудда қачондир тинчлик бўлгани ҳамманинг эсидан ҳам чиқиб кетган ва қачонлардир тинчлик бўлиши мумкинлигига ҳам ҳеч ким ишонмайди. Аммо энди ҳарбий ҳаракатларнинг чегаралардаги тўқнашувлар доирасидан чиқиб, кенг миқёсда олиб борилиши эҳтимоли катта. Бунинг бир неча сабаблари бор. Кўплаб давлатлар қатори Исроил ҳам Суриядаги Башар Асад режимининг ағдарилишидан умид қилганди. Аммо Россиянинг ҳарбий аралашуви билан Асад нафақат президентликни сақлаб қолди, балки ўз ҳокимиятини мустаҳкамлаб ҳам олди. Исроил бунга чидай олмаслигини амалда кўрсатиб бўлди ва Сурия ҳудудини бомбардимон қилишга ҳам улгурди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги Жўлан тепаликлари муаммоси ҳам ҳар қачонгидан-да кескинлашди. Ҳудуддаги Исроилга қарши кучларнинг бирлашиши, ҲАМАС, «Ҳизбуллоҳ» каби гуруҳларнинг очиқ урушга киришиши эҳтимоли жуда юқори. Аммо тарихдан маълумки, Исроилга қарши урушлар кўпинча мағлубият билан якунланиб, яҳудийлар давлатининг янада кенгайиши билан якунланган.

Ливия

Ливияда бу жараён фаол фазага кириб бўлди, деб айтиш мумкин. Гарчи Халифа Ҳафтарнинг Триполига юриши бошланганига анча бўлган бўлса-да, ҳозирга қадар бир-бирига қарши кучлар умумий майдонда тўқнашмади ва уруш асосан чекиниш ҳамда мудофаа шаклида кечмоқда. Бундан ташқари, охирги пайтларда четдан бўлган босим туфайли Ҳафтар армияси ҳам энг муҳим паллада тўхташни афзал билди. Лекин бу тинчлик жуда муваққат ва мўрт, сабаби Ливия ўзи шундоқ ҳам норасмий тарзда бир неча бўлакка бўлиниб кетган – парламент, ИШИД террорчилари, Қаззофий тарафдорлари ва турли-туман қабилалар давлат ичида давлат тузиб олишган. Демак, яхлит давлат тиклаш йўлидаги ҳар қандай ҳаракат кимнингдир манфаатларига зид келиши тайин ва Ливиядаги кенг миқёсдаги уруш шу йилнинг ўзида фаол шаклга кириши мумкин.

Корея яримороли

Бу ҳудуд ҳам бир учқунга маҳтал қуроллар майдонидир. Тўғри, сўнгги йилларда аввал тасаввур қилиш мумкин бўлмаган даражадаги учрашувлар бўлиб ўтди. Ким Чен Ин Жанубий Корея президенти билан ва ҳатто АҚШ президенти билан бир неча бор учрашди. Бутун дунё бу учрашувларни тинчлик йўлидаги катта қадам дея баҳолади. Аммо сўнгги муҳокамаларнинг кескин тўхтатилиши, Ким Чен Иннинг Путин билан учрашиш мақсадида Россияга ташриф буюраётгани, АҚШ давлат котиби Помпеонинг бу учрашувлардан кейин ҳам Шимолий Кореяга нисбатан ғанимлик руҳидаги сўзлари ҳали айтарли ҳеч нарсага эришилмаганини англатади.

Кўпчиликни шунчалик ёпиқ ва ғалати тузум ўрнатилгани ҳолда Шимолий Корея давлати ҳамон сақланиб қолаётгани сири қизиқтиради. Гап шундаки, бу тузум сақланиб қолишидан деярли ҳамма, ҳатто Шимолий Кореянинг душманлари ҳам манфаатдор. Жанубий Корея бунчалик қолоқ қондоши билан қўшилиш ўз иқтисодини барбод қилишини яхши англайди, Хитой ўз чегарасига Жанубий Корея, бунинг ортидан АҚШ ҳарбий кучлари келишини истамайди, АҚШга доимий душман борлигини билдириб, ҳудудда ўз ҳарбий кучларини сақлаб туриш ва атрофдаги давлатларга ўз сўзини ўтказиш жуда муҳим, азалдан Корея билан рақобатлашиб келган Японияга умумий Корея пайдо бўлиши хавф туғдиради. Ва ниҳоят Россия учун энг катта рақобатчиси АҚШ измига бўйсунмайдиган давлат борлиги катта аҳамият касб этади. Демак, бу тузум ағдарилиб кетишини ҳали бери кутмаса ҳам бўлади, лекин ҳудудий миқиёсдаги ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли сақланиб турибди.

Эрон

Бу давлат ва АҚШ ўртасидаги зиддият тарихи жуда узун. Эрон тан олинмагани ҳолда атом қуролига эга бўлгани тўғрисидаги маълумотлар ортидан ўзаро муносабатлар бутунлай боши берк кўчага кириб қолган. Йиллар давомидаги муттасил санкцияларга қарамай АҚШ ва унинг тарафдорлари шу пайтга қадар очиқ ҳарбий аралашувдан тийилиб келарди. Аммо АҚШ томонидан Эрон ҳарбий салоҳиятининг асоси, тузум сақланишининг кафолати бўлган тузилма – Инқилоб Аскарларининг террорчилик ташкилоти дея малакаланиши ҳудуддаги вазият кескинлашганини англатади. Бундай вазиятда Эронга азалдан тиш қайраб юрган Исроилнинг ҳам ҳарбий аралашуви эҳтимоли катта

Россия-Украина

Кўпчиликнинг фикрича, урушга асослар етарли бўлган вазият айнан шу икки давлат ўртасида ҳам туғилган. Узоқ йиллар давомида қондош оға-ини бўлган давлатларнинг бугун биринчи рақамли душманга айланиб қолганлари бежизга эмас. Украина Россиядан кечиб ғарб давлатларининг этагидан тутди, бунга жавобан Россия Қрим ва Севастополни ўзига қўшиб олди, чегарадош ҳудудларда ҳарбий ҳаракатлар бошланди.

Бу ўринда Украинани очиқ урушга ундаганлар кўп бўлди. Аммо кучлар мутлақо тенг эмаслиги, Россиянинг улкан ҳарбий қудрати ва уруш масаланинг ечими эмаслигини тушунган сиёсатчилар бундай йўл тутмади. Янги президент Владимир Зеленскийнинг ҳам режасида ҳарбий ҳаракатлар бўлмаса-да, вазият ўзгариши, чегарадаги зиддиятлар яна фаоллашиши мумкин.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид