«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) томонидан сентябр ойи охирида йўқ қилиниши Исроилнинг Ливан жангариларига қарши курашида «ютуқ тожи»га айланди ва ҳаракатнинг ўзини мағлуб бўлган деб ҳисоблаш мумкин. Бу ҳақда 10 ноябр, якшанба куни Исроилнинг янги мудофаа вазири Исраэл Кац аввалроқ ўзи раҳбарлик қилган мамлакат Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган тадбирда сўзлаган нутқида маълум қилди.
«Бизнинг вазифамиз бу ғалабанинг мевасини олиш учун босимни давом эттиришдир», — дея вазирнинг сўзларини келтиради Reuters. Кацга кўра, Исроил Ливаннинг ички сиёсатига аралашишдан манфаатдор эмас, чунки у «сабоқ олди». Вазир ўз баёнотининг маъносини изоҳламади, бироқ бу 2006 йил воқеаларига ишора бўлиши мумкин – ўшанда Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши ЦАҲАЛ ҳарбий амалиёти минтақада узоқ давом этган ҳарбий ҳаракатларга олиб келган. Исроилда бу воқеалар Иккинчи Ливан уруши деб аталади.
Кац ўз нутқида, бошқа нарсалар қаторида, халқаро коалиция «Ҳизбуллоҳ»нинг сезиларли даражада заифлашуви билан боғлиқ вазиятдан сиёсий мақсадларда фойдаланишига ва Ливан жанубий қўшниси билан муносабатларни нормаллаштиришда бошқа мамлакатларга қўшилишига умид билдирди.
Байрут Исроилни тинч аҳоли ўлимида айблади
Бироқ Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 10 ноябр куни маълум қилишича, биргина шу куннинг ўзида Исроилнинг мамлакатнинг турли ҳудудларида давом этаётган ҳаво ҳужумлари натижасида камида 38 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Гап фақат Ливан жануби ҳақида кетмаяпти – камида 23 киши, жумладан етти нафар вояга етмаган шахс Байрут шимолида Аламат қишлоғидаги турар жой биносига ЦАҲАЛ авиациясининг зарбаси қурбони бўлди. Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг таъкидлашича, булар мамлакат жанубидаги жанглардан қочган оилалар эди.
Исроил ҳарбийлари ҳаво ҳужумини тасдиқлади. Бироқ ЦАҲАЛ ҳужум нишони шаҳардаги «Ҳизбуллоҳ»нинг қурол-яроғ омборлари бўлганини, тинч аҳоли орасида қурбонларга йўл қўймаслик учун зарбадан олдин ҳаводан разведка олиб борилганини маълум қилди.
ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ» етакчиси ва унинг ворисларидан камида бир нафарини ўлдирди
ЦАҲАЛнинг «Ҳизбуллоҳ»га қарши фаол жанговар операциялари сентябр ойининг охиридан бери кузатилмоқда. Улардан олдин сентябр ойи ўрталарида жангчиларнинг пейжерларини оммавий равишда портлатиш операцияси ўтказилган эди. Оммавий ахборот воситалари операция уюштирилганини Исроил разведка хизматлари билан боғлади, аммо Исроил буни тасдиқламади.
















