Жаҳон | 23:50 / 24.04.2019
16664
2 дақиқада ўқилади

Порошенко жамоаси Зеленский инаугурациясини иложи борича ортга суришга ҳаракат қилмоқда – ОАВ

Украина президенти Пётр Порошенконинг жамоаси Украина конституциявий суди раиси Станислав Шевчукни истеъфога чиқариб, президент сайловларида ғолиб бўлган Владимир Зеленскийнинг инаугурациясини номаълум муддатга ортга суришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда "Страна.ua" нашри хабар берди.

“Украина президенти маъмурияти конституциявий суд орқали суд раиси Станислав Шевчукни истеъфога чиқариш ҳақида қарорни ўтказмоқчи”, деб ёзилган мақолада.

Украина қонунчилигига кўра, янги сайланган президентга инаугурация вақтида ваколатларни конституциявий суд раиси топширади, бироқ маросим вақтида суд раиси бўлмаса зиддият юзага келиб, давлат раҳбари вазифасига киришиш номаълум муддатга, жумладан конституциявий судга янги раис сайлангунга қадар қолдирилиши мумкин.

Таъкидланишича, Шевчукнинг истеъфога чиқарилиши ҳақидаги қарор лойиҳаси тайёрлаб қўйилган, 25 апрелда у бўйича конституциявий суд йиғилишида овоз бериш ташкиллаштирилмоқчи. Манбаларга кўра, Шевчукнинг четлатилиши уни судья лавозимидан маҳрум қилиш орқали амалга оширилмоқчи, бунга эса у томонидан “интизомий қоидабузарлик, ўз мажбуриятларига қўпол ва тизимли равишда бепарво бўлишликка йўл қўйилгани” ҳақидаги хулоса асос бўлади.

Аввалроқ Шевчук “Страна.ua” нашрига интервьюда унга амалдаги президент Пётр Порошенко томонидан босим бўлаётганини маълум қилган. Экспертларнинг фикрича, Порошенко шу тариқа ўзига содиқ конституциявий суд раисининг сайланишига уринмоқда.

Мавзуга оид