Жаҳон | 09:50 / 25.04.2019
12392
2 дақиқада ўқилади

Япония Путин ва Ким Чен Ин музокарасини диққат билан кузатаётганини маълум қилди

Фото: РИА Новости / Виталий Аньков

Япония Россия ва Шимолий Корея раҳбарлари ўртасидаги музокарани диққат билан кузатмоқда, деб маълум қилди Япония ҳукумати бош котиби Ёсихидэ Суга.

"Шимолий Корея билан боғлиқ вазиятни ҳукумат доимо катта эътибор билан кузатиб боради, маълумот тўплайди ва таҳлил қилади. Юқори даражадаги Россия-Шимолий Корея учрашуви ҳам диққат марказимизда турибди, аммо ҳозирча унинг натижаларини тахмин қилмай тураман", - дея унинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда NHK телекомпанияси.

У шунингдек, Япония Корея яриморолини ядросизлантириш борасида АҚШ, Жанубий Корея ҳамда Хитой ва Россия билан ҳамкорлик қилишини таъкидлаган.

Бугун, 25 апрелда Владивосток шаҳрида Россия президенти Владимир Путин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин ўртасида учрашув бўлиб ўтади.

Ушбу учрашув икки сиёсатчининг илк учрашуви ва Ким Чен Иннинг 2011 йилда ҳокимиятга келганидан кейин Россияга илк ташрифи бўлишидан ташқари, Ким Чен Иннинг Шимолий Корея давлат кенгаши раиси лавозимига апрелда қайта сайланишидан кейинги илк хорижий сафари ҳисобланади.  

Мавзуга оид