Спорт | 18:50 / 25.04.2019
15907
11 дақиқада ўқилади

Яраланган қуш ҳамон учмоқда. «Тоттенҳэм» қандай қилиб топ-клубга айланди?

Европанинг топ-клублари деганда «Барселона», «Реал», «МЮ», «Бавария», «Ювентус», «Ливерпуль» каби жамоаларни санашади. Бундай клублар сони ҳар куни ҳам кўпаявермайди. Масалан, барча мухлислар ҳам «ПСЖ» каби жамоаларни топ-даражада деб ҳисобламайди. Футболнинг инжиқ мухлислари бу даражани унча-мунча клублардан «қизғонади» ва топ-даражага кўтарилиш учун ҳар йили совринлар ютишнинг ўзини кам деб ҳисоблайди.

Мухлислар орасида ҳурмат қозониш ва топ-даражадаги клуб сифатида тан олиниши учун жамоаларда бир нарса бўлиши керак: АНЪАНА! Бугун Европада бир жамоа борки айнан мухлислар кўз ўнгида анъана яратаётгани сабаб топ-клуб сифатида қабул қилинмоқда.

Бу жамоа иккита трансфер ойнасида бирорта футболчи сотиб олмай ҳам Чемпионлар Лигаси ярим финалига чиқиши мумкин. Ҳа, «Тоттенҳэм»ни энди бемалол топ-клуб деб атай оламиз. Почеттинонинг йигитлари бирорта соврин ютмаган бўлишса-да, совринлар хонасида жой топилмай қолган кўчлаб бойвачча жамоалардан кўра кўпроқ мухлисга эга бўлиб бормоқда.

Машҳур футболчиларнинг ҳаётига, уларнинг керак-кераксиз финтларига қизиқадиган мухлислар масалан «ПСЖ» либосини кийиб, Неймарнинг таттоларини санаб юришлари мумкин, лекин ҳақиқий футболни, курашлардан иборат футболни ёқтирадиганлар «Тоттенҳэм»га бефарқ бўла олишмайди. Бу жамоанинг ўйини одамга чинакамига адреналин беради. «Тоттенҳэм» қандай қилиб сиз-у бизнинг кўз ўнгимизда топ-клубга айланди?

«Тоттенҳэм» охирги иккита трансфер ойнаси вақтида бирорта футболчи сотиб олмагани жамоанинг иқтисодий ҳолати яхши эмаслигини англатмайди. Биринчидан, клуб катта харажат қилиб (350-400 миллион фунт сарфлаб) стадион қурди. Иккинчидан, Почеттино футболчи сотиб оламан деб «ўлиб-тирилгани йўқ». Клуб хўжайини Дэниеэл Леви «Enic Group» инвестицион корхонаси акцияларининг катта қисмини назорат қилади ва у Британиянинг ўзига тинч бойларидан. Хуллас, «Тоттенҳэм» учун пул муаммо эмас. Шунчаки клуб сиёсатини катта трансферлар асосига қурмаяпти ва тўғри қиляпти. Леви 2001 йилдан буён «Тоттенҳэм»ни бошқариб келаётгани ҳам муҳим факт. Чунки клублар қўлдан-қўлга ўтиш натижасида парокандаликка учраши кўп кузатилган.

Реднапп даври

Википедиядан «Тоттенҳэм»нинг ўтмиши, машҳур футболчилари ва мураббийлари ҳақидаги маълумотларни кўчириб қўйишдан мантиқ йўқ, бизнингча. Келинг, яхшиси ўзимиз биладиган, ўзимиз гувоҳ бўлган даврлар ҳақида гаплашсак. «Тоттенҳэм»нинг бугунги даражага кўтарилишида машҳур англиялик мураббий Ҳарри Реднаппнинг ҳиссаси катта.

Айнан Реднапп мураббийлигида «Тоттенҳэм» илк марта янги форматдаги Чемпионлар Лигасида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлганди. 2009/10 йилги мавсумда жамоа АПЛда 4-ўринни қўлга киритиб, ЕЧЛ гуруҳ босқичига чиқиш учун саралашда қатнашганди. Саралашда «Янг Бойз»ни кўрдим демай мағлуб этган Гарет Бэйл ва жамоадошлари гуруҳ босқичига чиқишади. Гарет Бэйлнинг «Интер»га қарши ўйиндаги «яккахон концерти» ЕЧЛнинг айнан ўша мавсумига тўғри келганди. Гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритган «Тоттенҳэм» чорак финалда «Реал»га мағлуб бўлади (0:4, 0:1).

«Тоттенҳэм» олдин ҳам Европанинг асосий турнирида ўйнаган ва ҳатто ярим финалгача етиб борган. Аммо бу 60-70 йиллар олдинги гап, у вақтларда турнир Европа чемпионлари кубоги деб номланарди. Жамоа янги тарихида эса айнан Реднапп билан ЕЧЛга йўлланма олиб, янги ривожланиш босқичига кўтарилди. Ҳар қандай жамоанинг кўтарилиши учун халқаро майдондаги иштироки жуда муҳим. «Тоттенҳэм» ЕЧЛда чорак финалгача чиққанидан сўнг Гарет Бэйл футбол тарихидаги энг қиммат ўйинчига айланиб (ўша вақтда), «Реал»га кетди. Модрич ҳам айнан «Тоттенҳэм»даги ўйинлари сабаб «Бланкос»га таклиф қилинганди.

Бэйл ва Модрич кетганида «Тоттенҳэм» яна бир босқични босиб ўтди. Яъни, кўплаб янги порлаган жамоалар бошига тушадиган «етакчиларини бой бериш» босқичини. Клуб ўша вақтда Бэйл ва Модрич каби мегаюлдузларни ўз таркибида ушлаб қола олмасди ҳам. Чунки, дунёнинг энг машҳур клуби «Реал» қаерда-ю, АПЛда кучли тўртликка «суқилиб киргани» билангина мақтана оладиган «Тоттенҳэм» қаерда. Бугун эса жамоа етакчиларини бемалол сақлаб қола олади. Соврин ютмаётган бўлса ҳам. Масалан, ҳозир «Тоттенҳэм» Чемпионлар Лигаси ярим финалчиси, «Реал» эса Чемпионлар Лигаси 1/8 финалида «Аякс»га мағлуб бўлган испан клуби.

Почеттино даври

Реднапп кетганидан сўнг «Тоттенҳэм» бир муддат Андре Виллаш-Боаш ва Тим Шервуд қўл остида «сарсон бўлди». 2014 йил ёзда эса Леви клуб тарихидаги энг тўғри қарорлардан бирини қабул қилиб, «Саутҳэмптон»да самарали ишлаган Маурисио Почеттинони бош мураббий этиб тайинлади. Аргентиналик мураббийнинг «Уайт Ҳарт Лейн»даги фаолияти орзу қиларли даражада бошланмаганди.

Мураббий «Саутҳэмптон»дек фақат футболчи сотадиган клубдан «Тоттенҳэм»дек бой клубга келганидан сўнг «олди орқасига қарамай» трансферларни амалга ошириши мумкин эди, лекин бундай қилмади ва Эрик Дайер, Бен Дэвис, Федерико Фасио каби қиммат бўлмаган футболчиларни сотиб олди. Масалан, Дэвис ва Дайер ҳозиргача асосий таркиб футболчилари.

Почеттино бугунги асосий таркибини узоқ йиллар мобайнида териб чиқди десак бўлади. Ҳарри Кейнни айнан Почеттино ижарадан қайтарди ва асосий жамоага қўшди (2014 йил). Ўша йили қуйи дивизион жамоасидан Деле Алли сотиб олинди. «Аякс»дан сотиб олинган Кристиан Эриксен омадсиз трансферлар қаторида тилга олинадиган оддий футболчи эди. Бугун у Европанинг энг кучли ярим ҳимоячиларидан бири ва «Барселона» кимсан Иньестанинг ўрнига номзод деб қараётган плеймейкер.

Ўнг қанот ҳимоячиси Киран Трипьер асосий вингер Кайл Уокер «Сити»га сотиб юборилишидан кейин порлаб чиқди ва унинг ўйини шунчалик очилиб кетдики, Саутгейт жаҳон чемпионатида Уокер ҳамда Трипьернинг иккаласига ҳам асосий таркибдан жой топиб берди. Сон Хён Мин эса Почеттинонинг энг асосий кашфиёти. Ошиб борса Бундеслигада ўзини кўрсатган осиёлик футболчи деб қаралган Сон бугун бутун бошли ЕЧЛ ярим финалига чиққан жамоанинг асосий футболчиси (Кейн жароҳат олганини инобатга олсак, Сон асосий юлдуз).

Почеттинонинг талаби билан «Байер»дан сотиб олинган «Сонни» (уни мухлислар шундай чақиришади) биринчи мавсумида кутилган ўйин намойиш қилмади, лекин кейинчалик жамоанинг асосий футболчиларидан бирига айланди. «Тоттенҳэм» ҳужум тўртлигининг (Кейн-Алли-Сон-Эриксен) энг тезкор вакили бўлган кореялик юлдуз Чемпионлар Лигаси ярим финалида «Сити»ни мағлуб этишда асосий қаҳрамон бўлди.

Яраланган қуш

«Тоттенҳэм»нинг рамзи хўроз эканини биласиз. Аслида жўжахўроз. Унинг исми ҳам бор: Чирпи. Демак сарлавҳадаги қушнинг маъноси тушунарли, лекин нега яраланган дейсизми? Чунки Чемпионлар Лигаси чорак финалининг «Манчестер Сити»га қарши биринчи ўйинида жамоа етакчиси Ҳарри Кейн жароҳат олди. Унинг жароҳати Почеттинони шунчалик хафа қилдики, у футболчисига жароҳат етказган Фабиан Делфга эътирозини билдириш учун майдонга чиқиб кетди. Кейннинг жароҳати биринчи ўйинда ғолиб бўлганига қарамай, «Тоттенҳэм»нинг имкониятларини кескин тушириб юборганди.

Бироқ Почеттино шогирдлари асосий футболчиларисиз, яъни яраланган ҳолатда ҳам Англиянинг энг кучли жамоасини мағлуб эта олишди. «Тоттенҳэм» ЕЧЛ нимчорак финалидаёқ мусобақани тарк этиши айтилган ва «Боруссия»нинг янги авлоди «хўрозлар»ни енгиши тахмин қилинганди, лекин «Тоттенҳэм» дортмундликлар тўсиғидан осонлик билан ўтишди.

Финалгача эса бир қадам қолди. Финал остонасида «Реал» ва «Ювентус»ни мусобақадан чиқариб юборган «Акяс» кутиб турибди. Бу қарама-қаршиликда ҳам «Боруссия» ҳамда «Сити»га қарши ўйинларда бўлгани каби «Тоттенҳэм»нинг имконияти пастроқ баҳоланмоқда, аммо «Аякс» ЕЧЛ жорий мавсумида бу қадар ғалаба ва совринлар ўтида ёнаётган шижоатли жамоага қарши ўйнаб кўрмади. Шу сабаб «Тоттенҳэм» Кейнсиз Чемпионлар Лигаси финалига чиқса, бундан ажабланмаслик керак.

Дарвоқе...

Биз топ-клуб дейишга одатланган «Барселона», «Реал» «Ювентус» ёки «Бавария» каби жамоаларни бирлаштирадиган яна бир жиҳат бор. Уларда мамлакат терма жамоасининг кўплаб футболчилари ўйнашади. Бугун «Тоттенҳэм» мана шу жиҳатдан ҳам мақтаниши мумкин. «Уч шерлар»нинг энг асосий икки футболчиси Ҳарри Кейн ҳамда Деле Алли айнан «Тоттенҳэм» аъзоларидир. Улардан ташқари Киран Трипьер, Эрик Дайер, Дени Роуз ва Ҳарри Уинкс каби футболчилар ҳам терма жамоага мунтазам чақирилишади.

Хуллас, Англияда яна бир суперклуб пайдо бўлганидан хурсанд бўлишимиз керак. Ким билсин, ҳали вақти келиб «Тоттенҳэм» кўз ўнгимизда катта жамоага айланганини айтиб, мақтаниб ҳам қўярмиз...

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид