Спорт | 11:34 / 30.09.2024
10305
14 дақиқада ўқилади

Мадрид дербисида тўполон, «МЮ» йирик ҳисобда ютқазди. Кун ўйинлари

«Атлетико» ва «Реал» ўртасидаги ўйин мухлислар туфайли 20 дақиқага тўхтаб қолди, Винисиус провокация билан банд бўлди, мезбонлар қўшимча дақиқаларда гол уришди. «МЮ»да эса навбатдаги мураббий истеъфоси яқин.

Ла Лига. 8-тур
«Атлетико» — «Реал» 1:1
Голлар:
Корреа (90+5) — Милитао (64).
«Атлетико» – Облак, Рейнилду (Галан, 75), Хименес, Ле Норман, Молина (Коке, 46), Алварес (Рикелме, 75), Галлаҳер (Корреа, 70), Лоренте, Де Паул, Сёрлот (Лино, 56), Гризманн.
«Реал» – Куртуа, Менди, Милитао, Рюдигер, Карвахал, Беллингҳэм, Чуамени, Модрич (Васкес, 86), Валверде, Винисиус Жуниор (Эндрик, 87), Родриго (Фран Гарсия, 90).
Огоҳлантиришлар: Модрич (40), Ле Норман (63), Галлаҳер (70), Алварес (75). 
Четлатиш: Лоренте (90+8).

Турнинг асосий ўйини — «Атлетико» ва «Реал» ўртасида эди. Анчелотти жамоаси ла лиганинг ўтган мавсумидаги ягона мағлубиятини айнан «Сивитас Метрополитано»да қабул қилиб олганди. Ва бу сафарги ўйинга «Реал» уч ҳафтага сафдан чиққан марказий ҳужумчиси Мбаппесиз ташриф буюрди.

Бундай вазиятда амалдаги чемпионлар дерби арафасида схемани ўзгартиришига тўғри келди. Кутилганидек, «Реал» шунчаки базавий ишланмаларга қайтди — бу ўтган мавсумда муваффақият келтирганди. Гап Винисиус ва Родриго олдинда жойлашадиган 4-4-2 ҳақида бормоқда. Ўз навбатида, «Атлетико» ҳам ҳимояланганда 4-4-2 бўйича жойлашди — Гризманн ва Сёрлот олдинда қолишди, Алварес эса ҳимояланишда чап қанотга ўтди. Айрим ҳолатларда ҳатто ҳимоя чизиғининг бешинчи вакилига айланди.

Биринчи бўлим воқеаларга бой бўлмади. Кутилганидек, «Атлетико» мухлислари Винисиусга тинимсиз ҳуштакбозлик қилишди. Умуман, сўнгги вақтларда Мадрид дербиси арафасида айнан ушбу бразилиялик футболчи асосий мавзу бўлмоқда: «Атлетико» фанатлари у ҳақда қандай ҳақоратомуз қўшиқ куйлашади? Қаергадир унинг тулумини осишмайдими? «Сантияго Бернабеу»да уни қўллаб қандай акция ўтказилади? У «Метрополитано»да гол урган тақдирда рақсга тушадими?

Вини бу ўйинда майдонга тушмаслиги ҳам мумкин эди, у ўтган турда иккинчи сариқни олишга мос ҳаракатлар қилганди. Ҳатто Карло Анчелотти ўз юлдузи билан алоҳида суҳбат ўтказиб, ҳеч нарсага чалғимасликни сўради, қолган футболчиларга ҳам ҳакам билан баҳслашмаслик кўрсатма қилинди. «Алавес»га қарши ўйинда бундай эпизодлар ҳаддан ташқари кўп бўлган ва эътиборни бу ўйинга қаратишга халал берганди.

Бразилиялик доимгидек майдондаги энг фаол футболчилардан бири бўлди, жарима зарбалари ишлади, айрим ҳолатларда ҳеч қандай жиддий таъсирсиз ҳам газонга йиқилишдан тортинмади. 30 ёшли ҳакам Матео Бускетс Феррер бу даражадаги ўйинга илк бор тайинланиши эди (у фақат ўтган мавсумдан ла лига ўйинларини бошқара бошлаган), аммо бундай эпизодларни тўғри баҳолади.

Танаффусга қадар жамоалар у қадар кўп хавфли вазиятлар яратишмади. Валверде бир неча бор узоқ масофалардан зарбалар йўллади — ўйиндан ҳам, Винисиус ишлаган жарима нуқтасидан ҳам. Аммо бу Облакни ҳайрон қолдира олмади, словениялик посбон вазиятлардан бирида жарима майдони ичида Винисиусни алдаб ўтишга ҳам ўзида журъат топди. Мезбонларда энг хавфли вазият Алваресда юзага келди, унинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини Куртуа бартараф этди.

Сёрлот эса бир неча бор голли вазиятда турган шерикларига тўп узатмади, иккинчи бўлим бошида Симеоне уни Линога алмаштириб юборди, жамоа беш ҳимоячидан иборат схемага ўтди ва гол ўтказиб юборди. Иккинчи бўлимда меҳмонлар стандарт вазиятларга эътибор қаратди. Биринчи вазиятда бурчак зарбасидан кейин Родриго тепган тўп тўсиндан бироз юқоридан ўтиб кетди. Кейин Винисиус навбатдаги марта жарима зарбаси ишлади, Модрич тўпни тезда ўйинга киритиб юборди, чап қанотда Винисиус Де Паулни алдаб ўтди ва жарима майдонида ёлғиз қолдирилган Милитаони тўп билан таъминлади, у эса яқин масофадан кучли зарба йўллади, Облак зарбани тўсиши ҳам мумкин эди, аммо тўп йўл-йўлакай Лорентега тегиб, йўналишини ўзгартирди.

Бир неча дақиқа ўтиб футболни бир четга суриб туришга тўғри келди. Гап шундаки, Куртуа голни нишонлай туриб, қўлларини «Атлетико» фанатлари томон силкитди.

У бу орқали собиқ жамоаси мухлисларининг ўзига нисбатан ҳурматсизлигига жавоб қайтарганди. Ўйиндан олдин «Атлетико» шон-шуҳрат хиёбонида белгиялик дарвозабон учун ўрнатилган табличка устига чиқинди ташлаб кетилганди. Қилиғидан кейин мухлислар унга қарата ёндиргич улоқтиришди, у эса бу буюмни бош ҳакамга топширди.

Куртуа ишини давом эттирди ва зарбани қайтаришга чоғланди, шу вақтда унга қарата яна турли буюмлар улоқтирилди.

Арбитр ўйинни тўхтатди, мезбонларнинг фахрий футболчилари Коке, Хименес ва ҳатто Симеоне фанатларни (уларнинг бир қисми балаклава кийиб олганди) тинчлантириш учун боришди.

Вазият янада қизғин тус олиши мумкин эди, Винисиус ҳам фанатлар билан гаплашиш учун отланди, аммо уни Рюдигер тўхтатиб, бошқа томонга олиб кетди. Ҳакам жамоаларни майдондан олиб чиқиб кетди ва мажбурий танаффус 20 дақиқага чўзилди, бу эса ўйин суръатига таъсир кўрсатмай қолмади. 

«Реал» ҳисобда олдинда бораётганига қарамай, рақибидан кам ҳужум қилмади. Айтиш мумкинки, «Атлетико»да дербига тайёрланиш учун икки кун камроқ вақт бўлганди. Шунга қарамай, Линода ҳисобни тенглаштириш учун яхши вазият бўлди, аммо Куртуа яқин тўққизликка йўлланган зарбани тўсди.

Шундан кейин қаймоқранглилар ўйинни қуритишга киришди. Аммо бу сафар бу иш бермади. «Реал» анча барвақт ҳисоб учун ўйнашни бошлаб юборди. Алмаштиришлар анча эрта амалга оширилди, Эндрик эса ажойиб қарши ҳужумда икки қанотдаги шерикларини инкор қилиб зарба берди, аммо бу сафар — ЕЧЛ доирасида «Штутгарт»га қарши ўйинда бўлганидан фарқли ўлароқ, тўп дарвоза соҳасига тўғри бормади.

Ҳакам ўйинга саккиз дақиқа қўшиб берди ва бу дақиқалар бутун учрашувнинг воқеаларга энг бой қисми бўлди. 90+5-дақиқада «Атлетико» ҳисобни тенглаштирди. Иккинчи бўлимда майдонга туширилган Галан анча ичкаридан узатма берди, «матрасчилар» жокери Корреа дарвозабонни алдаб ўтиб, ҳимоячи босимига қарамай, бир амаллаб тўпни дарвозага киритди, аввалига офсайд ҳолати қайд этилди, видеотакрордан кейин Рюдигернинг тиззаси рақибининг танасидан олдинроқда бўлгани ойдинлашди. Бу гол «Реал» учун ҳам, Анчелотти учун ҳам ва Эндрик учун ҳам сабоқ бўлди.

Кейин эса VAR яна бир бор вазиятга аралашиб, Лоренте қанотда Фран Гарсиянинг оёғига бутсасининг остки қисми билан зарба берганини кўрсатди, ҳакам эса сариқни қизил карточкага алмаштирди.

Сўнгги сонияларда Тчуамени тўпга бош билан ўйнашга уриниб, Ле Норманга зарба бериб юборди ва газонда оғриқдан қийналиб ётди. Шу билан учрашув якунланди. «Реал» икки очко йўқотди, аммо мағлубиятсиз сериясини 40 ўйинга етказди (28 ғалаба, 12 дуранг). Ла лигада бу борада бундан яхшироқ серияни (43 ўйин) 2017-2018 йиллар мавсумида «Барселона» қайд этган.

Чемпионатнинг бу мавсумида фақат «Реал» ва «Атлетико» ҳозирча мағлубиятсиз давом этмоқда, «Барселона» саккизинчи турга келиб илк бор очко йўқотди ва ютқазди, аммо пешқадамликни сақлаб қолди. «Реал» билан орадаги фарқ – уч очко.

«Реал»ни олдинда қуйидаги ўйинлар кутмоқда: «Лилл» (сафар), «Вилярреал» (уйда), «Селта» (сафар), «Боруссия» Дортмунд (уйд) ва 26 октябр куни уйда «Барселона»га қарши класико.

«Атлетико» «Бенфика» (сафарда), «Соседад» (сафарда), «Леганес» ва «Лилл» (иккиси уйда) билан ўйнайди.

«Тоттенҳэм» кўпчилик бўлиб ўйнаб, «МЮ»ни яксон этди. Тен Ҳаг истеъфоси ҳақидаги гаплар яна авж олди

АПЛ, 6-тур
«Манчестер Юнайтед» — «Тоттенҳэм» 0:3
Голлар:
Жонсон (3), Кулусевски (47), Соланке (77).
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Далот, Мартинес, де Лигт, Мазравий, Угарте (Эриксен, 73), Майну (Маунт, 45), Фернандеш, Рэшфорд (Ҳойлунд, 73), Гарначо, Зиркзе (Каземиро, 46).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Удожи (Спенс, 46), ван де Вен (Дрэгушин, 81), Ромеро, Порро, Мэддисон (Сарр, 77), Бентанкур, Кулусевски, Вернер (Бергвалл, 77), Соланке, Жонсон (Мур, 76).
Огоҳлантиришлар: Мазравий (34), Далот (39), Жонсон (45+1), Маунт (45+4), Спенс (54), Мартинес (55), Угарте (65), Порро (73).
Четлатиш: Фернандеш (42).

«МЮ» ва «Тоттенҳэм» ўртасидаги ўйинлар камдан кам ҳолларда зерикарли ва голсиз бўлади. Улар ўртасидаги 0:0 ҳисоби охирги бор 2014 йилда қайд этилганди. Ўшанда пойтахт клубини Маурисио Почеттино бошқарар, манкунианликлар рулида Луи ван Гаал эди.

Шундан буён кўп нарса ўзгарди, жумладан икки жамоада бош мураббийлар ҳам. Ва икки жамоа ҳам мавсум стартини яхши бошлай олмади. «МЮ» ва «Тоттенҳэм» ўзаро учрашувгача 5 турда 7 тадан очко жамғариб, турнир жадвалининг ўрта қисмида жойлашганди, асосий учликдан анча ортда қолишганди. 

Аммо Анге Постекўғли раҳбарият ишончига эга бўлса, Эрик тен Ҳагнинг жамоадаги тақдири анчадан буён қил устида турибди. Шу кунларда Daily Mail аллақачон унинг ўрнига бошқа мутахассис қидирилаётгани ҳақида ёзди. Инглиз журналистларига кўра, бу ўйин нидерландиялик учун ҳаёт-мамот ўйини бўлиши лозим эди.

«Шпорлар» ўйинни худди «Олд Траффорд» ўз стадионидек бошлади ва бир неча тезкор ҳужумлар уюштирди. Улардан бири эса гол билан якунланди. Тасвирларга қараганда бу жуда осон урилгандек кўринади.

Ҳимоячи ван де Вен катта тезликда тўп билан 50 метрдан ортиқ масофага югуриб, майдоннинг иккинчи қисмидан рақиб жарима майдонигача борди ва нариги қанотдаги Жонсонни тўп билан таъминлади — у фақат тўпга оёқ қўйиши қолганди. Бу вақтда Далот кимни қўриқлагани тушунарсиз.

«Тоттенҳэм» шундан кейин ҳужумкор ўйнашда давом этди. Манкунианликлар анчагача уйғона олмади. Дастлабки 15 дақиқаликда улар умуман майдоннинг иккинчи ярмидан ўта олишмади. Биринчи хавфли вазият фақат бўлим ўрталарига келиб юзага келди — аммо Зиркзенинг зарбаси ўхшамади.

«Тоттенҳэм»да эса барчаси ўхшади. Жонсон дублга эришиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси устунга тегди, Ромеронинг «қайчи» услубидаги зарбаси гол бўлишига бир бахя қолди. Вернер дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдалана олмади. Мезбонлар яна бир неча хавфли ҳужумларни сариқ карточкалар эвазига тўхтатишди.

Операторлар тез-тез тен Ҳагни намойиш этиб туришди, у ёки ўйланганча майдон четида турар ёки умидсиз ҳолатда Руд ван Нистелрой билан ниманидир муҳокама қиларди.

«МЮ» сафидаги ягона ёрқин футболчи реактив тезликка эга Гарначо бўлди. Аргентиналик вингер ўнг қанотда тез-тез олдинга ўтди ва гол уришга ҳам яқин келди. Унинг ҳаводаги тўпга берган зарбасидан кейин меҳмонларни устун қутқариб қолди. Аммо унинг ёлғиз ўзи жамоани олдинга бошлай олмасди. Кейин эса баҳсли эпизод юзага келди — «МЮ» сардори Бруну Фернандешга тўғридан тўғри қизил карточка кўрсатилди. Клубдаги 242 ўйинида биринчи марта.

Фернандеш зарурати йўқ жойда Мэддисоннинг оёқларига ташланди. Португалиялик футболчининг ҳаракати агрессив кўринсада, зарба қаттиқ эмасди. VAR Крис Каванани мониторга чақирмади ва қарор ўз кучида қолди. Сардорлик боғичи Лисандро Мартинесга ўтди. Тен Ҳаг Майну ўрнига Маунтни тушири. Кейин жамоалар танаффусга йўл олишди.

Иккинчи бўлим ҳам биринчиси каби бошланди — «Тоттенҳэм»нинг тезкор голи билан. Фақат бу сафар ассистент вазифасини Жонсон бажарди. Уэлслик футболчи жарима майдонига ёриб кирди ва қулай вазиятдаги Кулушевскини тўп билан таъминлади, швециялик футболчи осонлик билан Онанани доғда қолдирди. 

Манкунианликлар бир киши кам ва икки тўп фарқи билан ортда бораётганига қарамай ҳужумга ўтишди ва бир неча хавфли вазиятлар яратишди. Яна Гарначо ажралиб турди. Каземиронинг яқин масофадан йўллаган зарбаси ҳам хавфли чиқди. Қолаверса, тўп рақиб қўлига теккан ҳолатларда меҳмонлар дарвозасига пеналти қўйилмади.

77-дақиқада «Тоттенҳэм» учинчи голни урди ва ўйин масаласини ҳал қилди. Тўп бурчакдан оширилганида Сарр Каземиро билан курашда устун келди ва унинг узатмасидан кейин Соланке икки метр масофада туриб тўпни дарвоза тўрига киритиб юборди. «МЮ»нинг муаммолари шу билан тугамади ва Маунт навбатдаги марта жароҳат олди. Майдон марказидаги асосий футболчиларидан айрилган ва турнир жадвалида 12-ўринга тушиб кетган жамоани кейинги турда «Астон Вилла» майдонига сафар кутмоқда. Нидерландиялик мутахассиснинг клубдаги умри тугамоқда.

 

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

Томорқа – ризқ ва даромад манбаи 

7Media Group: Янги LED-экранлар Қамчиқ довонида

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи