Англия: бир ўйинда саккиз гол

«Эвертон» – «Тоттенҳэм» 2:2
Голлар: 0:1 – 4 Ришарлисон, 1:1 – 30 Ҳаррисон, 1:2 – 41 Ришарлисон, 2:2 – 90+4 Жарред Брэнтуэйт.
«Эвертон» – Пикфорд, Янг (Шермити, 80), Годфри (Коулмэн, 75), Тарковски, Брэнтуэйт, Миколенко, Гуйе, Ҳаррисон, Гарнер, Кэлверт-Люин (Бету, 85), Макнил (Доббин, 85).
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, ван де Вен, Удожи, Ҳейберг (Дрэгушин, 89), Мэддисон (Ҳил, 86), Бентанкур (Сарр, 64), Жонсон (Кулусевски, 64), Вернер (Скипп, 86), Ришарлисон.
Огоҳлантиришлар: Годфри (60), Гарнер (90), Доббин (90).

«Тоттенҳэм»нинг бу мавсумдаги ўйинлари трансляциясини ҳеч иккиланмасдан «Кўриш тавсия этилади» ёзуви билан белгилаш мумкин. Натижаси қандай бўлишидан қатъи назар бу жамоанинг ўйинлари зерикарли бўлмаслиги аниқ, сардор ва етакчи Сон Хин Мин Осиё Кубогига кетгани ҳам жамоа ўйини томошабоп бўлишига таъсир кўрсатгани йўқ. Кореялик ҳужумчи йўқлигида олиб келинган Вернер таркибга идеал даражада қўшилиб кетди, Мэддисон жароҳатдан тузалиб сафга қайтгани эса майдон марказини кучайтирди. Қўшимчасига Ришарлисон юқори спорт формасига чиққан ва бу мавсумдаги голлари сонини ўнтага етказиб олди.

Айниқса иккинчи гол урилган вазият катта таассурот қолдирди, бу ҳужумда Мэддисон тўпни бразилиялик шеригига шунчалик аниқлик билан етказиб бердики, унда гол урмасдан бошқа вариант қолмаганди. Шу билан бирга, Ришарлисон собиқ жамоаси билан ўйинда урган голлари учун мезбон мухлислардан узр сўради, у ўз вақтида «Гудисон Парк»дагиларни АПЛни тарк этишдан қутқариб қолганди, аммо шанба кунги ўйинда ҳам, биринчи даврадаги ўйинда ҳам ушбу жамоа мухлисларини ранжитди.

Аммо «шпорлар»га икки гол ҳам ғалаба учун етарли бўлмади, қўшиб берилган дақиқаларда «Эвертон» ҳисобни тенглаштиришга эришди. «Ирислар» «шпорлар»нинг прагматик бўла олмаслигидан фойдаланди. Ҳисобни сақлаш учун ўйнай олмайдиган «Тоттенҳэм» — бу мавсумда 90-дақиқадан кейин ўтказиб юборилган голлар сони бўйича тенгсиз (8).

«Шеффилд Юнайтед» – «Астон Вилла» 0:5