Ўзбекистон | 19:30 / 26.04.2019
23109
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасини бориб кўрди

Хитойда амалий ташриф билан бўлиб турган Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни Ўзбекистоннинг Пекин шаҳридаги элчихонаси янги биносини кўздан кечирди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳалар, жумладан, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, технологиялар, энергетика, маданий-гуманитар йўналишларда фаол ривожланиб бормоқда.

Дипломатик ваколатхонанинг уч қаватли янги биноси фарғоналик усталар иштирокида миллий бунёдкорлик анъаналари ва замонавий меъморчилик ютуқлари асосида бунёд этилган. Иморат Пекин шаҳри марказидаги Чаоянг ишбилармонлик мавзесида, АҚШ, Япония, Малайзия, Сингапур каби давлатлар элчихоналари билан ёнма-ён жойлашган.

Фото: ЎзА

Бу ерда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қабул қилиш, сифатли консуллик хизматлари кўрсатиш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун барча шароит яратилган.

Биринчи қаватда музокаралар, ишбилармонлик ва маданият тадбирларини ўтказишга мўлжалланган «Самарқанд», «Бухоро», «Хива», «Қўқон» заллари жойлашган. Дарвозадан кираверишдаги айвон халқ анъаналари ва бой маданиятини акс эттирган.

Фото: ЎзА

Давлат раҳбари бу ердаги шароитлар билан танишар экан, мазкур даргоҳ миллий услубда безатилганига мамнуният билдирди ҳамда у Хитой томонининг мамлакат билан ҳамкорликка юксак эътибори намунаси эканини таъкидлади.

Ушбу элчихона халқларни янада яқинлаштирадиган, турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтирадиган, маданиятлар бир-бирини ўзаро бойитадиган марказ бўлади. Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган янги ғоя ва ташаббусларни ишлаб чиқишга хизмат қилади.

Фото: ЎзА
Фото: ЎзА
Фото: ЎзА
Фото: УзА

Мавзуга оид