Жамият | 19:44 / 26.04.2019
86902
9 дақиқада ўқилади

Тошкент денгизидан тутилган балиқ шов-шув бўлди. Балиқчи-браконьерлар сувдан қуруқ чиқадими?

Кеча, 25 апрель куни интернетда бир гуруҳ балиқчилар Тошкент денгизида 35 килограммлик балиқ овлагани суратлари тарқалиб, шов-шувларга сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда балиқчиларни омадли ва маҳоратли деб мақтаганлар етарлича топилди. Улар орасида бу суратдан илҳомланиб, ўзи балиқ тутишга шайланганлар ҳам йўқ эмасди. Kun.uz мухбири танганинг иккинчи томонини ҳам ўрганиш мақсадида соҳа вакилларига мурожаат қилди.

«Мақтайдиган нарса эмас, аксинча...»

«Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси вакилларининг айтишича, кўпчиликнинг ҳавасини келтирган суратдаги «қаҳрамон-балиқчилар»ни мақташ мутлақо ўринсиз, чунки улар – браконьерлардир.

«Бу хабар тарқалганидан биз хавотирга тушдик, чунки бу – ноқонуний нарса. Расмларни кўриб, 35 килограммлик балиқ овлангани одамларни ҳавасини келтирди. Ваҳоланки, бу браконьерликка киради. Уни тарғиб қилиш эмас, унинг ёмон оқибатларини кўрсатиш керак.

Бу – мақтанадиган, хурсанд бўладиган нарса эмас. Кимдир ҳавзани ижарага олиб, ўз ҳисобидан уни балиқлантирган, ем берган; кимдир эса тайёр етиштирилган балиқни кечаси келиб овлаб кетяпти, кейин уни сотиш орқали шахсий манфаат кўряпти», – дейди уюшма раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов.

Балиқчи-браконьерлар «авжига чиққан» пайт

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда йилнинг бу пайтида табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш мумкин эмас.

Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятларидан ташқари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида 15 апрелдан 1 июнга қадар табиатда балиқ овлаш тақиқланади, юқоридаги икки ҳудудда эса бу муддат – 25 апрелдан 10 июнгача. Бироқ, шунинг баробарида балиқчиликда айнан ҳозир – браконьерлик энг авж олган пайтдир.

«Бу оралиқ муддат – балиқларнинг кўпаядиган даври, бу пайтда табиий ҳавзаларда балиқларга антропоген таъсир бутунлай тақиқланади», – дейди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев.

Унинг тушунтиришича, бу даврда ҳамма балиқ турлари икра ташлаш учун қирғоққа чиқади. Балиқлар илиқроқ, кислород сероб бўлган саёз жойларга чиқиб, ўт-ўланларга уруғ ташлайди. Уларда бу пайтда фаоллик ҳам пасаяди, қўлга тушириш анча осонлашиб қолади.

«Браконьерлар эса айнан шундан – балиқларнинг икра қўйиш пайтидаги пассивлигидан фойдаланишади. Улар саёзликка чиқадиган балиқларни калтаклар билан кутиб туришади. Йилнинг бошқа пайти бўлганида бундай катта балиқни ушлаш осон бўлмасди», – дейди Исмоилхўжаев.

«Омадли балиқчилар» сурати эски бўлса-чи?

Юқорида таъкидланганидек, 15 апрелдан кейин Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида табиатда балиқ овлаш ман этилади. «Потребитель.уз» гуруҳида суратдаги 35 килограммлик балиқ Туябўғиз сув омборида 24 апрель куни овлангани айтилган. Бу эса «маҳоратли» балиқчилар аслида браконьер бўлиши мумкинлигига ишора қилади.

Албатта, суратдаги «муваффақиятли ов» манбада ёзилганидан аввалроқ, яъни балиқ тутиш тақиқланган кунлар ҳали бошланмай туриб рўй берган бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Лекин шундай бўлган тақдирда ҳам, бу балиқчиларни қаҳрамонга чиқариб бўлмайди – улар «Ташморе»ни ижарага олган балиқчилик корхонасига алоқадор одамлар эмас.

«Агар бу расмдаги балиқ 15 апрелдан олдин овланган бўлса, унда бу ерда бошқа масала бўлади. Президентнинг 2017 йил 1 майдаги 2939-сонли қарорига асосан, Ўзбекистонда табиий сув ҳавзалари, сув омборлари танҳо фойдаланишга «Ўзбекбалиқсаноат»га берилган. «Ўзбекбалиқсаноат» эса Тошкент денгизини «Golden Fish Group» ташкилотига 10 йил муддатга ижарага берган.

Яъни «Ташморе»дан балиқ овлаш фақатгина шу корхонага рухсат этилган. Суратдаги балиқни тутганлар бу ташкилот ходимлари эмас», – деди «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов.

35 кг.лик балиқ ноқонуний овланди – бундан ким қанча зарар кўради?

Соҳа вакилларига кўра, она балиқнинг вазнидан 10-15 фоизини унинг икраси ташкил қилади.

«Агар бу 30 кг.лик балиқ бўлган бўлса, бу дегани у камида 3 кг икра ташлаши керак эди. 1 кг икрада 1 миллионта уруғ бўлади. Бу дегани – 3 миллион уруғ. Ўшанинг 50 фоизи тирик қолса ҳам, 1,5 миллионтаси личинкага, ундан 1 миллиони чавоққа айланарди. Демак, суратдаги ҳолатда 1 миллионта балиқни йўқотдик. Бу – ғирт браконьерлик», – таъкидлади Шуҳрат Раҳматов.

Раҳматовнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси бу каби ҳолатларни назоратга олиши керак.

«Нафақат мазкур ҳолат, балки бошқа ҳудудларда ҳам худди шунақа. Ҳозир катта-катта балиқлар уруғ қўяётган пайтида овланяпти. Мутасадди ташкилотлар эса бунга эътибор қаратишмаяпти. Бир вақтлар «Узрыбохрана» шу нарсага жавоб берарди, бугунги кунда бу ташкилот йўқ, унинг ваколатлари Давлат экология қўмитаси бошқармаларига берилган», – дейди у.

Kun.uz ҳозирча Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасидан бу борада изоҳ ола олганича йўқ. Тегишли идоралар суратдаги 35 кг. тош босувчи балиқ ови борасида ўрганишлар олиб борганми-йўқми, овчиларга қандайдир чора қўлланган-қўлланмагани тўғрисида маълумот таҳририятда мавжуд эмас. Шунингдек, «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси расмийлари ҳам бу борада уларда ахборот мавжуд эмаслигини билдиришди.

Ноқонуний балиқ овлаш – жиноят эмас

«Ўзбекбалиқсаноат» вакилларининг сўзларига кўра, Ўзбекистон қонунчилигида балиқчи-браконьерларга қарши жиноий жавобгарлик кўзда тутилмаган. Қўлланилаётган маъмурий чоралар эса етарлича самара бермаяпти.

«Бу масалада энди таклиф киритяпмиз, яъни такроран содир этилганда жиноий жавобгарликка тортиш масаласини кўтаряпмиз», – деди уюшма бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев.

Ташкилот раиси ўринбосари Шуҳрат Раҳматов ҳам ноқонуний балиқ овлашга қарши қонунчиликдаги чоралар етарлича жиддий эмас, деб ҳисоблашини айтди.

«Кимнидир чорвасини ўғирласанг, жиноий жавобгарликка тортиласан. Лекин балиқларни ноқонуний йўл билан овлаш борасида қонунчилигимиз «юмшоқ» ёзилган. Балиқ ўғирлаган браконьерларни маъмурий эмас, қанчадир миқдордан кейин жиноий жавобгарликка тортиш зарур.

Табиий ҳавзаларни ижарага олган ижарачиларда ўзларини браконьерлардан ҳимоя қилишга ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқи йўқ, улар ўзларини ҳимоя қила олишмаяпти. Мутасадди ташкилотга мурожаат қилишса ҳам, ноқонуний балиқ овлаганларга маъмурий жарима қўллаш билан чегараланиб қолиняпти. Маъмурий жарима эса браконьерларга ҳеч қанақа таъсир ўтказмаяпти», – дея қайд этиб ўтди Раҳматов.

Расмийларнинг фикрича, айниқса ноқонуний овлаш анжомларини олиб кириш ва фойдаланишга нисбатан жавобгарликни кучайтириш керак. 

«Чегарадан электроқармоқ, илашма тўрлар, портлатиш воситалари олиб ўтилишига чек қўйишимиз керак. Уларнинг ҳаммасини ҳам божхонадан олиб ўтишга тақиқ қўйилмаган. Масалан, лескадан ясалган сеткани Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш мумкин, лекин ундан фойдаланиш тақиқланган. Чунки бу усулда балиқ тутишда овланган балиқдан ташқари унинг атрофидаги балиқларга ҳам стресс бўлади, натижада улар озиб кетади, касалланиш кузатилади, жароҳат олади», – дея тушунтирди «Ўзбалиқсаноат» уюшмаси бўлим бошлиғи Камолхўжа Исмоилхўжаев.

«Ҳатто 500 килограммлик балиқлар ҳам бор»

Уюшма вакилларининг қайд этишича, «Ташморе»да овланган, олачипор ёки пестрик экани айтилаётган 35 килограммлик балиқни Ўзбекистон шароитида ўта ноёб ҳодиса деб бўлмайди.

«Ўзбекистондаги сув омборларида 500 кг келадиган лаққа балиқлар ҳам учраб туради. Балиқ – чексиз ўсадиган жонзот, қулай муҳит ва озуқаси бўлса бўлди», – дейди Исмоилхўжаев.

Маълумот учун, 2018 йил давомида Ўзбекистонда жами 94 минг тонна балиқ овланган бўлиб, бу – 2017 йилги кўрсаткич билан таққослаганда 112 фоизга кўпроқдир. Республика бўйича энг кўп балиқ Жиззах ва Навоий вилоятларида овланади, бу Айдар-Арнасой кўллар тизимининг жойлашуви билан боғлиқ. Балиқ овлаш ҳажми бўйича кейинги ўринларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятлари туради.

Мавзуга оид