Жамият | 23:42 / 26.04.2019
5991
5 дақиқада ўқилади

Халқаро эксперт: «Ўзбекистон ҳукумати ривожланган мамлакатлар тараққиёт йўлини таҳлил қилиши керак»

Халқаро эксперт, «Reed Smith» халқаро юридик фирмасининг партнёри Девид Бутчер Ўзбекистон ҳукумати тезкорлик билан ривожланаётган мамлакатлар тараққиёт йўлини чуқур таҳлил қилиши керак, деб ҳисоблайди. У Tashkent Law Spring форуми доирасидаги инвестиция мавзусига бағишланган муҳокама сессиясида Ўзбекистон ҳақидаги фикрларини баён этди.

“Турли кўрсаткичлар бўйича юқори рейтингларни эгаллаган давлатлар бунга қандай қилиб эришди, уларнинг ривожланиш сири нимада? Буни чуқур тадқиқ этиш, керакли хулосаларни амалиётга жорий этиш лозим. Тўғри, Ўзбекистон ҳам ривожланяпти, аммо бу кўрсаткич ҳали керагидан паст”, – дейди мутахассис.

Эксперт Ўзбекистонда масъулияти чекланган жамиятлар, қўшма корхоналар сонининг ортиб бораётганини ютуқ сифатида эътироф этди ҳамда инвестицион муҳитни яхшилаш борасида ўз тавсияларини билдирди:

─ Қўшма корхоналар тузишда шартнома талабларини максимал даражада соддалаштириш лозим. Инвестор муайян келишувга эришиш учун қанча вақти ва меҳнати кетишини чамалаб кўради. Ҳаммаси содда ва ихчам бўлиши керак. Ортиқча қоғозбозлик ёки қандайдир чекловлар инвесторни итаради. Ҳукумат мунтазам равишда инвестор билан мулоқотни сақлаб қолиши зарур. Очиқ сўранг: у нимани истаяпти, унга қандай шароит етишмаяпти? Ҳукумат ва бизнес ўртасидаги мулоқот қанчалик очиқ бўлса, унинг ишончилилик даражаси шунчалик ортади. Иқтисодий ва ҳуқуқий кўрсаткичлар аниқ, ишонарли, ва энг асосийси, очиқ бўлиши муҳим.

Буюк Британиялик мутахассис Саймон Кокс халқаро инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида нималарга аҳамият қаратиш керакли хусусида сўз юритди.

“Ҳар қандай инвестор пул тикишдан олдин мамлакатдаги бир неча жиҳатларга эътибор қаратади: сиёсий барқарорлик мавжудми, қонунчиликдаги ўзгаришлар баланси қандай ва улар ижобийми, кредит олиш тартиби муаммо туғдирмайдими, малакали ишчи кучи мавжудми, давлатнинг хусусий сектор фаолиятидаги роли қанчалик, қўшни давлатлар билан муносабатлар қандай йўлга қўйилган? Мана шу саволлар орқали сармоядор инвестицион муҳит ҳақида тасаввурга эга бўлади”, – дейди у.

Шунингдек, эксперт давлат ҳисоботларининг ҳаққоний бўлишига ҳам аҳамият қаратди: “Агар мамлакат ташқи инвесторларни жалб қилмоқчи бўлса, ўзидаги иқтисодий ҳолат ҳақида доимий равишда ҳаққоний ҳисоботларни эълон қилиб бориши лозим. Бу ерда қайси инвесторлар ишлаяпти, улар ўз ишини қандай йўлга қўя олди, қанчалик фойда кўрди? Шу каби маълумотлар очиқ эълон қилинса, маблағ эгасини жалб қила олиш мумкин”.

Муҳокама сессияси давомида Инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Лазиз Қудратов Ўзбекистондаги инвестицион муҳит ҳолати бўйича маъумот берди:

─ Ўзбекистонда кадарларнинг салоҳияти юқори даражада. Аҳолининг зиёлилик даражаси қарийб Сингапурники билан тенг. Биринчи синфданоқ болаларга инглиз тилини ўқитиш амалиёти жорий этилган. Етмишдан зиёд олий таълим муассасалари ҳамда бир қанча хорижий университетларнинг филиаллари фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, Ўзбекистонда катта ҳажмдаги хилма-хил табиий бойликлар мавжуд.

Инвестицион муҳитни яхшилаш мамлакат тараққиёт стратегиясининг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади. Аҳоли ўрта қатламига эътиборни кучайтириш, иқтисодиётни либераллаштириш ҳамда унда хусусий секторнинг ролини ошириш кабилар муҳим аҳамиятга эга.

Лазиз Қудратов мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш мақсадида амалга оширилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.

“Ўзбекистонда тўғридан тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилган. 1 млрд доллар маблағга эга мазкур жамғарма инвесторга бизнесни йўлга қўйишдаги рискларни камайтириш, таянч бўлиш каби вазифаларни бажаради. Шу билар бирга, Президент ҳузурида Халқаро инвесторлар кенгаши тузилди. Бу орқали инвесторлар билан бевосита мулоқот қилиш, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича фикр алмашиш имконияти юзага келди. Виза тизимининг соддалаштирилгани, Вазирлар Маҳкамасининг ихчамлаштирилгани ҳам шу соҳадаги ҳаракатлар сирасига киради”, – дейди у.

Вазир ўринбосарининг маълумот беришича, илгари асосан тоғ-кон, нефт қазиб чиқариш, кимё саноатига сармоя киритилган бўлса, яқин йилларда тўқимачилик, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ҳам инвесторлар қизиқиш билдирмоқда. Ўзбекистон бизнес қилиш рейтингида 2012 йилда 166-ўринни эгаллаган бўлса, 2019 йилда 76-ўринга кўтарилган. Мамлакатнинг йиллик ривожланиш кўрсаткичи халқаро ташкилотлар томонидан 5-6 фоиз дея баҳоланган.

Мавзуга оид