Бу йилги баҳор фаслининг серёғин келиши республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли учун қатор ноқулайликларни келтириб чиқарди.

Айниқса, тинимсиз ёғган ёмғир шундоқ ҳам иссиқ кунларда чанг аримайдиган, ёғингарчиликда лойга айланадиган олис қишлоқлар йўллари янада абгор бўлишига сабаб бўлди.

Kun.uz таҳириятига Қашқадарё вилояти, Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласидан бир қатор муаммолари билан мурожаат қилган фуқароларни қийнаётган масалаларни ўрганиш жараёнида шундай ҳолатга гувоҳ бўлдик.

«Маҳалламиздаги Мустақиллик номли кўчанинг 5-22 кварталлари орасидаги йўллар ботқоққа айланди. Фарзандларимиз узоқдаги мактабга бориб келишга қийналишмоқда. Сабаби, бу ерда мактаб ҳам, боғча ҳам йўқ. 3-4 километрга мактабга қатнашга мажбур. Ўзимиз юришга қийналаётган бундай ботқоқ йўлда фарзандларимиз қандай юрсин? Яна бир муаммомиз бу электр энергиясидир. Симёғочлар талабга жавоб бермайди. Шу ердаги аҳоли пул йиғиб, қўлбола қилиб ўрнатганмиз. Уй рақамларида ҳам чалкашликлар бор. Айрим уйларга бир хил рақам берилгани учун тўлов қоғозлари ҳам адашиб келади. Қарзи йўқ хонадонга асоссиз қарзлар ёзилади. Муаммоларимиз кўп, аммо бир неча йиллардан буён ҳал бўлмай келмоқда», – дейди Бекзод Сатторов.

Ушбу эътирозлар асосида «Отчопар» маҳалласи Мустақиллик кўчаси 5-22 кварталлар оралиғидаги эътирозларга сабаб бўлаётган ҳолатларни кўздан кечирдик. Йўлларнинг ҳолати ҳақиқатан ҳам ачинарли. Сув ва лойга айланган йўллардан зўрға ҳаракатландик. Мактабга қатнайдиган болажонларнинг бу ботқоқда ҳаракатланиши ва ачинарли аҳволини ҳис қилдик.

Симёғочлар жуда паст жойлашган ва аҳоли учун хавф туғдирадиган даражада. Сабаби, бу симёғочларни аҳоли ўз маблағлари ҳисобига қўлбола қилиб ўрнатишган. Аҳолининг айтишича, симёғочлар пастлиги туфайли уларни чўп билан ўйнаган ёш болаларнинг икки нафарини ток урган.

Қизиғи, маҳалланинг ушбу қисмидаги аҳоли хонадонлари ва лой кўчалар устидан юқори кучланишли электр энергияси тармоғи ўтган. Бу умуман мумкин бўлмаган ҳолат. Юқори кучланишли электр энергияси тармоғи сабабли аҳоли доимо хавфда яшашга мажбур. Аҳолига қандай тартибда, қандай ҳолатда бундай тарзда уй қуришга рухсат берилгани, ер ажратилгани тушунарсиз ҳолат. Хавфсизлик талаблари умуман ҳисобга олинмаган.