Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган оммавий тадбирлар ташкил этилди
Жорий йил 27 апрель куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб навбатдаги соғлом турмуш тарзи тарғиботига бағишланган оммавий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, пойтахт марказидаги “Меҳржон” хиёбонида 5 километр масофага фаол юриш ва муассасалараро спорт мусобақалари, жумладан, арқонда сакраш, шахмат, шашка, волейбол, стол тенниси, бадминтон, тўсиқлардан ўтиш эстафетаси ўтказилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, жисмоний фаоллик – соғлом турмуш тарзи ва тананинг тўғри ишлашини таъминлашда зарур омил ҳисобланади. Зўриқишларсиз ва мунтазам жисмоний фаолият тананинг тўғри ишлашини таъминлайди. Жисмоний фаоллик борасида чеклов йўқ. Уни турли машғулотлар орқали амалга ошириш мумкин. Бунда жисмоний машқлар учун кунига 20-30 дақиқадан кам бўлмаган вақт ажратиш тавсия этилади. Масалан, юриш, эрталабки бадан тарбия, велосипедда сайр ва бошқалар. Амалга оширилаётган ҳаракатлар давомий ва тизимли бўлгандагина янада самарали таъсир кўрсатади.
Мутахассисларнинг фикрича, болалар ва ўсмирлар қуйи жисмоний фаолликдан юқори даражадаги фаолликка қадар кун давомида 60 дақиқадан кам бўлмаган вақтда шуғулланиши керак. Қолаверса, таянч-ҳаракат тизимига йўналтирилган машқлар ҳафтасига камида 3 марта бўлиши тавсия этилади.
18-64 ёшдаги катталар ўртача жисмоний фаолликка ҳафтасига икки ярим соат, фаол ҳаракатлар учун эса бир ярим соатдан кам бўлмаган вақт ажратишлари лозим. Инсон учун фойдали, тана аъзоларини бир маромда ишлаши учун ўртача фаол ҳаракатлар ҳафтасига беш соатгача ошириш, жисмоний машқларни эса ҳафтасига 2-3 марта бўлиши мақсадга мувофиқ. 65 ёшдан ошган инсонлар соғлигидан келиб чиқиб, сокин ва кам жисмоний фаоллик ҳафтасига 150 дақиқадан кам бўлмаган вақт ажратишлари мумкин. Албатта, ушбу ҳаракатлар шифокор билан келишилган ҳолда амалга оширилиши зарур бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳар ҳафтада ташкил этилаётган ушбу оммавий тадбирларда қатнашувчиларнинг сони ошиб бораётгани, уларнинг жисмоний фаолликка бўлган қизиқиши ҳар қачонгидан ҳам кучаяётгани эътиборга молик. Бу ҳам бўлса, касалликка эмас, унинг профилактикасига асосий эътибор қаратилаётганининг самарасидир.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтган даврда “Юриш куни”, “Юриш бўйича марафон куни”, “Саломатлик сари қадам”, “Велосипедда сайр куни”, “5 километр масофага фаол юриш” ҳамда “Соғлом озиш куни” оммавий тадбирлари мамлакатнинг барча ҳудудларида ташкил этилган эди.
Мавзуга оид
15:41 / 02.04.2022
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Чироқчида сайёр қабул ўтказмоқда
07:27 / 02.04.2022
Чет эл фуқароларига тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тасдиқланди
08:01 / 29.03.2022
Апрелда олис ҳудудларда махсус контейнерли 1 700 та тиббиёт пункти ташкил этилади
15:38 / 24.03.2022