Ўзбекистон | 18:01 / 29.04.2019
4113
4 дақиқада ўқилади

Arabian Travel Market 2019: Ўзбекистон Яқин Шарқдаги энг йирик халқаро кўргазмада иштирок этмоқда

Яқин Шарқдаги энг йирик Arabian Travel Market халқаро туризм кўргазмасига старт берилди. Унда биринчи марта Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ва туроператорлар миллий стенд билан иштирок этишмоқда.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматидан хабар берилишича, Муҳаммад бин Рашид Ал-Мактум Билимлар жамғармаси раиси шайх Аҳмад бин Муҳаммад Рашид Ал-Мактум 2019 йилги Араб туристик бозори (ATM) кўргазмасини расман очиб берди. Шу билан бирга, очилиш маросимида Дубай халқаро савдо маркази (DWTC) бош директори ва Дубай туризм ва тижорат маркетинги департаменти (DTCM) бош директори ҳам иштирок этишди.

Жорий йилда Arabian Travel Market кўргазмасида 150 дан зиёд мамлакат сайёҳлик салоҳиятини намоён этувчи 400 дан ортиқ стенд намойиш этилмоқда. Кўргазмада 40 000 дан зиёд кишининг иштирок этиши кутилмоқда. ATM 2500 дан ортиқ экспонент-компания салоҳиятини намойиш этади, шу жумладан Ўзбекистон ҳам унда илк марта қатнашмоқда.

Кўргазма доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари ўзбекистонлик ватандошлар ва хорижий инвесторлар билан музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистоннинг БААдаги бош консуллиги билан ҳамкорликда араб давлатида турли соҳаларда фаолият юритаётган ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтиб, у ерда мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга доир келишувларга эришилди.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида намойиш қилинган тақдимот ватандошларимиз томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди. Қизиқарли ва савол-жавобларга бой ўтган учрашувда туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, диаспора вакиллари ва БАА фуқароларини Ўзбекистонга жалб қилиш масалалари ҳамда келгусида ҳамкорликда олиб бориладиган ишлар муҳокама қилинди. БААдаги ватандошларимиз ҳар қандай тарғибот ишларини қўллаб-қувватлаш ва Ўзбекистон равнақига ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидлашди.

Ярмарка доирасида, шунингдек, Senergy University Dubai’да таҳсил олувчи ўзбекистонлик талабалар билан биргаликда “National Day” – “Миллий кун” тадбири ўтказилди. 

Ўзбекистоннинг қадимий ва бой тарихи, маданияти, сайёҳлик салоҳияти, табиий ландшафтлари, турфа хилдаги мазали таомлари ҳамда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақидаги тақдимотлар тадбир иштирокчиларида ижобий таассурот қолдирди.

Тадбир иштирокчиларига қўмита вакиллари томонидан мамлакатимиз туризм салоҳияти акс эттирилган тарқатма материаллар ҳамда эсдалик совғалари улашилди. Талабалар билан келгусида шу сингари тадбирларни ўтказишда яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Маълумот учун: Дубайдаги Senergy University 2013 йилда очилган бўлиб, Россиянинг нуфузли университетларидан бири ҳисобланувчи «Синергия» Москва саноат ва молия университети филиалидир. Университетнинг шу каби филиаллари Лондон, Нью- Йорк ҳамда Берлин шаҳарларида мавжуд.

Булардан ташқари, Ўзбекистонда туризм соҳасига инвестиция киритишни истаган, жойлашув воситаларини қуриш истагида бўлган бир неча сармоядорлар билан музокаралар олиб борилди. Осиё давлатларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш учун қатор блогерлар ва телешоулар тайёрловчи хусусий корхоналар вакиллари билан ҳам келишувларга эришилди.

Arabian Travel Market 2019 кўргазмасида иштирок этувчилар асосан меҳмонхона бизнеси вакиллари, туроператорлар, транспорт компаниялари, меҳмондорчилик саноати мутахассислари, ўқув муассасалари ва ихтисослашган оммавий ахборот воситалари бўлиб, бундай нуфузли кўргазмада иштирок этиш янги бозорларга чиқиш, янги мижозлар орттириш ҳамда мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш, янги маҳсулотларни йўлга қўйиш имконини беради.

B2B форматидаги учрашувлар натижасида, бутун дунё сайёҳлари ва туроператорлари учун 2800 дан ортиқ туристик маҳсулот ва йўналишлар намойиш қилинади.

Кўргазма 28 апрелдан 1 майга қадар ўтказилади.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид