20:50 / 30.04.2019
12612

Рашид Маликов Ўзбекистонда бир мавзуда фильм ишлаш «мода» бўлиши ҳақида — «Ҳозир фильмларнинг 90 фоизи тарихий мавзуда»

Kun.uz «Чинор остидаги дуэль», «Келинлар қўзғолони» фильмида актёрлик, «Тоға», «Сабот» фильмларида режиссёрлик қилиб танилган Рашид Маликов билан жамият ва ёшлар, машҳур киномукофотлар, ўзбек фильмларидаги такрорий мавзулар, замонавий ўзбек киносанъати савияси тўғрисида суҳбатлашди.

Рашид Маликов репертуар режасига мавзу танлашда асосан тарихий ёки терроризм, экстремизмга қарши йўналишларга мурожаат кўп бўлаётганини таъкидлаб ўтди.

«Хусусий фильмларни тасвирга олишни ёки томошабинлар кинотеатрларга боришини тақиқлаб бўлмайди. Давлат буюртмасига кўра олинадиган фильмларнинг репертуар режаси бўлади. Давлат раҳбари миллий кино ривожига катта эътибор беряпти. Катта маблағлар ажратилмоқда, «Ўзбеккино» студиялари таъмирланяпти.

Ўтган йили олинган фильмларнинг 90 фоизи тарихий мавзудаги фильмлар бўлди. Тўғри, бизнинг тарихимиз бой, бироқ ушбу фильмлар бадиий эмас, бадиий-публицистик жанрда суратга олинган. Бу жанрдаги фильмларнинг ярмида ҳикоя қилувчи томонидан маълумот бериб турилса, ярмида актёрлар, воқеалар кўрсатилиши мумкин. 10-15 фильмнинг 9таси тарихий бўлиши керак дегани эмас-ку? 

Шунингдек, терроризмга қарши кураш мавзусида ҳам фильмлар жуда кўп. Айниқса Ҳилол Насимов бу мавзуда кўп фильм суратга олган.

Ёшларга ибрат бўла оладиган, ёшлар тўғрисида ёки глобал аҳамиятга эга мавзуда фильмлар эса йўқ», дейди режиссёр.

Маълумот учун, актёр, режиссёр ва сценарийнавис Рашид Маликов 1958 йилда Москвада туғилган. 1980 йилда Тошкент тиббиёт институтини, 1986 йилда Бутунроссия давлат кинематография институтини тамомлаган. 1993 йилда АҚШда Film in USA дастури доирасида малака оширган. 

У бир қатор халқаро киномукофотлар совриндори. 2018 йил 40-Москва Халқаро кинофестивалида «Сабот фильми учун Россия кинематографчилари иттифоқининг киношунослар ва кинотанқидчилар гильдияси совринини, Киноклублар федерацияси дипломини (Ҳакамларнинг махсус эътирофи йўналишида) қўлга киритган.

Рашид Маликов билан интервьюнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Top