Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда гендер тенглик тушунчаси оммалашмоқда, аёллар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ҳаракат қилишмоқда, раҳбарлик лавозимларига аёллар номзодларини илгари суришга катта эътибор қаратилмоқда, зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Шу муносабат билан Kun.uz таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева билан суҳбатлашиб, ўтган даврда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилди ва яқин келажакдаги режалар билан танишди.

- Суҳбатимизни "Гендер тенглик ўзи нима?" деган саволдан бошласак, зеро бу тушунча баъзилар томонидан бироз нотўғри қабул қилинаётгандек.

- Жуда долзарб масалани кўтардингиз. Ҳақиқатан ҳам хотин-қизлар ва оила масалалалари Ўзбекистонда юксак даражага кўтарилди. Гендер тенглик тушунчаси бизнинг мамлакатимизга эндигина кириб келяпти десак, тўғри бўлади. Умуман олганда, гендер тенглик тушунчаси бутун дунёда яхши маълум: БМТнинг барча ҳужжатларида, жумладан хотин-қизлар камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги конвенцияси ва бошқа халқаро ҳужжатларда бу тушунчага жуда яхши таъриф берилган. Лекин бизда хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ёки таълим олиш, меҳнат ҳуқуқи, шунингдек кафолатлар ва имкониятлар ҳақида гапирилса-да, гендер сўзига эътибор берилмас эди. Айтганингиздек, гендер тенглик деганда баъзи одамларимиз орасида нотўғри тушунча ҳам бор: нима учундир гендер тенглик деганда аёлларнинг юқори лавозимларга чиқиш, ҳукмронлик қилишга ҳаракат қилиши тушунилади. Бундай эмас. Гендер тенглик деганда эркаклар ва аёлларга тенг ҳуқуқ ва имкониятлар берилиши тушунилади. На қонунчилигимизда, на амалиётда аёлларни камситувчи нормалар йўқ, лекин бу алоҳида бир масала сифатида қонун доирасида кўриб чиқилмаган эди. Ҳозирги кунда шу мазмундаги қонунни ишлаб чиқишга доир ишлар олиб борилмоқда.

- Ўтган йили Ўзбекистон бўйлаб ҳаётий оғир вазиятда қолган аёлларга ижтимоий мослашув марказлари (шелтерлар) орқали кўмак бериш фаолияти йўлга қўйилди. Айтинг-чи, бугунга қадар уларга қанча аёл шелтерларга мурожаат қилди ва, умуман, бу йўналишдаги ишлар қандай кечмоқда?

- Халқ билан мулоқот доирасида биз жуда ҳам кўп аёлларимизнинг ичида дарди борлиги, уни ҳеч кимга айта олмаслигига гувоҳ бўлдик. Аёл қандайдир масалада қийинчиликка учраб, меҳнат жамоасида, оиласида ёки кўча-кўйда ўз дарди билан бўлиша олмайди, унда кимдандир ёрдам олиш кўникмаси йўқ. 2017-2018 йиллар давомида шу масалаларни ўрганиш натижасида ижтимоий мослашув ва реабилитация марказларини ташкил қилиш таклифи билан чиқдик ва Президент қарорига кўра, шундай марказлар барча вилоят ва туманларда ташкил этилмоқда.