Жамият | 19:16 / 03.05.2019
8107
3 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан янги инновацион лойиҳа: «Мобиль тарғибот» автомашинаси

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳаси ходимлари томонидан йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, йўллардаги ҳолатни қатъий назорат қилиш, содир этилаётган қоидабузарликларни аниқлаш ва сонини камайтириш борасида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилади.

Жиззах вилоят ИИБ ЙҲХБ томонидан йўлга қўйилаётган «Мобиль тарғибот» автомашинаси ҳам ана шундай тадбирларнинг янгича усули. Тезкорлик ва вақтдан ютиш мақсадида ташкил этилган мазкур лойиҳа ҳаракат иштирокчиларининг йўлларда ҳаракатланиш маданиятини ошириш, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда самарали тарғибот усулларидан бири ҳисобланади.

«Минг марта эшитгандан, бир марта кўрган яхши. Мана шу ҳаётий ҳақиқатга асосланган лойиҳа «Мобиль тарғибот автомобили» деб номланди. Янгича тарғибот ҳар қандай инсонни ўзига жалб этади. Шу маънода вилоят ҳудудида содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари жамланган видеороликлар бевосита тадбирлар давомида юртдошларимизга ҳавола этиб борилади.

Ҳудуддаги бир қатор таълим муассасаларининг айнан серқатнов йўллар четида жойлашганини инобатга оладиган бўлсак, бу каби тадбирларни мактаб ўқувчилари иштирокида ўтказиш яхши самара беришини англаш қийин эмас. Шу сабаб «мобиль автомобиль» билан йўл ёқаларида жойлашган умумтаълим мактабларида мана шундай тадбирларнинг ташкил этилиши уларда катта қизиқиш уйғотади ва соҳа ходимларининг маълумотларидан яна бир бора ўзларига керакли хулосаларни олишади», — дейди вилоят ИИБ ЙҲХБ катта инспектори, капитан Эркин Очилов Kun.uz мухбирига.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун Жиззах шаҳрининг аҳоли гавжум «Эски шаҳар» деҳқон бозори ҳудудида пиёдалар хавфсиз ҳаракатланиши учун янги инновацион светофор ўрнатилди.

Светофор йўл четига махсус қурилма билан ўрнатилган бўлиб, унинг афзалликлари шундаки, пиёдалар махсус қурилма тугмасини босиши натижасида ҳайдовчиларга тўхташ ишорасини беради ва уларнинг йўлдан хавфсиз ўтиб олишлари учун имконият яратилади.

Шундай тадбирларни самарали ташкил этиш мақсадида йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг барча ходимлари ҳафтанинг пайшанба ва жума кунлари болалар билан содир этилиши мумкин бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш учун барча таълим муассасаларига бириктирилган. Ушбу тадбирларга фидойи ёшлардан тузилган «Йўл посбонлари» гуруҳи ҳам жалб этилган.

Ўз мухбиримиз.

Мавзуга оид