00:38 / 05.05.2019
121530

Сўров: ўзбекистонликлар мамлакатнинг асосий ички душмани нима эканлигини айтишди

Фото: REUTERS/Shamil Zhumatov

Амалиётда аксарият давлатлар тез-тез бир-бирларини айблаб келишади. Россия кўп нарсаларда АҚШни айбдор этиб кўрсатса, АҚШ эса аксинча, Россияни кўрсатади. Давлатнинг ички муаммолари ҳақида гапирадиганлар ва мавжуд фактларни тан олувчилар эса озчиликни ташкил қилади.

Мавзунинг долзарблигидан келиб чиқиб, Kun.uz «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида сўров ўтказди. Сўров онлайн ўтказилганлиги боис жинс, ёш ва бошқа омиллар ҳисобга олинмади. Бундан ташқари, ҳар бир саволга турлича миқдордаги респондентлар жавоб беришди (ўз ихтиёридан келиб чиқиб), яъни бир саволга 50 киши жавоб берган бўлса, бошқасига 65 киши жавоб қайтарди.

Респондентлардан Ўзбекистоннинг асосий ички душмани нима эканлиги сўралди.

1033 респондентдан 58%и Ўзбекистоннинг асосий душмани коррупция эканлигини билдиришди. Шу билан бирга, сўровда қатнашганларнинг 17%и мамлакатнинг асосий душмани маддоҳлик, 15%и – қариндош-уруғчилик, 5%и - маҳаллийчилик, 3%и - волюнтаризм ва 2%и нигилизм дея қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Transparency International халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг коррупция индексида Ўзбекистон 158-ўринда жойлашган. Ўзбекистон 2017 йилда 157-, 2016 йилда эса 156-ўринда бўлган.

«Сўнгги икки йил ичида сиз коррупцияга қарши кураш соҳасида ижобий ўзгаришларни кузатдингизми?» деган саволга 754 респондент жавоб қайтарган. Уларнинг 63%и ижобий ўзгаришларни кузатмаганини билдирган, 37%и эса ҳа жавобини берган.

Коррупция ҳолатларига дуч келганлиги ҳақидаги саволга 694 киши жавоб қайтарган. Уларнинг 92%и бундай ҳолатга дуч келганлигини, 8%и эса дуч келмаганлигини билдирган.

Расмий маълумотлар ҳам пора сўраш ҳолатлари мавжудлигини тасдиқлайди. Масалан, Давлат хизматлари агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан жорий йилнинг I чорагида 1 318 марта «сирли мижоз» акцияси ўтказилган ва натижада 68 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилинган.

Дарвоқе, 2018 йилнинг 10 ойи давомида Бош прокуратура 80дан ортиқ пора беришга уриниш ҳолатларини қайд этди.  

Юқоридаги ҳолатлар бўйича таклиф этилган пулларнинг умумий миқдори 28,1 минг доллар ва 49 млн сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, 4 май куни Сенатнинг 19-ялпи мажлисида прокуратура органларининг 2018 йилдаги фаолияти юзасидан Бош прокурор ҳисобот берди. Отабек Муродов 2018 йил давомида 1907 нафар мансабдор шахс коррупцион жиноятлари учун жавобгарликка тортилганини маълум қилди.

Респондентлар шунингдек, Ўзбекистондаги коррупция даражасини баҳолашди. 696 нафар респондентнинг 82%и Ўзбекистонда коррупция даражасини юқори ва бу жиддий муаммо деб ҳисоблайди. 15%и эса коррупция даражаси ўртача ва у мамлакат ривожига тўсқинлик қилади деб ҳисоблайди. 1% киши коррупция иқтисодиётга таъсир ўтказмайди деган фикрда, 2% киши эса жавоб беришга қийналган.

Бу дарҳақиқат жиддий муаммо. «Ўзбек маликаси»нинг қилмишлари ҳақида узоқ вақт сўз очилмай келди. Оқибатда энди Ўзбекистон ўз пулларини мамлакатга қайтара олмаяпти. Давлат ва фуқароларга етказилган зарар миқдори 1 трлн 270 млрд 200 млн сўм, 1 млрд 651,8 млн доллар, 26,1 млн еврони ташкил этган — миллий валютада бу жами 3 трлн 746,8 млн сўмга тенг.

Респондентлардан мансабдорлар пора олишларининг асосий сабабини айтиш сўралганида, 483 кишидан 45%и тизимнинг коррупциялашганлигини кўрсатди. 24%и қатъий жавобгарлик йўқлигини, 22%и ойлик маошнинг пастлигини  билдирган. Сўров иштирокчиларининг атиги 7%и бунга ҳуқуқий маданиятнинг пастлиги сабабчилигини, 2%и бошқа муаммоларни кўрсатди.

Шу ўринда биз вилоятда банк соҳасида ишлаган собиқ ходимнинг ҳикоясини мисол келтирмоқчимиз. 

«Ойлик жудаям оз. Баъзида Тошкентдан турли сабаблар билан меҳмонлар келишади. Уларни кутиб олиш, яхши ресторанга олиб бориб меҳмон қилишга тўғри келади. Ойлик стол тузашга ҳам етмайди. Тўғрисини айтаман, мижозлардан ундиришга мажбур бўламиз. Биз кредит берилишини тезлаштирамиз, улар бизга улуш беришади, биз эса пулни тошкентлик меҳмонларга сарфлаймиз. Тошкентдан меҳмон келмаганида эди, мижоздан улуш олмасдик. Тинчгина ишлардик», - деди у исмини ошкор қилмаслик шарти билан.

Кўриб турганингиздек, занжир юқоридан бошланади, яъни респондентлар айтганидек, муаммо бутун тизимнинг коррупциялашганида.

«Мансабдорлар пора олмаслиги учун қанча маош олиши керак?» деган саволга респондентларнинг 45%и 20 млн сўмдан ортиқ маошни қайд этган. 25% респондент мансабдорлар 8-10 млн сўм олиши керак деган фикрда. Саволга жавоб берганларнинг 10%и 4-5 млн сўм ойлик етарли деб ҳисоблайди. 9% - 16-18 млн сўм, 6% - 12-14 млн сўм ва 5% - 6-7 млн сўм.

Кўриниб турибдики, аксарият респондентлар  (деярли ярми) катта маош (20 млн сўмдан ортиқ) жойлардаги коррупциянинг олдини олади деган фикрда. 20 млн сўм бу қарийб 2,4 минг доллар дегани. Ростдан ҳам, бу пулга қисқа муддатда уй, машина олиш мумкин.

«Катта маош коррупцияга барҳам берадими?» деган саволга 70%га яқин респондент ҳа деб жавоб берган. 20% респондент мансабдорлар барибир пора олади деб ўйласа, 10%и «маошни ошириш бефойда чора» деб ҳисоблайди.

Кўплаб давлатларда коррупцияга қарши нафақат «кишан ва қамоқхонадан», балки мансабдорларни рағбатлантириш орқали ҳам курашилади. Сингапур айнан мана шу усулдан фойдаланган. Ўтган асрда мансабдорларнинг маоши бир неча бараварга оширилган.

Маълумот учун: президент Обама маъмуриятидаги вазирнинг маоши йилига 199 700 долларга тенг бўлган (ойига 16 642 доллар). Буюк Британиядаги вазирларнинг ойлиги йилига ўртача 134 565 фунтни ташкил этади. Канада парламентининг барча аъзолари йилига 160 200 доллар, вазирлар 57 500 доллар олади.

Мақоламиз сўнгида Сингапурнинг собиқ етакчиси Ли Куан Юдан иқтибос келтирамиз: «Агарда биз бошқараётган давлат ҳукуматидан кўпчиликнинг ҳаётини яхшилашга эмас, ҳукумат тепасидаги озчиликнинг чўнтагини қаппайтириш учун фойдаланилса, бунинг охири вой», - деганди у.

Kun.uz ўқувчиларини «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналига обуна бўлишга ва экспресс-сўровларда фаол қатнашишга чақиради.

Улуғбек Акбаров

Top