Ўзбекистон | 19:28 / 06.05.2019
6694
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида талабаларнинг анъанавий медиа конференцияси бўлиб ўтди

Бугун, 6 май куни Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси анжуманлар залида талабаларнинг анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган медиа конференцияси бўлиб ўтди.

Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети томонидан ташкил этилган мазкур медиа конференция бу йил журналистика ва ОАВ соҳасидаги экспертлар иштирокида, янги медиа startup лойиҳалари тақдимоти шаклида ташкил қилинди.

Медиа конференцияда Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультети талабалари 14та медиа лойиҳа билан иштирок этишди.

Тақдим этилган лойиҳалар ичида аудиовизуал журналистика йўналишидаги янги телелойиҳалар, онлайн журналистика маҳсулотлари ва хизматларини тарғиб қилишга йўналтирилган портал ва онлайн ресурслар, ижтимоий соҳадаги муҳим муаммоларни ёритишга қаратилган телелойиҳалар, БМТнинг глобал миқёсдаги турли дастурлари билан кенг жамоатчиликни хабардор этиш, туризмни ривожлантиришга қаратилган турли медиа лойиҳалар, шунингдек, мобил журналистика, медиа соҳаси билан боғлиқ замонавий ечимлар ўрин олган.

Тадбирда сўзга чиққанлар янги форматда ўтказилаётган медиа конференциянинг аҳамияти ҳақида фикр билдирди.

«Тан олиш керак, соҳада ўртамиёна журналистлар жуда кўп. Аммо бугунги ўзгаришлар, атрофдан бўлаётган турли хавф хатарлар бугунги журналистдан сергакликни, замон билан ҳамнафас бўлишни, шахсий позицияга эга бўлишни, уйғоқликни ҳамда биринчи бўлишни талаб қилмоқда. Медиа конференция ўз мақсади билан талабаларда ана шундай кўникмаларни шакллантириши керак», дея Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Медиа конференция якунига кўра, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабалари Елена Чуянова («Сиёсий портрет» лойиҳаси билан), Ҳилола Абдужабборова («Қалбимиз қаҳрамонлари» лойиҳаси билан) ва Ўзбекистон Миллий университети талабаси Исфандиёр Бургутбоев («Mobile journalism» лойиҳаси билан) III ўрин,  Гулшода Иброҳимова («Study in Uzbekistan» лойиҳаси билан) ва Равшан Бурхонов («Guvoh.uz» лойиҳаси билан) II ўрин ҳамда ушбу университет талабалари Мавжуда Сатторова ва Нозима Шербекова  («1001 mahalla» лойиҳаси билан) I ўринга лойиқ кўрилди.

Тақдимоти қилинган медиа лойиҳалар якунда 3 миллион сўмгача пул мукофоти ва турли номинациялар бўйича сертификатлар ва бошқа совғалар билан тақдирланди.

Мавзуга оид