Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бир йилда дунёда 67 нафар журналист ўлдирилди – RSF
Ҳалок бўлган 67 кишидан 53 нафари қуролли тўқнашувлар ёки жиноий можаролар пайтида ўлдирилган. Чегара билмас мухбирлар (RSF) инсон ҳуқуқлари ташкилоти ҳукуматларини ОАВ ходимларини ҳимоя қилиш учун таъсирчан чоралар кўришга чақирди.
Фото: Reuters
Сўнгги ўн икки ой ичида дунёда ўз касбий вазифаларини бажараётган 67 нафар журналист ўлдирилган. Чегара билмас мухбирлар (RSF) инсон ҳуқуқлари ташкилоти 9 декабр куни эълон қилган матбуот эркинлиги бўйича йиллик ҳисоботида таъкидлаганидек, ҳалок бўлганларнинг аксарияти урушлар ёки жиноий тармоқлар қурбони бўлган.
2024 йил 1 декабрдан 2025 йил 1 декабргача ўлдирилган журналистлар сони ўтган йилга нисбатан деярли ўзгармади.
Ҳалок бўлган 67 кишидан 53 нафари қуролли тўқнашувлар ёки жиноий можаролар пайтида ўлдирилган.
Энг хавфли минтақа Ғазо сектори бўлиб қолмоқда, у ерда 29 нафар журналист ҳалок бўлди. Кейинги ўринларда 9 нафар ОАВ вакили ўлдирилган Мексика, шунингдек, журналистлар фаолияти юқори хавф остида бўлган Украина, Судан ва Сурия бормоқда.
Ҳисоботга кўра, ҳозир 62 мамлакатда 503 нафар журналист қамоқда сақланмоқда. Энг кўп - Хитойда (121), кейин Россия (48), Мянма (47), Беларус (33), Ветнам (28) ва Озарбойжон (25).
Россия, шунингдек, энг кўп ҳибсга олинган хорижий журналистлар мамлакатига айланди - у ерда 26 нафар украиналик мухбир ушлаб турилибди. Исроилда 20 нафар фаластинлик журналист ҳибсга олинган.
Бундан ташқари, бутун дунё бўйлаб 135 нафар ОАВ ходими бедарак йўқолган, уларнинг аксарияти ўнлаб йиллар давомида дом-дараксиз қолмоқда.
Бундай ҳолатларнинг энг кўпи Яқин Шарқ ва Лотин Америкаси мамлакатларида, айниқса, Сурияда қайд этилган бўлиб, у ерда ҳокимиятдан ағдарилган Башар Асад тузуми даврида ўнлаб журналистлар ғойиб бўлган ва улар ҳануз топилмаган.
RSF Германия бўлими ижрочи директори Аня Остерхауснинг таъкидлашича, «ўлдирилган журналистлар сонининг кўплиги даҳшатга солади» ва бу «армиялар, ҳарбийлаштирилган гуруҳлар ва жиноий тармоқлар томонидан мунтазам равишда содир этилган зўравонлик» оқибатидир.
Унинг таъкидлашича, журналистнинг ҳар бир ўлими ёки ҳибсга олиниши ҳатто демократик давлатлар учун ҳам огоҳлантиришдир. «Журналистларга ҳужум қилган киши барчамизни эркин ахборот олиш ҳуқуқидан маҳрум қилади», деди Остерхаус.
У барча мамлакатлар ҳукуматларини оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳимоя қилиш учун таъсирчан чоралар кўришга чақирди. «Воқеаларни танқидий ёритаётганлар ўз эркинлиги ёки ҳаёти учун қўрқишга мажбур бўлганда, бутун дунёдаги демократия хавф остида қолади», деб таъкидлади ҳуқуқ ҳимоячиси.
Мавзуга оид
19:19 / 01.12.2025
Қувада эркак турмуш ўртоғи ва икки фарзандини ўлдирганликда гумонланмоқда
16:28 / 20.11.2025
Кундалик фош қилган қотиллик – Қозоғистондаги шов-шувли жиноят ишида ҳукм ўқилди
21:31 / 10.11.2025
Эквадор қамоқхонасида ўнлаб осилган маҳбуслар топилди
18:22 / 06.11.2025