Ўзбекистон | 10:20 / 07.05.2019
23305
7 дақиқада ўқилади

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

Фото: Depositphotos

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жойлаштирилди.

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсати қуйидагилардан иборат:

аёлларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий-маиший муносабатлар соҳасидаги қонунийликни, шунингдек иш жойлари ва таълим муассасаларидаги муносабатларни мустаҳкамлаш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлаш, ўрганиш ва уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни аниқлаш, уларга чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш учун самарали қонунчилик механизмларини яратиш;

турмушда, иш жойларида ва таълим муассасаларида тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этишга мойил шахсларнинг, шунингдек аёлларга тазйиқ ўтказадиган ва зўравонлик содир этадиган шахсларнинг хулқ-атворини тузатиш юзасидан тадбирлар амалга ошириш;

тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари бўлган аёлларни ҳимоя қилиш, уларга ёрдам кўрсатиш, реабилитация қилиш учун асослар яратиш ҳамда аёллар тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига айланиш хавфини камайтириш;

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида турли институтлар ўртасидаги ҳамкорликни таъминлаш.

Қуйидагилар ички ишлар органларининг аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларига киради:

аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурлари, ҳудудий дастурлар ва қонун ижодкорлиги фаолиятини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган чора-тадбирлар ёрдамида, шунингдек аёлларга тазйиқ ўтказадиган ва уларга нисбатан зўравонлик содир этадиган шахслар билан мунтазам профилактика ишлари олиб бориш орқали тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, шу жумладан уларнинг сабаблари ва уларга замин яратган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ёки зўравонлик содир этиш хавфи тўғрисидаги мурожаатлар ва бошқа маълумотларни қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда кўриб чиқиш;

тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларга ўз вақтида эътибор қаратиш, шунингдек тазйиқ ва зўравонлик ҳолларининг, зўравонлик содир этган шахсларнинг ва зўравонлик қурбонларининг профилактика ҳисобини юритиш, аёлларга тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этиш ҳолларига барҳам бериш бўйича таклифлар ишлаб чиққан ҳолда бундай маълумотларни таҳлил қилиш;

18 ёшга тўлмаган аёл жинсига мансуб шахслар тарбияси билан шуғулланмайдиган ва уларга тазйиқ ўтказадиган ҳамда зўравонлик содир этадиган ота-оналарни ёки уларнинг ўрнини босадиган шахсларни ота-оналар ҳуқуқларидан маҳрум қилиш тўғрисида васийлик ва ҳомийлик органларига тақдимнома киритиш;

зўравонлик содир этган шахсларни тегишли жавобгарликка тортишга доир материаллар тайёрлаш;

аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш.

Қуйидагилар соғлиқни сақлаш органлари ва муассасаларининг аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатларига киради:

аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат дастурлари, ҳудудий дастурлар ва қонун ижодкорлиги фаолиятини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

қурбонларга, шу жумладан жисмоний, жинсий ёки руҳий зўравонликдан жабр кўрган қурбонларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларини аёлларнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф солувчи ҳолатлар, шунингдек аниқланган сабаблар тўғрисида хабардор қилиш;

аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасида бошқа ваколатли органлар билан ҳамкорлик қилиш.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир умумий чора-тадбирлар:

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш соҳасидаги давлат дастурлари, ҳудудий дастурлар ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

аҳоли орасида ҳуқуқий тарғибот олиб бориш;

аҳолини аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитлардан хабардор қилиш;

тазйиқ ва зўравонликни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйиш, уларга имкон берадиган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш орқали амалга оширилади.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаш механизмлари қуйидагиларни назарда тутади:

ваколатли органлар томонидан тазйиқ ва зўравонлик сабаблари ҳамда шарт-шароитлари ҳисобланган омилларни таҳлил қилиш, ўрганиш ҳамда баҳолаш;

статистика ахборотини ҳар чоракда давлат статистика органларига киритган ҳолда ваколатли органлар томонидан тегишли статистика юритиш;

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликни аниқлашнинг самарали ҳуқуқий усулларини жорий этиш;

тазйиқ ўтказиши ва зўравонлик содир этиши хавфи бўлган гуруҳларга кирадиган ёки уларни содир этган шахсларга нисбатан превентив тадбирлар ўтказиш;

фуқароларни, айниқса аёлларни ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари, шунингдек тегишли ҳимоя кафолатлари, шу жумладан оила аъзоларининг тенглиги ва ўзаро мажбуриятларини таъминлайдиган ҳуқуқлар ва мажбуриятлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлаш мақсадида зарур ахборот-маърифат кампаниясини ўтказиш;

тазйиқ ўтказилган ва зўравонлик содир этилган ҳолда қурбонларга ёрдам кўрсатиш ва уларни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш, зўравонлик содир этган шахслар учун эса уларнинг аёлларга нисбатан хулқ-атворини тузатишга ва ҳуқуқий таъқиб қилиш чора-тадбирларини кўришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик олди олинишини таъминлаш мақсадида манфаатдор институтлар билан қўшма дастурлар яратиш ва қўллаб-қувватлаш.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирларни қўллаш учун асослар қуйидагилардан иборат бўлиши  мумкин:

қурбоннинг, унинг қонуний вакилининг мурожаати ёки бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг маълумотлари;

ваколатли органлар томонида ўз профилактика фаолияти давомида тазйиқ ва зўравонлик ҳолларини аниқлаш.

Аёлларга тазйиқ ўтказиш ва зўравонлик содир этиш ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги мурожаатлар ва маълумотлар ички ишлар органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги бошқа ваколатли органлар тазйиқ ва зўравонлик ҳоллари аниқланган тақдирда, бу ҳақда тегишли ички ишлар органларига зудлик билан хабар қилиши шарт.

Аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар турларига қуйидагилар киради:

профилактик суҳбат ўтказиш;

ҳимоя ордерини бериш;

тазйиқ ва зўравонлик қурбонларига ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказларга жойлаштириш.

Тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа чора-тадбирларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Мавзуга оид