Жаҳон | 00:21 / 08.05.2019
28079
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратурага сўроққа келмаган Порошенкони куч билан олиб келишга ваъда қилинди 

Фото: ТАСС

Украинанинг амалдаги президенти Пётр Порошенко бош прокуратурага сўроқ учун куч билан олиб келиниши мумкин. Бу ҳақда “РБК-Украина” нашри хабар берди.   

Бош прокуратуранинг махсус терговлар бошқармаси раҳбари Сергей Горбатюкнинг айтишича, Порошенконинг президент ваколатлари якунлангач бунинг иложиси бўлади. “Ваколатлар якунланганда, биз судга унинг мажбуран олиб келиниши бўйича мурожаат қиламиз”, деб айтган Горбатюк.

Унинг таъкидлашича, Порошенко яна келмаса, унга жарима солиниши мумкин.

Порошенко 7 май куни 2014 йилда Майдандаги норозиликлар вақтида одамларнинг ҳалок бўлиши иши бўйича бош прокуратурага сўроқ қилингани чақиртирилган.

Украина президенти ушбу иш бўйича 2016 йилда сўроқ қилинган. У ўша воқеалар ҳақида аввал гапирмаган янги далилларни тақдим қилгани билан боғлиқ ҳолда қайта сўроққа чақиртирилган. Жумладан, аввалроқ Порошенко евромайдан вақтида шахсан ўзи жасадларни олиб чиққани ва ярадорларга ёрдам берганини айтганди. Терговчилар шу муносабат билан унга қўшимча саволлар бериб, аввалги сўроқ баённомасини имзолашга бермоқчи бўлишган.

Порошенко сўроққа келмаганини олий суднинг янги аъзоларини тасдиқлаш маросимида иштирок этгани билан тушунтирган.

Украина бош прокурори Юрий Луценко сўроқни ўтказиб юборган Порошенконинг ёнини олиб, у Майдан иши бўйича исталган бўш вақтида кўрсатмалар беришга тайёрлигини айтган.

Украинада 2013 йил охири-2014 йил бошидаги оммавий норозиликлар вақтида Киевдаги Незалежност майдонида намойишчиларнинг куч тузилмалари билан тўқнашувлари вақтида 100 дан кўпроқ одам ўлган. Қурбонларнинг кўпчилиги номаълум мерганлар томонидан ўлдирилган. Евромайдан тарафдорлари ва Украинанинг амалдаги ҳокимияти мерганларни собиқ президент Виктор Янукович билан боғлайдилар, бироқ 5 йиллик терговга қарамай, Януковичнинг бундаги айби исботланмаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид