11:10 / 13.05.2019
9345

Ургутда институт филиали ташкил этилиши мумкин

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Самарқанд вилояти, Ургут туманида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг филиалини ташкил этиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Билдирилишича, Самарқанд вилояти, Ургут туманида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг ёки республикамиздаги бошқа бизнес ва менежментга ихтисослаштирилган олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш керак. 

“Бугунги кунда Ургут туманида беш юз мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Президентимиз ташаббуси билан туманда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, ҳозирда туманда кўплаб хорижий ва маҳаллий инвесторлар томонидан қўшма корхоналар ташкил этилмоқда. Бу корхоналарни юритиш учун менежмент, бухгалтер, аудиторлик йўналишидаги олий маълумотли кадрларга эҳтиёж бор. Шунингдек, туманда олий таълим муассасасининг филиалини ташкил қилиш учун имкониятлар етарли”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти, Ургут туманида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтининг ёки республикадаги бошқа, бизнес ва менежментга ихтисослаштирилган олий таълим муассасасининг филиалини ташкил этиш сўралган.

Top