Жамият | 12:53 / 14.05.2019
6686
3 дақиқада ўқилади

Humo International карталари орқали дунёнинг 70 миллиондан ортиқ нуқталарида тўловларни амалга ошириш йўлга қўйилмоқда

Тошкентда 13 май куни Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) ва Mastercard халқаро тўлов тизими ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Имзоланган меморандум нақд пулсиз тўловларини ривожлантириш борасида иккита асосий йўналишда иш олиб боришни кўзда тутади.

Биринчиси – HUMO International премиал карталарини чиқариш. Имзолаш натижасида HUMO International янги карталарини қабул қилиш бутун дунё бўйича 70 миллиондан ортиқ нуқталарда амалга оширилиши мумкин.

МБПМ директори Шуҳрат Қурбоновнинг таъкидлашича, HUMO International карталари эгалари Mastercard тармоғидаги харидлар, яъни меҳмонхоналарда номерларни брон қилиш, интернет орқали чипталарни харид қилиш ва бошқа онлайн транзакцияларни амалга оширишни тўлай оладилар. HUMO International карталаридан фойдаланиш имкони нафақат хорижда, балки Ўзбекистонда ҳам мавжуд бўлади.

Иккинчи йўналиш – бу оммавий транспортдаги йўл ҳақи тўловини нақд пулсиз тарзда амалга оширишни йўлга қўйиш. МБПМ ва Mastercard метрода йўл ҳақини тўлашда HUMO ва Mastercard карталарини қабул қилиш бўйича Тошкент метрополитени билан биргаликда тажриба лойиҳасини ишга тушириш келишувига эришилди. Лойиҳани ҳаётга тўлақонли татбиқ этиш жараёни бир неча ойни талаб этади, аммо унинг тажрибавий ишга туширилиши яқин вақт ичида бошланади.

«Mastercard жамоат транспортида йўл ҳақини тўлаш тизимини жорий этиш лойиҳасида иштирок этиш ташаббуси билан чиқди. Тажриба лойиҳаси метрода йўл ҳақи учун тўлов тизимини соддалаштиришга қаратилган. Контактсиз тўловлардан ташқари автоматлаштириш ва тўловлар ва қатновлар бўйича тўлиқ ахборотни олиш имкони тизимнинг яна бир афзаллиги ҳисобланади. Бу, ўз навбатида, самарали бошқарувни амалга ошириш ва метрополитен фойдаланувчилари учун қўшимча имкониятларни яратиш имконини беради», – дея таъкидлади Ш.Қурбонов.

«Миллий банклараро процессинг маркази билан Mastercard ҳамкорлигининг янада ривожланиб боришига ишонамиз. Шундай экан, биз Ўзбекистонда илғор тўлов ечимларининг пайдо бўлиши учун саъй-ҳаракатларимизни аямаймиз. Биз HUMO тўлов тизими билан ҳамкорликка, энг аввало - транспорт ечимларини ишга тушириш бўйича ташаббусларга бундан кейин ҳам жиддий эътибор қаратамиз. Буни Тошкент шаҳар метрополитени билан биргаликдаги тажриба лойиҳамиз ҳам тасдиқлаб турибди.

Жамоат транспортида йўл ҳақини тез, осон ва хавфсиз тўлаш имконияти замонавий мегаполислар аҳолисига зарур, ва Тошкентдаги лойиҳамиз шаҳар аҳолиси ва меҳмонларини нақд пулсиз тўловларидан янада кўпроқ фойдаланишларига чорлайди, деб умид қилиб қоламиз», – дея қўшимча қилди Грузия ва Марказий Осиёдаги Mastercard бош директори Игорь Степанов.

Фирибгарликлардан ҳимоя қилиш учун янги юқори технологик маҳсулотлар ва ечимларни тақдим этиш йўли билан тўлов бозорининг барча қатнашчилари учун хавфсизликни кучайтириш ҳамкорликнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб қолади.

Мавзуга оид