Самарқанд, Ўзбекистон — “Ягона Умумреспублика Процессинг Маркази” АЖ (UZCARD савдо белгиси) ва тўловлар соҳасидаги глобал технологик компания Mastercard Ўзбекистонда тўлов инфратузилмаси ва рақамли молиявий хизматларни янада ривожлантиришга қаратилган ўзаро англашув меморандуми (MoU) имзоланганини эълон қилди.

Меморандумнинг имзоланиши Самарқанд шаҳрида, молия сектори ва технология индустрияси етакчиларини бирлаштирган халқаро тадбир — Осиё тараққиёт банки (Asian Development Bank, ADB) Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.

Ҳужжат томонларнинг бир қатор устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш ниятларини мустаҳкамлайди. Улар қаторига тўловларни қабул қилиш имкониятларини кенгайтириш, трансчегаравий операцияларни ривожлантириш, fintech соҳасида қўшма ташаббусларни йўлга қўйиш, шунингдек, рақамли тўловларнинг қулайлиги ва хавфсизлигини оширишга қаратилган замонавий технологик ечимларни жорий этиш киради.

Ҳамкорлик доирасида киберхавфсизлик ва фирибгарликнинг олдини олиш масалаларига, шунингдек, аҳоли ва бизнес субъектлари ўртасида хавфсиз ҳамда қулай нақд пулсиз тўловлардан фойдаланишни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.

«Ўзбекистон рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда юқори суръатларни намоён этмоқда ва бунда замонавий тўлов инфратузилмаси муҳим рол ўйнайди», — деди Mastercard’нинг Шарқий Европа бўйича минтақавий президенти Ясемин Бедир. «UZCARD’нинг маҳаллий бозордаги экспертизаси ва қамровини Mastercard’нинг глобал тармоғи, технологиялари ҳамда хавфсизлик ечимлари билан бирлаштирган ҳолда, биз фойдаланувчилар ва бизнес учун рақамли иқтисодиётга кириш имкониятларини кенгайтиришга, янада хавфсиз транзакцияларни таъминлашга, ишончни мустаҳкамлашга ва инновациялар учун янги имкониятлар яратишга интиламиз».

Томонлар, шунингдек, фойдаланувчилар ва бизнес эҳтиёжларига жавоб берадиган замонавий ва барқарор тўлов экотизимини шакллантиришга қаратилган қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

«Mastercard билан меморандум имзоланиши Ўзбекистон тўлов тизимини ривожлантириш йўлида муҳим қадамдир», — таъкидлади UZCARD Кузатув кенгаши раиси Акбар Акилов