ССВ: 2030 йилга бориб дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин
18 май, шанба куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб «Ўсмирлар орасида семизликка қарши» тадбири доирасида фаол юриш бўйича оммавий тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, ушбу тадбир пойтахтимиздаги Ботаника боғида ҳам аҳоли иштирокида кўтаринки руҳда ўтказилди. Эътиборли жиҳати, мунтазам ўтказилаётган бу каби оммавий тадбирлар аҳолида соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишини ошириб, уларни жисмоний фаол бўлишга ундаётгани қувонарли.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тахминларига кўра, 2030 йилга бориб, дунё аҳолисининг қарийб 45 фоизи семириб кетиши мумкин. Семизлик нафақат катталар ўртасида, балки болалар ва ўсмирлар орасида ҳам жиддий муаммога айланиб бормоқда. Маълумотларда келтирилишича, 1975 йилдан айни пайтга қадар дунёдаги семиз одамлар сони уч баравар ошган. 5 ёшдан 19 ёшгача бўлган 340 миллиондан зиёд болалар ва ўсмирлар семизликка дучор бўлишган.
Болалар ва ўсмирлар орасида семизлик ва семиришнинг тарқалиши 1975 йилдаги 4 фоиздан 2016 йилда 18 фоизгача кўтарилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, қизларнинг 18 фоизи ва ўғил болаларнинг 19 фоизи ортиқча вазнга эга. Мазкур фактлар жамиятимиз учун семизлик жиддий таҳдид эканини кўрсатмоқда. Ушбу хавфнинг олдини олишда жисмоний фаоллик, жумладан, фаол юришнинг аҳамияти катта.
Юришнинг фойдали экани барчамизга маълум. Яъни, фаол юриш орқали семизликдан ташқари, юрак қон-томир касалликлари, инсульт, хавфли ўсмалар, нафас олиш аъзоларининг сурункали касалликлари ва қандли диабет каби юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олган бўламиз. Юриш барча спорт турлари орасида энг осони ва қулайидир. Бунинг учун жуда кўп энергия сарфлашнинг ҳожати йўқ, ижобий таъсири эса жуда юқори. Юриш организмнинг умумий ҳолатига таъсир кўрсатади, мушакларни бақувват қилади, суяк тўқимасини мустаҳкамлайди, ҳаракатларни мувофиқлаштиришни ривожлантиради. Жисмоний фаолиятнинг бундай тури ҳаракатнинг энг хавфсиз тури ҳисобланиб, уни деярли ҳар бир киши — ўсмирдан тортиб, кекса одам ҳам бемалол бажаришга қодир.
Шунингдек, жорий йил май ойи давомида юртимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш тизими тасарруфидаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида ҳар ҳафтада сешанба куни – маҳаллаларда «Саломатлик майдончалари», чоршанба куни – мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларида «Биз тамакисиз ҳудуд учун овоз берамиз», пайшанба куни – жамоат жойларида «Саломатлик майдончаси», жума куни – маҳаллаларда «Соғлом овқатланиш ярмаркаси» каби тадбирлар уюшқоқлик билан ташкил этиляпти.
Мамлакатимиз бўйлаб ташкил этилган ушбу оммавий тадбирларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, юртимиздаги тиббиёт муассасалари шифокорлари, ҳудудлардаги ҳамкор ташкилотлар вакиллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.
Мавзуга оид
18:34 / 01.08.2023
Корея банки Ўзбекистонни тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳасига 74 млн доллар ажратади
09:27 / 31.07.2023
Тошкент тиббиёт академиясининг Чирчиқ филиали ташкил этилади
09:50 / 21.07.2023
АҚШ компанияси Ўзбекистон тиббиёт соҳасига сармоя киритишни режалаштиряпти
09:08 / 10.07.2023