18:40 / 19.05.2019
9389

Комил имоннинг шартларидан бири яхши сўзни гапиришдир

«Кун ҳадиси» дастурининг бугунги сонида тақдим этиладиган ҳадис мазмуни «Имон хислатлари», деб номланади. Бу мавзу ҳақидаги ҳадисни Ўзбекистон мусулмонлар идораси котибияти мудири Муҳаммадаюбхон Ҳамидов шарҳлаб берди.

Видео: YouTube

Видео: Mover (tas-ix)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, яхши гапни айтсин ёки сукут қилсин. Ким Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, қўшнисини ҳурмат қилсин. Ва яна ким Аллоҳга ва қиёмат кунига имон келтирган бўлса, меҳмонини икром қилсин».

Бу ҳадис Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қисқа сўзлар билан кўп маънони ўз ичига олган гапларидан. Ҳадиснинг аввалида Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом кимки имон келтирган бўлса, деган шартни айтмоқдалар. Бу ерда имон қиёматда нажот бўлиши назарда тутилган.

Бу ҳадис бир қанча нарсани ўз ичига жамлаган. Унда биринчидан, инсон феъли билан ижро этадиган ахлоқ, иккинчидан тили билан ижро этадиган ахлоқ назарда тутилган.

Инсонни дўзахдан қутқарадиган комил имоннинг шартларидан бири яхши сўзни гапиришдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаларга тилларини кўрсатиб «Мана шундан эҳтиёт бўлинглар», дедилар. Шунда саҳобийлар «Биз тилимиз туфайли ҳам дўзахга тушишимиз мумкинми?» деб сўрашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса: «Инсонларни юзтубан ҳолатда дўзахга улоқтирадиган нарса тилларидир», дедилар.

Top