Телеграмдаги Ислом молияси каналида жойлаштирилган мақолада тадбиркорлик фаолияти давомида таваккал қилиш ва шу таваккалнинг эвазига ўзига ва жамиятга бирор манфаат келтириши билан қимор ўйнаш, ўйламасдан гардкамига қарорлар қабул қилиш орқали пул топишга ҳаракат қилиш фарқи ҳақида сўз юритилиб, бу масала юзасидан исломда нима дейилгани очиб берилган.

Одамлар қадимдан қимор ўйнаб келишади, бугунги кунга келиб қимор ва шу каби ўйинлар кимларгадир катта даромад келтирувчи йирик бир тармоққа айланди. Қимор ўйнашга бўлган ишқибозлик инсон табиати билан боғлиқ. Гап шундаки, инсон бирор бир янги ишга қўл уриб таваккал (риск) қилганда, қимор ўйнаганда ёки бирор нарсага устида гаров ўйнаганда (масалан от пойгасида қайсидир отнинг ғалабасига пул тикканда, менинг «отим» ютармикин, қанча пул ютаркинман деб) жуда қаттиқ ҳаяжонланади. Натижани кутиш пайтидаги бу ҳаяжон инсонга ёқади ва кўпчилик кайфиятини кўтариш, янгича туйғуларни ҳис қилиш мақсадида қимор ўйнайди ва бора-бора шундай ҳаяжонсиз яшай олмайман, деб ўйлайдиган бўлиб қолади. 

Аммо, тадбиркорлик фаолияти давомида таваккал қилиш ва шу таваккалнинг эвазига ўзига ва жамиятга бирор манфаат келтириш бу ислом молиясига бевосита боғлиқ нарса бўлса, қимор ўйнаш, ўйламасдан гардкамига қарорлар қабул қилиш орқали пул топишга ҳаракат қилиш бу умуман бошқа-бошқа нарсалар.

Ислом ҳуқуқшунослари таваккал фақат 3 ҳолатда ўзини оқлайди деб ҳисоблашади:

 • Таваккал муқаррар (яъни уни қилмасликнинг иложи йўқ);

 • Таваккал арзимас даражада (яъни унинг даражаси катта эмас);

 • Таваккал атайлаб/қасддан қилинмаганда.

Биринчи ҳолат: фойда кўриш учун албатта таваккал қилинади, яъни у муқаррар;

Иккинчи ҳолат: хатарга рўбарў бўлиш ёки зарар кўриш эҳтимоли муваффаққиятга эришиш эҳтимолидан анча кам бўлиши керак;

Учинчи ҳолат: ҳар қандай иқтисодий амалиётнинг мақсади бирор-бир қийматга эга маҳсулот ёки хизмат (яъни бойлик) турини яратиш,бу эса албатта қандайдир даражада таваккал қилишни талаб қилади. Аммо, бирор бир қийматга эга маҳсулот ёки хизмат (яъни бойлик) турини яратишни кўзда тутмайдиган таваккалнинг ҳеч қандай маъниси йўқ.