Ўзбекистон | 11:27 / 19.05.2019
8192
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форуми бўлиб ўтмоқда

Айни кунларда Тошкент шаҳри Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчиларининг V форумига мезбонлик қилмоқда. 19 май куни Симпозиумлар саройида форумнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этмоқда.

Москва халқаро муносабатлар давлат институтига 1944 йилда асос солинган бўлиб, ўз фаолияти давомида халқаро мақомга эга кўплаб кадрларни етиштириб чиққан. Хусусан, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов, USM Holding асосчиси Алишер Усмонов, Россия маданият вазири В.Мединский, Мўғулистон ташқи ишлар вазири Д.Цогтбаатар, Словакия ташқи ишлар вазири М.Лайчак шулар қаторидандир.

Kun.uz мухбири хабар беришича, форумнинг очилиш қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи ўқиб эшиттирилди.

«Москва халқаро муносабатлар давлат институти битирувчилари замонавий фундаменталь билимлар ва кенг дунёқарашга эга ўз соҳасининг ҳақиқий профессионалларидир. Мазкур нуфузли таълим муассасасида 400дан зиёд ҳамюртимиз таҳсил олган. Жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкентда МХМДИнинг филиали очилиши катта аҳамиятга эга. Форум доирасидаги сессиялар минтақавий муносабатларнинг янада яхшиланиши учун туртки бўлади, деб умид қиламан», ─ дейилади давлат раҳбарининг нутқида.

Шунингдек, МХМДИ ректори Анатолий Торкунов томонидан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг нутқи ҳам ўқиб эшиттирилди.

«Бу йил Москва халқаро муносабатлар давлат институтининг 75 йиллик юбилейи муносабати билан битирувчиларнинг V форуми Тошкент шаҳрида ўтказилаётгани катта воқеадир. Бу воқеа мамлакатларнинг гуманитар ҳамкорлигини мустаҳкамлайди, деб ўйлайман», ─ дейилади унда.

Форумда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳам маъруза қилди.

«Москва халқаро муносабатлар давлат институти юқори нуфузли таълим муассасаси бўлиб, ҳозирда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Алишер Навоий номидаги тил ва адабиёт институти билан мустаҳкам алоқаларга эга. Мазкур институтнинг халқаро муносабатлар факультетида ўзбек тилининг ўқитилиши ҳамда ўзбек талабалари клубининг мавжудлиги ҳам аҳамиятлидир. МХМДИ филиалининг Тошкентда ўз фаолиятини бошлаши ҳам мамлакатда юқори малакали дипломатик вакилларнинг тайёрланишида муҳим рол ўйнайди», ─ дея таъкидлади вазир.

Форум доирасидаги сессияларда дунёнинг инвестицион харитаси, стратегик эмпатия ва хавфсизлик, халқаро имиж сиёсати мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

 

Мавзуга оид