Шавкат Мирзиёев Тошкентда амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 май куни Тошкент шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли инвестиция лойиҳалари тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
“Аввал берилган топшириқларга мувофиқ Тошкент шаҳрида амалга ошириш учун умумий қиймати 617 миллион АҚШ долларидан зиёд 19 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди. Аҳамиятлиси шундаки, ушбу лойиҳаларнинг барчаси саноат соҳасида бўлиб, улар натижасида 10 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади. Ҳар йили қарийб 1 миллиард долларлик бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, 290 миллион доллардан зиёд экспорт қилиш имконияти пайдо бўлади”, дейилади хабарда.
Лойиҳалар қўшилган қиймати ва маҳаллийлаштириш даражаси юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилган. Кенг турдаги маиший техникалар, лифт ва эскалаторлар, насослар, сув иситгичлар, қоғоз ва қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё воситалари, заргарлик ва шиша товарлари шулар жумласидандир.
Инвестор ва ташаббускорлар ўз лойиҳалари юзасидан тақдимотлар ўтказди. Ушбу корхоналар Тошкент механика заводининг ҳозирда фойдаланилмаётган бино ва майдонларида ташкил этилади. Улар 2019-2020 йиллар давомида ишга туширилади.
Президент ушбу лойиҳалар шаҳарнинг мавжуд инфратузилмасидан самарали фойдаланган ҳолда бозорбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, аҳолини иш билан таъминлаш жиҳатидан муҳимлигини таъкидлаб, уларни тезроқ ишга тушириш бўйича кўрсатмалар берди. Мутасаддиларга харидоргир саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати камида 1 миллиард доллар бўлган қўшимча лойиҳалар шакллантириш вазифаси қўйилди.
Мавзуга оид
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024
Тошкентда «закладчик»ни калтаклаган уч нафар шахс қўлга олинди
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024