Фан-техника | 12:53 / 21.05.2019
17667
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Huawei’га вақтинчалик енгиллик берди, Huawei асосчиси компания қудрати ҳақида маълум қилди

Фото: REUTERS/Tyrone Siu

АҚШ Савдо вазирлиги Хитойнинг Huawei компаниясига мавжуд тармоқларни сақлаб қолиш ва амалдаги мижозларга дастурий таъминот янгиланишларини тақдим этиш имконини берадиган вақтинчалик умумий рухсат тўғрисидаги маълумотни эълон қилди.

Вақтинчалик рухсатнома 19 августга қадар амал қилади.
 
АҚШ савдо вазири Уилбур Росснинг сўзларига кўра, вақтинчалик умумий рухсатнома «операторларга бошқа компаниялар билан ишлаш учун шартномалар тузишга вақт беради». Хитой компаниясига қарши чекловларни кечиктириш тўғрисидаги қарор Америка компаниялари учун кескин муаммо яратмаслик мақсадида қабул қилинган.

«Вақтинчалик умумий лицензия амалдаги алоқа тармоқларини ишлатишни давом эттириш ва мавжуд мобил алоқа хизматларини қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган айрим фаолият турларига рухсат беради, жумладан, коммуникация тармоқлари ва ускуналарининг яхлитлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш учун муҳим бўлган киберхавфсизлик соҳасида тадқиқотлар», - дейилади вазирлик баёнотида.

Ўз навбатида, Huawei асосчиси Жэнь Чжэнфэй АҚШ ўз ҳаракатлари билан компания қудратига етарлича баҳо бермаётганини таъкидлади.

«Биз бир йил олдин АҚШ томонидан ҳақиқий назоратни ҳис қилдик. Америкалик сиёсатчилар ҳозирги ҳаракатлари билан Huawei компанияси қудратини етарли даражада баҳолай олишмаяпти», - деди Жэнь Чжэнфэй сешанба куни Хитой матбуотига берган интервьюсида.

Рейтер агентлиги маълумотларига кўра, Google Huawei билан очиқ лицензияга эга бўлган барча воситалардан ташқари, асбоб-ускуналар, дастурий таъминот ва техник хизматлар соҳасида ҳамкорликни тўхтатди.

Мавзуга оид