2018/19 ўқув йилида абитуриентлар —  академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва мактаб битирувчилари турли дастур бўйича таҳсил олганликлари сабаб ОТМ қабул бўйича кутилаётган синовларда айнан қайси дарсликлар бўйича тест саволлари тузилиши бўйича саволлар кўпайди. Масалан, қайси ўқув режасига таяниб тестга тайёрланишлари керак? Кўпчилик ўқитувчи ва репетиторларнинг ўзлари ҳам «ўқувчим имтиҳонда билмай қолмасин»  деган шубҳа ва тахминларга асосланиб, баъзи талаб этилган дарсликларга қўшимча, бошқа таълим муассасасининг дарсликларини ўқитишга ёки ўрнига ўрта махсус таълим муассасасининг дарслигини ўқитишга мажбур бўлишяпти.

Вазият шундай экан, абитуриент ўзи кирмоқчи бўлган олий таълим муассасаси мутахассислик фани бўйича барча ўрта махсус дарсликларини ўқиб чиққан бўлиб, лекин имтиҳон пайти маълумотлар хилма-хиллигига учраса, қайси жавобни белгилаши керак бўлади? Имтиҳонгача оз вақт қолган бўлса-да, ҳалигача баъзи фанлардан тест саволлари тушиш ёки тушмаслиги ҳақида аниқ маълумот йўқ бўлса, имтиҳонда абитуриент тайёрланмаган фанидан савол тушиб қолса, у дардини кимга айтади?

Ушбу ноаниқ бўлган қарашлар ва муаммоларни ўрганиш учун ўрта махсус таълим муассасаларидаги ўқитувчи, ўқув марказларидаги репетитор ва турли таълим муассасалари битирувчилари фикри билан қизиқдик.
«Дипломат»  ўқув марказининг биология фани ўқитувчиси Илҳомжон Ғуломов:

«10-, 11-синфлар учун янги дарсликлар нашр этилганлиги сабабли ўқувчи-абитуриентларда тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Биз ўқитувчилар қайси китобни ўқитишга ўйланиб қоляпмиз. Давлат тест марказининг хабарларига кўра, барча дарсликлар яъни, касб-ҳунар коллеж, академик лицей ва мактаб ўқув қўлланмаларидан тест саволлари тузилади. Биология фанидан академик лицей ва коллежларга битта дарслик тақдим этилган бўлиб, шуларни ўқитамиз, лекин мактаб ўқув қўлланмаси ҳали янги бўлганлиги учун ундан савол тушмаса керак, деб тахмин қиляпмиз. Шу фаннинг ўн-ўн биринчи синф дарслигининг баъзи жойларга янги қўшимча ва ўзгартиришлар киритилган бўлиб, агар лицей ўқувчисига мактабдан савол тушиб қолса ва ўқувчига таниш бўлмаса,унда бизнинг айбимиз бўлиб қолади, деб иложи борича ўша ўзгартиришларни ҳам қўшиб ўқитишга ҳаракат қиляпмиз. Шундан ўзимиз ҳам хавотирдамиз, чунки аниқ маълумотга эга эмасмиз, бу томонда имтиҳонга оз вақт қолди».  

Жавлон Тошбоев, тарих фанидан ўқитувчи:

«Ўқувчиларимга иккала китобнинг кесишган бир хил жойини белгилаб ўқитяпман. Иккита дарслик китобларини бир хил бўлган маълумотларини ўзим белгилаб чиқиб, алоҳида дастур тайёрлаганман ва шундан дарс ўтаман. ДТМ раҳбари Мажид Каримов шу муаммо бўйича саволга, академик лицей, касб-ҳунар коллеж ва мактаб дарсликларининг ҳар биридан алоҳида ажратиб тузишга имкон йўқ, лекин тестлар барча дарсликларнинг кесишган, яъни ҳамма дарсликларда мавжуд бўлган маълумотлардан тест саволлари тузилади, деган эди. Лекин бу ҳақида расмий маълумот берилмаган.