Ўзбекистон | 16:22 / 22.05.2019
4628
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви бўлиб ўтмоқда

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг Контейнерда ташувлар устидан назорат Глобал дастурининг олтинчи йиллик минтақалараро учрашуви ўз ишини бошлади.

Учрашувда Афғонистон, Грузия, Озарбайжон, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Украина, Қирғизистон, Қозоғистондан божхона соҳасининг турли даражадаги раҳбарлари ва нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.

Мазкур Глобал дастури 2004 йилдан ишга туширилган бўлиб, унга аъзо давлатларнинг тегишли денгиз ва қуруқлик портларида ҳуқуқни ҳимоя қилишнинг барқарор механизмларини жорий этиш орқали наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, трансмиллий уюшган жиноятчилик ва ноқонуний фаолиятнинг бошқа шаклларини амалга оширишда контейнер ташувларидан фойдаланишнинг олдини олиш ҳамда бир вақтнинг ўзида қонуний савдога кўмаклашишни назарда тутади.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Глобал дастурга кўра, унга аъзо давлатларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар вакилларидан иборат Порт назорати гуруҳлари ташкил этилган. Айни пайтда дунёнинг 56 та мамлакати, шу жумладан Марказий Осиё давлатлари ушбу дастур иштирокчилари ҳисобланади. Ҳозирда яна 6 та мамлакат ушбу дастурга қўшилиш юзасидан ўз қизиқишларини билдирган.

Ўзбекистонда мазкур лойиҳа “Марказий Осиё+Озарбайжон” сегменти доирасида      2014 йилдан бери амалга оширилмоқда. Глобал дастур доирасида Давлат божхона қўмитасининг “Ангрен”, “Чуқурсой Техник назорат”, “Олот”, “Яллама” каби бир қатор божхона постларида Порт назорати гуруҳлари ташкил қилинди.

Мавзуга доир яна бир жиҳат шундаки, Ўзбекистон Республикасида божхона постларини катта ҳажмдаги сканер қурилмалари билан жиҳозлаш ишлари узлуксиз равишда ва босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.

Мазкур қурилмалар автотранспорт воситалари ёки темир йўл вагонларини уларнинг ичидаги юкларни туширмасдан туриб, бир неча дақиқа ичида текшириш ва сканерлаш имконини беради. 

Ундан тараладиган рентген нурлари кўмагида 200 мм.гача қалинликдаги пўлат ортидаги буюмларни ҳам кўриш, натижада, контейнер ичидаги товарларнинг ҳужжатларга мослигини текшириш, контрабанда предметлари бор-йўқлигини назорат қилиш мумкин.Бу эса ўз навбатида божхона кўриги самарадорлигини янада ошириб, божхона кўриги учун кетадиган вақтнинг сезиларли даражада қисқаришига хизмат қилади.

Инспекцион-кўрик мажмуасини самарали қўллаш, контейнерларни тўлақонли божхона кўригидан ўтказиш божхона ходимларидан зарур касбий малака талаб этади. Шу мақсадда халқаро дастур доирасида божхона ходимлари ContainerCom ахборот тармоғи орқали ўқув курсларида иштирок этиб, малака ошириб келмоқдалар.

Лойиҳа доирасида шу вақтга қадар давлат божхона хизмати органлари иштирокида республикамизда ва хорижда 39 маротаба турли учрашувлар, шу жумладан, 13 маротаба тренинглар ташкил қилинди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси ахборот хизмати

Ниҳоят тадбирнинг кульминацион нуқтаси. Томонлар Минтақалараро тармоқ ташкил қилиш бўйича ўзаро англашув Меморандумини имзолашди.

Мазкур меморандум контейнерда ташувлар устидан назорат қилиш соҳасида миллий салоҳиятни ривожлантириш учун техник ёрдам кўрсатишда, наркотик модаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашда минтақавий ва минтақалараро ҳамкорликни фаол қўллаб-қувватлашда, минтақавий операцияларни ташкил этиш, ўтказиш ҳамда юқори хавфли товарлар бўйича ўзаро ахборот алмашинувида муҳим роль ўйнайди.

Мавзуга оид