10:55 / 23.05.2019
3942

Молия вазирлиги ички бозорда давлат облигацияларига ишонч борлигини қайд этди

Халқаро ва ички давлат қимматли қоғозларининг нархлари ошишни давом этмоқда, дея хабар беради Молия вазирлиги.

Жорий йилнинг апрель-май ойларида Давлат қимматли қоғозларининг нархлари ташқи ва ички молия бозорларида ошишни (фоиз ставкалари мос равишда пасайишни) давом этди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг суверен халқаро облигациялари жаҳон молия бозорларида ўз номинал қийматида ёки ундан юқори даражада (премия билан) савдо қилинди.

Жумладан, жорий йилнинг 21 май куни республиканинг 5 ва 10 йиллик суверен халқаро облигацияларининг нархи иккиламчи бозорда ўз номинал қийматига нисбатан 101,723 фоиз ва 102,025 фоизни (даромадлилиги 4,343 фоиз ва 5,107 фоиз) ташкил этди.

Қайд этилишича, Давлат қимматли қоғозларининг нархлари ҳам маҳаллий молия бозорларида ўз рекорд кўрсаткичларини янгилади. 

Хусусан, 2019 йилнинг 22 май куни 18 ой муддатли Давлат қимматли қоғозларини бирламчи бозорда жойлаштириш бўйича Ўзбекистон Республика валюта биржасида ўтказилган электрон савдолари натижасида:

- Давлат қимматли қоғозларининг ўртача тортилган даромадлилиги 10,04 фоизни (ўртача нархи ўз номинал қийматига нисбатан 106,45 фоиз) ташкил этди;

- аукцион якунида Давлат қимматли қоғозларининг сотиб олиш бўйича қабул қилинган буюртмалар сони таклифга нисбатан 3 баравар кўп бўлди. 

Ички молия бозорларидаги савдо натижалари минимал рискка эга бўлган молиявий инструментларга талабнинг юқори даражада эканлигини ҳамда молия бозори иштирокчилари томонидан Давлат қимматли қоғозлари юқори ликвидли ва ишончли инвестиция инструменти сифатида эътироф этилаётганидан далолат беради, дейилади хабарда.

Билдирилишича, халқаро ва ички инвесторлар томонидан билдирилаётган қизиқишнинг юқори эканлиги ва молия бозорлари иштирокчиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, келгусида Давлат қимматли қоғозларини эмиссия қилишда уларнинг муддати ва ҳажми жиҳатдан диверсификациялаш амалиёти Молия вазирлиги томонидан давом эттирилади.

Шу билан бирга, Давлат қимматли қоғозларини чиқариш ички давлат қарзини самарали бошқаришни таъминлаш вазифалари ҳамда молия бозорларидаги конъюнктурадан келиб чиқиб амалга оширилади ва Марказий банк билан мувофиқлаштириб борилади. 

Top