Иқтисодиёт | 10:07
606
2 дақиқада ўқилади

Чет эл валютасида облигация чиқаришга рухсат берилди

Адлия вазирлиги Капитал бозори соҳасидаги «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасида ифодаланган облигацияларни чиқариш ва жойлаштириш тўғрисидаги идоравий ҳужжатни давлат рўйхатидан ўтказди.

Ҳужжатга кўра, чет эл валютасида ифодаланган облигациялар – номинал қиймати ва даромади чет эл валютасида ифодаланган облигация эгасининг облигациянинг номинал қийматини ва эмиссия рисоласида назарда тутилган даромадни олиш ҳуқуқини тасдиқловчи эмиссиявий қимматли қоғоз ҳисобланади.

Ўзбекистон резиденти ва «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими иштирокчиси бўлган ҳамда йиллик молиявий ҳисобот бўйича мустақил аудиторлик ташкилотининг ижобий хулосасига эга бўлган юридик шахслар чет эл валютасидаги облигацияларни чиқариши мумкин.

Бунда, 1 та эмитент томонидан валюта облигациялари чиқарилишларининг умумий суммаси 50 млн АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги зарур.

Валюта облигациялари таъминланган ёки таъминланмаган ҳолда чиқарилиши мумкин.

Валюта облигацияларини таъминотсиз чиқаришга уларни чиқариш тўғрисида қарор қабул қилинган санадаги эмитентнинг ўз капитали миқдори доирасида йўл қўйилади. Эмитентнинг ўз капитали миқдоридан ошиб кетган тақдирда, эмитент валюта облигацияларини таъминотсиз чиқариш учун ошиб кетган сумма миқдорига таъминот тақдим этиши шарт.

Валюта облигацияларини чиқариш, жойлаштириш ва уларнинг муомаласи, шунингдек валюта облигацияларининг даромадларини тўлаш ва сўндириш устидан назорат Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан амалга оширилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид