19:06 / 30.05.2019
14774

80 яшар отахон ҳажга кета олмай овора. Бунга ким айбдор?

Ҳар йили Ўзбекистондан минглаб фуқаролар ҳаж сафарига бориб, Ислом динининг фарз амалларидан бири бўлган ибодатни адо этиб келишмоқда. Давлат раҳбари томонидан бу борада кенг имкониятлар яратиб берилаётгани, квоталар сони йилдан-йил оширилаётгани билан бир қаторда, фуқароларнинг ҳаж сафарига рухсат олиши билан боғлиқ баъзи масалаларда ҳамон турли муаммолар учрамоқда.

Шундай муаммолардан бири меҳнат фахрийси, 80 ёшдан ошган Абдукарим Азларходжаев билан рўй бермоқда. У ҳажга боришни ният қилиб, 2014 йилнинг январь ойида ўзи яшайдиган Шайхонтоҳур тумани, «Шайхонтоҳур» маҳалла фуқаролар йиғинига ариза берган эди. У икки йил ўтгач Тошкент шаҳрининг Олмазор туманига, набирасининг хонадонига кўчиб ўтади.

Доимий яшаш манзили ўзгарган А.Азларходжаев «Шифокорлар» маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилганида, маҳалла раиси «Қоидага кўра, навбатда турган маҳаллангиздан ҳажга борасиз», деб унинг исм-шарифини тегишли рўйхат дафтарига киритмаган.

Шундан сўнг, А.Азларходжаев эски маҳалласига, яъни Шайхонтоҳур тумани «Шайхонтоҳур» МФЙга мурожаат қилганида, маҳалла раиси Ниғмат Раимжонов «Мен сизни қандай ҳажга юбораман, Олмазор туманида рўйхатда турсангиз!», деб гапни қисқа қилган.

Шу йилнинг март ойида «наҳотки бу масаланинг ечими бўлмаса», деб Абдукарим ака билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасига бордим. Навбатимиз келганида, идора қоровули биздан «Нима гап, нима хоҳлайсизлар?», деб сўради. Дардимизни айтсак, қоровул йигит «ҳаж сафарига бориш билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиш маҳалла фуқаролар йиғинлари ва маҳаллий ҳокимликларга берилган», деб ушбу идораларга мурожаат қилишимизни тавсия қилди. Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Олмазор туман кенгашида эса котиба қизнинг «яхшиси, ариза ёзинглар», деган маслаҳатинигина эшитдик.

Абдукарим Азларходжаев апрель ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Тошкент шаҳар ҳокимига аризалар йўллаган.

Дастлабки жавоб хати Диний қўмитадан келади. Унда таъкидланишича, «Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Маҳалла» жамғармаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамкорликда ҳаж ва умра зиёратларига бориш истагида бўлган фуқаролар рўйхатини холисона ва ижтимоий адолат мезонлари асосида шакллантиради ҳамда муқаддас ҳаж зиёратини ташкил килишда белгиланган тартибга қатъий амал қилади». Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли Қарорининг 4-бандида: «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларига бориш учун навбатда турган зиёратчиларнинг доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, уларнинг аввалги манзили бўйича навбати сақланиб қолиши белгилаб қўйилсин», деган таҳририга мувофиқ ҳаж зиёратига борувчилар рўйхати шаклланади.

Кўриб турибсизки, қоғозда бир гап, амалда эса бошқа

Ўша кезда А.Азларходжаевга Олмазор туманидаги «Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши» бошқарув раисининг диний-маърифий масалалари бўйича ўринбосари, ўзини Ҳикматов Самуғ Сабирович деб таништирган киши телефон қилиб, бизни идорасига таклиф қилди.

Очиғини айтсам, олдинига жуда ҳам қувониб кетдик. «Мана, ниҳоят, масала ҳал бўлади, тайёргарлик кўраверинг», деб Абдукарим акани табрикладим ҳам. С.Ҳикматов билан салом-аликдан кейин, А.Азларходжаев ёзган аризаларни, шу билан бирга, меъёрий ҳужжатларни олиб, бизга бирма-бир ўқиб берди. Суҳбат якунида у киши бир варақ қоғозни А.Азларходжаевнинг қўлига тутқазиб, «Бошқа арзим йўқ», деб ёзиб берасиз, деди. «Масала ҳал бўлмаган бўлса, нега ёзиб берамиз?!», деб таажжубланиб, ҳеч нарса ёзмасдан хайрлашдик.

Шу воқеадан кўп ўтмай Олмазор туман ҳокимидан жавоб хати келди. Энг қизиқ жойи шундаки, бу жавоб хатида фуқаро Г.Зоидова фамилияси кўрсатилган эди. Шундан аён бўлдики, шунга ўхшаган хатларнинг матни тайёр, уларнинг ҳаммаси нусха кўчирилган ҳолда аризачиларга юборилмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари котибиятида раҳбарият қабулига ёзилгандан буён А.Азларходжаев ҳеч қандай янгилик олгани йўқ.

Савол туғилади: пойтахтда яшаб, беш йилдан бери ҳаж сафарига бора олмаётган 80 ёшли отахон додини кимга айтсин? Қолаверса, бошқалар, минглаб юртдошларимиз ҳаж сафарига қандай тартибда боришяпти? Ўзбекистон Президентининг ҳаж сафари масалаларига доир қарор ва фармойишларида қатор давлат ва жамоат ташкилотлари кўрсатилган. Лекин уларнинг биронтаси бу масалани ҳал қилиб бермаса, буни қандай тушуниш мумкин?

Тошкентда идорама-идора сарсон бўлиб юрганимизда, қўшни мамлакат билан тижорат ишлари олиб борадиган бир дўстимиз «келинглар, мен Абдукарим акани Чимкент орқали ҳажга жўнатаман, фақат паспортини берсангиз бўлди», деб қолди. Абдукарим ака эса «Йўқ-йўқ, Худо ўзи қачон чақирса, ўшанда, албатта, ўз юртимдан бориб келаман муборак сафарга», деб бу таклифни рад этди.

Бугун мамлакатимизнинг барча соҳалардаги камчиликлар бирма-бир ҳал этилиб, мавжуд муаммолар ҳал этилмоқда. Адолат мезонлари ўрнатилмоқда. Ўйлаймизки, А.Азларходжаев муаммоси ҳам адолатли ечим топади. Биз эса, яхши ният-ла, воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

Раҳимжон СУЛТОНОВ

Top