Ўзбекистон | 22:24 / 03.06.2019
14826
2 дақиқада ўқилади

“Терминатор” фильми продюсери Ўзбекистонда Голливуд блокбастерини суратга олади

Фото: Facebook /uzbekistanfilmcommission

Америкалик таниқли кинопродюсер Лоуренс Алан Касанофф Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси аъзолари ҳамроҳлигида навбатдаги фильми учун суратга олиш жойларини танлаш мақсадида Самарқанд, Бухоро ва Тошкентни кўздан кечирди.

Касанофф иштирокидаги Голливуд блокбастери Ўзбекистонда суратга олиниши кутилмоқда.

Миллий кинокомиссия ўз зиммасига Ўзбекистон шаҳарларида суратга олиш жараёнини ташкиллаштириш бўйича мажбуриятларни олган ва америкалик киноижодкорлар гуруҳига суратга олиш вақтида ҳамроҳлик қилади. 

Касанофф Mortal Combat франшизаси асосчиси ва “Терминатор”, “Лего – юлдузлар жанги” фильмлари продюсери сифатида маълум. У “Терминатор 2” фильмига продюсерлик қилгани учун АҚШ киноакадемияси мукофоти билан тақдирланган. Касанофф, шунингдек, режиссёр Жеймс Кэмерон суратга олган ва бош ролни Арнольд Шварценеггер ўйнаган “Ҳақиқатга ўхшаш ёлғон” фильмининг ижрочи продюсери ҳисобланади. У 1990 йилда Кэмерон билан биргаликда асос солинган “Lightstorm Entertainment” кинокомпанияси ҳамтаъсисчисидир. Бу компания “Титаник”, “Аватар” каби жаҳоншумул фильмларни продюсерлаштириш билан шуғулланган. Касанофф 200 дан кўпроқ фильмнинг яратилишида иштирок этган.  

Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан Ёшлар иттифоқи, “Ўзбеккино” миллий агентлиги ва Кинематографияни ривожлантириш маркази билан ҳамтаъсисликда 2018 йилда ташкил этилган. Ташкилот кинотуризмни ривожлантириш, хорижий кинокомпанияларга Ўзбекистон ҳудудида киномаҳсулотларни ишлаб чиқаришда ташкилий, ишлаб чиқариш-техник ёрдам кўрсатиш, мамлакатдаги кинолокацияларнинг хорижда илгари сурилиши учун масъул ҳисобланади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид