Жамият | 22:51 / 26.12.2022
34208
7 дақиқада ўқилади

Голливуд юлдузининг буюк муҳаббати

“Гаровдагилар” фильми орқали ўзбек томошабини учун ҳам таниш бўлган машҳур актёр Лиам Нисон буюк садоқат соҳиби сифатида тилга олинади. У 13 йилдан буён эҳтиётсизлик сабаб юқоридан йиқилиб, вафот этган турмуш ўртоғининг хотираси билан яшамоқда.  

Фото: Getty Images

Лиам Нисон бир қарашда совуққон ва қўпол бўлиб кўрингани билан у ҳар қандай ёшда ҳам ўз кўркам ва хушбичимлигини йўқотмаган. Одатда, бундай инсонлар ҳамиша кўнгилочар матбуотнинг “нишон”ида бўлиб келишади: турли хил аёллар, бир нечта никоҳ, бири-бирини танимайдиган фарзандлар... Аммо Лиам бу каби фазилатлардан йироқ бўлиб, ўз шахсий ҳаётини бошқалардан қатъий ҳимоя қилиб келади.

Бахт четлаб ўтган оилавий ҳаёт

Унинг аёллар билан муносабати деярли қулоққа чалинмаган. 1981 йилда актриса Ҳелен Миррен билан оила қурган актёр етти йиллик муносабатларига барҳам бериш учун арзирли сабаб ҳам келтирмайди. Иккала актёр ҳам йилдан-йилга кино оламини забт этиб, муваффақият пиллапояларидан илдамлаб боришди. Аммо доимий бандлик, карьера қилиш машаққати ва уйдан ташқарида кечган умр бу оиланинг парчаланишига сабаб сифатида кўрсатилади.

Аммо бу мавзу ҳам ортиқча эътиборни тортмасдан, 1988 йилдаёқ кенг омма муҳокамасидан ғойиб бўлди.

Лиам Нисон ва Ҳелен Миррен
Фото: Getty Images

Ишқ – чегараларни тан олмайди

1993 йилда гўзал ва латофатли актриса Наташа Ричардсон Нисоннинг эътиборини тортади. Бу вақтда у Бродвейда фаолият юритаётган бўлиб, Наташанинг шўх табассуми, ҳеч кимсага ўхшамаган феъл-атвори Нисонни ўзига мафтун этади. Актриса ўзидан 11 ёш кичик, бунинг устига режиссёр Роберт Фокс билан никоҳи бўлишига қарамасдан, Нисон унинг муҳаббатини қозониш учун бир йил вақт сарфлайди. Ниҳоят, ҳеч бир тўсиққа қарамасдан, Наташа Нисоннинг севгисини қабул қилади.

Узоқ кутилган лаҳзалар

Қарийб бир йил давом этган Наташанинг ажралиш жараёни тугаши биланоқ, икки машҳур жуфтлик янги оила қурганликларини кенг оммага эълон қилишди. Шу кундан бошлаб, матбуот ва интернет тармоқлари бу оила ҳақида фақат ва фақат яхши янгиликлар билан бўлиша бошлади. Дастлаб, кўзни қувонтирадиган жуфтликнинг биринчи фарзанди дунёга келди. Унга Майкл Ричард Антонио Нисон деб исм беришди.

Наташа Ричардсон ва Лиам Нисон
Фото: Getty Images

Бир йилдан сўнг иккинчи бор ота-оналик мақомига эга бўлган Нисон ва Наташа бу сафар ҳам паҳлавон ўғилни бағрига босишди. Унга Даниел Жек Нисон деб исм қўйишди. Бу галги турмушда бахт топган Наташа ва Нисон иш ва оилавий муносабатларни бирлаштиришга муваффақ бўлишди. Ана шу йиллар оралиғида Наташа “Ота-оналар учун тузоқ”, “Хизматкорнинг Роббиси”, “Инглиз сартароши” ва шу каби ўнлаб фильмларда бош ролларни гавдалантирган бўлса, Лиамнинг карьераси янада самарали бўлди. “Юлдузли жанглар”, “K-19”, “Нью-Йорк тўдалари”, “Самовий қироллик”, “Бетмен: бошланиш” каби машҳур фильмларда такрорланмас роллар ижро этишга эришди. Эҳтимол Наташа ҳам бундан юқори муваффақиятга эришиши мумкин эди, аммо у ўз хоҳишларидан оиланинг манфаатларини устун қўйди.

Бахтсиз тасодиф

Ҳеч ким бахтсизликдан кафолатланмаган. Бахт кутилмаганда келгани каби бахтсизликнинг ҳам қачон “меҳмон” бўлишини олдиндан айтиб бўлмас экан. Ана шундай тасодифлар бу оилани ҳам четлаб ўтмади.

2009 йилда турмуш қурганликларининг 15 йиллиги муносабати билан Канададаги чанғи курортига боришади. Ана шу саёҳат кунларининг бирида Наташа баландликдаги трассага шлем (бош кийим)сиз чиқади. Эҳтиётсизлик сабаб юқоридан йиқилиб тушган Наташа бошидан қаттиқ жароҳат олади. Шифокорлар ташқи белгиларга қараб, ундан бирор жиддий аломатлар йўқлигини қайд этди. Сабаби актриса ўзини яхши ҳис қилаётган эди.

Афсуски, ортга қайтмас жараён аллақачон бошланган, мияда катта томирдан қон кетаётган эди. Орадан икки соат ўтиб, актриса ўзини ёмон ҳис қила бошлади ва тўсатдан кома ҳолатига тушиб қолади. Уни зудлик билан шифохонага олиб боришади. Икки кун ўтгач, Наташада ҳаётий белгилар буткул йўқолиб қолади. У вафот этган эди.

Лиам Нисон энг қийин ва даҳшатли қарор қаршисида қотиб қолади. У севимли аёлини ҳаёт билан боғлаб турган ускунани узиб қўйишга розилик берди. Наташа Ричардсон 45 ёшда эди.

Фото: Reuters

Марҳумани ватанига олиб кетишдан аввал яна бир муҳим қарор қабул қилишга тўғри келди. Унинг органларини оғир аҳволдаги беморларга трансплантация қилишга розилик билдирилди.

Видолашув

Актрисани Нью-Йоркка дафн этиш учун олиб келишади. Бу ерда унинг оила аъзолари, ҳамкасблари ва дўстлари бор эди. Дафн маросими ҳам кўплаб таниқли шахслар иштирок этганлиги билан кўпчиликнинг ёдида қолган. Кейинчалик актрисанинг қабри устига унинг мармар ва бронзадан ясалган ёдгорлик ҳайкали ўрнатилди. Ёдгорликда актриса тиззалаган ҳолда сув тўлдирилган идишни ушлаб тургани тасвирланган.

Фото: Getty Images

Орадан вақтлар ўтиб, бир журналист рафиқасининг ўлими ҳақида савол берганида Нисон табассум қилди ва қўлини силкиди. Аммо ҳис-туйғулари ҳақида бир оғиз ҳам сўз айтмади. 2016 йилдагина у ўзининг Фасебоокдаги саҳифасида шундай сатрларни ёзиб қолдирди:

“Рафиқам кутилмаганда вафот этди. Аммо у менга жуда кўп қувончли кунларни ҳадя этиб улгурди. Биз жуфтларимиз ёнимизда эканлиги учун миннатдор бўлишимиз керак. Чунки бир кун келиб унинг исми ёзилган рақамдан қўнғироқ бўлмай қолиши мумкин. Мен тушуниб етган энг буюк ҳақиқат шундаки, ҳар кунингизни умрингизнинг сўнгги куни каби яшанг ва севинг. Чунки бир кун шундай бўлади”.

Садоқатнинг буюк соҳиби

2009 йилда Нисон 57 ёшни қарши олган эди. Голливуд меъёрларига кўра, Нисон бева ва айни “куёв” бўладиган паллада эди. Унинг тенгдошлари “ишқ ўйинлари”нинг энг юқори чўққисига чиққан ва ўзларидан анчайин ёш аёлларга уйлана бошлашган бўлса-да, Лиам вафот этган хотинининг хотирасига содиқ қолди. Шунча йил ўтган бўлса-да, у бирор аёл билан кўриниш бермаган ва миш-мишлар ўқига учрамай келмоқда.

Махсума Оққўзиева тайёрлади.

Мавзуга оид